Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Ижара тўлови бекор қилинган ёки камайтирилганда ҚҚС бўйича солиқ оқибатлари
Карантин даврида кўп ижарага олинган майдонлардан ноилож фойдаланилмаяпти ёки қисман фойдаланилмоқда. Шу муносабат билан баъзи ижарага берувчилар ён бериб, ижарага олувчилар билан ижара тўловини тўхтатиб туриш ёки унинг миқдорини камайтириш тўғрисида келишиб олишмоқда. Бу қандай солиқ оқибатларига олиб келиши мумкинлиги хусусида «Норма» эксперти Ирина АХМЕТОВА гапириб берди:
- Юзага келган шароитларда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлганлар томонидан давлат мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловларини ҳисоблаш ва ундириш тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилинди . Бошқа ижара мажбуриятлари бўйича (давлат мулкига тегишли бўлмаган) ижара шартларини ўзгартиришнинг қуйидаги вариантлари мавжуд:
- ижара тўловини бўлиб-бўлиб тўлаш ёки кечиктириш;
- ижара тўловини вақтинча камайтириш;
- кейинчалик қарздорлик тўлиқ сўндирилмагунча уни муайян даврга ошириш билан – карантин вақтида ижара тўловидан бутунлай ёки қисман озод қилиш кўринишида “ижара таътили”;
- муайян муддатга ёки карантин даврида ижара тўловини тўхтатиб туриш.
Ижарага олувчи билан ўз келишувингизни ижара шартномасига қўшимча келишув билан – шартнома шартларини ўзгартириш сабабларини кўрсатган ҳолда расмийлаштиринг.
Ижарага берувчида ҚҚС: ижара тўловини камайтириш
Солиқ кодексида ҚҚС бўйича солиқ базаси битим тарафлари қўллаган нархдан келиб чиқиб аниқланиши назарда тутилган. Бунда солиқ органлари, агар битимнинг нархи товарларнинг (хизматларнинг) бозор қийматидан паст ёки юқори бўлса, солиқ базасига тузатиш киритишга ҳақли.
Солиқ тўловчи бундай қарор юзасидан битимнинг нархи бозор нархларига мувофиқлигини ва солиқ тўлашдан бўйин товлашга қаратилмаганлигининг асосларини тақдим этиш йўли билан низолашишга ҳақли .
Ижарага олувчи билан келгусида ўзаро фойдали ҳамкорлик қилиш истаги ижарага берувчи учун иқтисодий фаолиятнинг жорий шароитларида ижара тўловини камайтириш учун далил бўлиб хизмат қилиши мумкин. Ахир карантин даврида кўпроқ ёки ҳеч бўлмаганда шунча тўлайдиган мижоз топиш эҳтимоли катта эмас. Асосийси – ҳаммасини ҳужжат билан расмийлаштиринг. Масалан, ижарага олувчининг ижара тўловини камайтириш тўғрисидаги талабнома-хати, ижарага берувчининг нарх сиёсати, иқтисодий ҳисоб-китоблар, ижара тўловини камайтириш тўғрисидаги буйруқлар ва ҳ.к. асос бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Ижарага берувчида ҚҚС: ижара тўловини ҳисоблашни тўхтатиб туриш
Ижара тўловини ҳисоблашни тўхтатиб турган ижарага берувчида ҚҚС бўйича солиқ оқибатлари ижарага олувчи ҳақиқатда бинодан фойдаланаётганлиги ёки фойдаланмаётганлигига боғлиқ.
Агар у ижарага олинган бинодан тўлиқ ёки қисман фойдаланишда давом этаётган бўлса, бироқ бунда ижарага берувчи билан келишган ҳолда ижара учун ҳақ тўламаётган бўлса, ижарага берувчи учун бу бепул хизмат кўрсатиш сифатида ҳисобланиши мумкин.
Бепул хизматлар кўрсатиш, жумладан мол-мулкдан бепул фойдаланиш реализация қилиш бўйича ҚҚС солинадиган айланма ҳисобланади . Шундай бериш иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайдиган ҳоллар мустасно ҳисобланади.
Бепул хизматлар кўрсатиш қуйидаги шартлардан ҳеч бўлмаганда бирига риоя этилганда иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайди деб эътироф этилади:
- даромад олишга қаратилган фаолиятни амалга ошириш мақсадида ишлаб чиқарилган бўлса;
- шундай тадбиркорлик фаолиятини сақлаш ёки ривожлантириш учун зарур бўлса ва харажатларнинг тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқлиги асослантирилган бўлса;
- бепул хизматлар кўрсатиш қонун ҳужжатларининг қоидаларидан келиб чиқса.
Шу тариқа, бепул ижара бўйича ҚҚС тўлашни олдини олиш учун ижарага берувчи солиқчилар олдида “ўзини оқлаши”, яъни – юқорида санаб ўтилган учта шартдан бири мавжудлигини исботлаши лозим бўлади. Акс ҳолда ҚҚСни ижаранинг бозор қийматидан келиб чиққан ҳолда тўлашга тўғри келади .
Ижарага берувчи ва ижарага олувчи ижара тўловларини ҳисобламаслик ва тўламасликлари ҳақида келишувга эришган бўлса, бунда ижарага олувчи карантин даврида ўз фаолиятини тўхтатган ва ҳақиқатда бинодан фойдаланмаётган бўлса, солиқ оқибатлари юзага келмайди .