Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Ким учун ва қайси товарлар бўйича ҚҚС бўйича имтиёзлар бекор қилинади
2019 йил 1 октябрдан бошлаб айрим товарларга нисбатан, шу жумладан уларни импорт қилишда ҚҚС бўйича имтиёзлар бекор қилинди. Шу муносабат билан Президент ва ҳукуматнинг айрим қарорларига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилди. Бу ўзгартиришлар айнан кимга тегишли бўлиши ҳақида buxgalter.uz га молия вазири ўринбосари Дилшод СУЛТОНОВ сўзлаб берди.
Ишлаб чиқариладиган ва реализация қилинадиган товарлар, ишлар ва хизматлар бўйича ҚҚС юзасидан имтиёзлар Солиқ кодекси, Президент қарорлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан белгиланган.
Ҳозирги вақтда барча хўжалик юритувчи субъектлар учун тенг шарт-шароитлар яратиш мақсадида ҚҚС бўйича имтиёзларни босқичма-босқич бекор қилиш амалга оширилмоқда.
Айтайлик, 2019 йил 1 октябрдан бошлаб қуйидагиларга нисбатан ҚҚС бўйича имтиёзлар бекор қилинади :
- асбест, кўмир, ёғоч материаллари, ёғоч ва ундан тайёрланган буюмлар, углеводород хом ашёси;
- соя, кунгабоқар ва кунжут уруғлари, мойли хом ашё ва шакар хом ашёси;
- қишлоқ хўжалиги техникаси, автотранспорт воситалари, автотранспорт воситаларини ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган бутловчи буюмлар, материаллар ва технологик асбоб-ускуналар.
Имтиёзларни бекор қилиш кўрсатилган товарларни импорт қилишга ҳам тегишли. Улар бўйича имтиёзлар Президентнинг айрим қарорлари билан тақдим этилган. Шу боис 2019 йил 1 октябрдан бошлаб, ушбу товарлар бўйича имтиёз тақдим этадиган қандайдир ҳужжат мавжудлигидан қатъи назар, уларга умумий тартибда, шу жумладан – импорт қилишда ҳам ҚҚС солинади.
Мисол. 2020 йил 1 январга қадар ёғоч-тахта ва ёғоч-тахта материалларини импорт қилиш божхона тўловлари таркибида ҚҚСдан озод қилинган . 2019 йил 1 октябрдан бошлаб мазкур имтиёз бекор қилингандан кейин ёғоч материалларини импорт қилишда ҚҚС умумий тартибда тўланади.
Солиқ кодекси (208, 211-моддалар) билан имтиёзлар тақдим этилган ҳоллар истисно ҳисобланади. Бундай имтиёзлар барча товарлар, шу жумладан юқорида кўрсатилган товарлар бўйича сақланиб қолади.
Мисол. Хорижий молия ташкилоти кредити ҳисобига Ўзбекистон билан тузилган халқаро шартнома асосида қишлоқ хўжалиги техникаси импорт қилинмоқда. Солиқ кодексига мувофиқ бундай импорт ҚҚСдан озод қилинган.
Имтиёзларни бекор қилиш билан боғлиқ ўзгартиришлар улар тақдим этилган деярли барча норматив ҳужжатларга киритилган .
Агар кўрсатилган товарлар бўйича имтиёзлар тақдим этилган қандайдир норматив ҳужжатга ўзгартиришлар киритилмаган бўлса, бу имтиёз амал қилишда давом этаётганлигини билдирмайди. Шуни тушуниш муҳимки, Президентнинг ПФ-5755-сон Фармони билан имтиёзларни бекор қилиш автоматик тарзда илгари қабул қилинган барча норматив ҳужжатларга татбиқ этилади.
Бундан ташқари, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ўзаро нисбати тўғрисидаги қонун нормасига амал қилиш лозим: тенг юридик кучга эга бўлган НҲҲлар ўртасида тафовут бўлган тақдирда, кейинроқ қабул қилинган ҳужжат қоидалари амал қилади .