Кечиктириб олинган ҳисобварақ-фактуралар қандай акс эттирилади

preview

1. Корхона ҳисобварақ-фактураларни етказиб берувчилардан кечиктириб олади. Масалан, июндагини – сентябрда. ҚҚС бўйича ҳисоботда улар қай тартибда акс эттирилади? Уларни ҳисоботда  расмийлаштирилган ойда (масалан, июнда) акс эттириш, бунда барча кейинги ойлар учун (июнь, июль, август) ҳисоботни қайта топшириш зарурми? Ёки бундай ҳисобварақ-фактураларни ҳақиқатда олинганда – сентябрда акс эттириш мумкинми?

-  Агар ҳисобот ойи учун ҳисобварақ-фактура сизга кечикиб тушса, кейинги ой учун ҳисобот топширишдан олдин уни олдинги ой учун қайта топширинг ва унга ушбу ҳисобварақ-фактураларни киритинг.

Вазият
ҚҚС бўйича ҳисоботда ҳисобот топширилгандан кейин олинган ҳисобварақ-фактураларни акс эттириш
15% ставка бўйича ҚҚС тўловчи корхона 25 август куни ДСИга июль ойи учун ҚҚС бўйича ҳисобот жўнатди. Унга ҳисоботни жўнатиш пайтида етказиб берувчилардан олинган июль ойи учун барча ҳисобварақ-фактуралар киритилди. 27 август куни омборчи июль ойида олинган ТМҚ учун яна битта ҳисобварақ-фактурани бухгалтерияга тақдим этди. Ушбу ҳисобварақ-фактура бўйича ҚҚСни ҳисобга олиш учун корхона июль ойи учун қайта ҳисоб-китоб топшириши ва ўтказиб юборилган ҳисобварақ-фактурани июль ойи сотиб олиш реестрига киритиши керак.
Вазият
ҚҚС бўйича ҳисоботда ўтган йилда етказиб берувчи томонидан юклаб жўнатилган товарлар бўйича жорий
йилда олинган ҳисобварақ-фактураларни акс эттириш 15% ставка бўйича ҚҚС тўловчи корхона 25 февраль куни ДСИга жорий йилнинг январь ойи учун ҚҚС бўйича ҳисобот жўнатди. 27 февраль куни омборчи ўтган йилда олинган ТМҚ учун ҳисобварақ-фактурани бухгалтерияга топширди. У ноябрь ойи учун ҳисоботга киритилмаган эди, сабаби етказиб берувчи уни вақтида расмийлаштирмаган. Мазкур ҳисобварақ-фактура бўйича ҚҚСни ҳисобга олиш учун корхона ноябрь ойи учун қайта ҳисоб-китоб топшириши ва ўтказиб юборилган ҳисобварақ-фактурани ноябрь ойи сотиб олиш реестрига (ҚҚС ҳисоб-китобига 4-илова) киритиши даркор. Шундан кейин ўтган йилнинг декабрь ойи учун қайта ҳисоб-китоб топшириши ва унда 4-илованинг “Ҳисоб даври бошига” сатри бўйича маълумотларни тузатиши зарур.

2. ҚҚС тўловчи автосаноат корхонаси 18.07.2019 йилдаги ПҚ-4397-сон қарорга асосан импорт бўйича ҚҚС тўлашни 120 кунга кечиктириш имкониятидан фойдаланади.

Тўловни кечиктиришни инобатга олган ҳолда импорт бўйича ҚҚСни ҳисобга олиш тартиби қандай?

- Божхона тўловларини, жумладан ҚҚСни тўлаш муддатининг қўшимча даврга узайтирилиши божхона тўловларини кечиктириб тўлашдир. Кечиктириб тўлаш имконияти Божхона кодекси, Президент ёки Вазирлар Маҳкамаси қарорлари билан тақдим этилиши мумкин.

“Импорт” ҚҚСни кечиктириб тўлаш имкониятидан фойдаланган ҳолда, ҳақиқатда тўланган солиқ суммасини ҳисобга олинг.

Мисол
Автотранспорт ишлаб чиқарувчи корхона 15% ставка бўйича ҚҚС тўлайди.
Президент қарори билан унга ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга эҳтиёт қисмларни импорт қилиш чоғида ҚҚС тўлашни 120 кунга кечиктириш имконияти тақдим этилди. 2019 йилнинг ноябрь ойида эҳтиёт қисмлар партияси импорт қилинди. Тегишинча, кечиктириб тўлаш имконияти берилган ҚҚСни тўлаш муддати 2020 йил март ойида келади. Худди шу ойда корхона ҳақиқатда тўланган солиқ суммасини ҳисобга олади.

3. 2019 йил 1 октябрга қадар корхона UzAuto Motors ишлаб чиқарадиган автомобиллар учун эҳтиёт қисмлар харид қилди. Эҳтиёт қисмлар 21.02.2008 йилдаги ПҚ-800-сон қарорга асосан ишлаб чиқарувчи томонидан ҚҚСсиз реализация қилинди. 1 октябрдан бошлаб мазкур имтиёз кучини йўқотди.

2019 йил 1 октябрдан кейин ушбу эҳтиёт қисмларни ўрнатиш бўйича хизматларга (эҳтиёт қисмлар қийматини инобатга олган ҳолда) қандай тартибда ҚҚС солинади?

- Имтиёз 2019 йил 1 октябрдан ўз кучини йўқотганлиги боис, 1 октябрга қадар ҚҚСсиз харид қилинган эҳтиёт қисмларни ўрнатиш бўйича хизматларни реализация қилиш бўйича оборотга умумбелгиланган тартибда ҚҚС солинг. Мазкур ҳолатда эҳтиёт қисмлар қийматини инобатга олган ҳолда эҳтиёт қисмларни ўрнатиш бўйича хизматларни реализация қилишнинг умумий қиймати ҚҚС бўйича солиқ солинадиган база ҳисобланади. Шунингдек, хизматлар таннархидан паст нархларда реализация қилинганда,  солиқ солинадиган база таннархдан келиб чиқиб белгиланишини ёдда тутинг.

4. Корхона авиачипталарни сотиш бўйича агент ҳисобланади ва ҚҚС тўлайди. Авиачипталарни сотиш чоғида агент ҚҚС суммасини ажратган ҳолда ҳисобварақ-фактура расмийлаштириши шарт. Бироқ, чиптанинг ўзида ҳам, қандайдир бошқа ҳужжатларда  ҳам  авиакомпания солиқ бўйича маълумотларни кўрсатмайди. Агент авиачипталарни реализация қилиш учун ҳисобварақ-фактурада ҚҚС суммасини қандай тартибда ҳисоблаши керак?

- Умумбелгиланган ҚҚС тўловчи миллий авиакомпания йўловчиларни, багажни, юкларни ва почтани халқаро ташишга ноль даражали ставка бўйича ҚҚС солади. Эслатиб ўтамиз,   Агар жўнатиш пункти ёки тайин этилган пункт Ўзбекистондан ташқарида жойлашган бўлса, ташишлар халқаро йўналишларда ташиш ҳисобланади.

Ўзбекистон ичидаги авиаташишларга 15% ставка бўйича ҚҚС солинади. Бунда барча солиқ солинадиган оборотлар, шу жумладан – ноль даражали оборотлар бўйича ҳисобварақ-фактурани албатта расмийлаштириш шарт. Бундай ҳужжатлар жумласига авиачипталар ҳам киради. Бироқ, авиачипта фақат битта шарт билан ҳисобварақ-фактурани ўрнини босиши мумкин: агар авиаташиш хизматига ҚҚС солинса, чиптада албатта солиқ суммаси ажратиб кўрсатилиши шарт.

Амалиётда айрим агентлар, республика ичидаги парвозларга миллий авиакомпания чипталарини реализация қилган ҳолда, ҳеч қандай тасдиқловчи ҳужжатларга эга бўлмаган ҳолда уларнинг қийматидан мустақил равишда ҚҚС ҳисоблайдилар ва уни харидорларга тақдим этиладиган ҳисобварақ-фактураларда акс эттирадилар. Агент учун бу воситачилик операцияларида ҳисобварақ-фактуралар ҳисоби ва расмийлаштириш тартибини бузиш ҳисобланади.

Шу тариқа, сиз реализация қилинган    авиачипталар учун ҳисобварақ-фактураларда мустақил равишда ҚҚС суммасини ажратишга ҳақли эмассиз. Миллий авиаташувчи чипталарида ҚҚСни акс эттириш тартиб-таомилини тартибга солиш учун Молия вазирлиги ва ДСҚга мурожаат қилишни тавсия қиламиз.

Ирина АХМЕТОВА,
«Норма» эксперти

ҚҚС ҚҚС ҚҚС /uz/publish/doc/text156519_kechiktirib_olingan_hisobvaraq-fakturalar_qanday_aks_ettiriladi