Нима учун сиз май учун ҚҚС ҳисоб-китобини топшира олмаслигингиз мумкин

preview

Ҳисоботни топширишнинг энг сўнгги муддати – 20 июнга қадар . Шунингдек, ҳаммага маълумки, маррага яқин қолгани сари, тизимнинг юқори даражада бандлиги боис ҳисоботларни топшириш шунчалик қийин бўлади. Бироқ ҚҚС ҳисоб-китобини бугуннинг ўзида ҳамма ҳам топширолмайди: ҚҚС ҳисоб-китобининг янги шакли (10006_14) Солиқ қўмитасидан уни тўлдириш бўйича йўриқномани ҳам қайта ишлашни талаб этади. Buxgalter.uz муаммони тушунишга уриниб кўрди ва ДСҚга сўров йўллади.

Бухгалтерларга вазиятни енгиб ўтишларига ёрдам бериш учун ваколатли органлар:

  • 25.06.2019 йилдаги 522-сон ВМҚ билан тасдиқланган амалдаги Низомни қайта кўриб чиқишлари;
  • ҚҚС ҳисоб-китобининг янги шакли (шакл коди - 10006_14) билан ишлаш бўйича йўриқномани эълон қилишлари ва бухгалтерларнинг саволларига жавоб беришлари зарур.

Амалдаги 522-сон Низом ЭҲФни тўлдиришнинг барча ўзига хос жиҳатларини назарда тутмайдиган умумий тусга эга, бинобарин, янгисида бухгалтерлар дуч келган талай муаммолар ечимини иложи борича тезроқ ёзиш керак. Маълумки, бундай ҳужжатнинг лойиҳаси бир неча ойдан бери эксперт доираларида кенг муҳокама қилинмоқда, бироқ ҳануз ҚҲТБТ порталига қўйилмаган. Бинобарин, 20 июнга қадар у пайдо бўлмайди.

ҚҚС ҳисоб-китобининг янги шакли бўйича ҳам ДСҚдан ҳеч қандай расмий тушунтиришлар йўқ. Хусусан, бухгалтерларда ЭҲФ реестрини автоматик режимда илова қилишнинг янги тартибига нисбатан саволлар талай.

ЭҲА операторлари нимани ўйлашмоқда

ЭҲА операторларининг умумий фикрига кўра, афтидан, ЭҲФ муаммоси саноқли кунларда ҳал этилмайди. Ҳисоботларни қайта топширмаслик учун бухгалтерлар тақдим этилмаган ва тасдиқланмаган ЭҲФ билан боғлиқ муаммолар ечимини мустақил равишда излашга мажбур бўладилар.

Операторлар томонидан жўнатиладиган хабарномалар аллақачон хабар беришнинг самарали шакли бўлмай қолган. Улар самарали фаолият кўрсатаётган бухгалтерия томонидан ҳар куни олинадиган улкан миқдордаги хабарнома СМСлар ва хатлар орасида шунчаки йўқолиб қолади. Тақдим этилган ЭҲФларни кузатган ҳолда мунтазам равишда оператор сайти ва my.soliq.uz да ўтиришнинг ҳар доим ҳам имкони йўқ. Бухгалтерларга қандай ёрдам берса бўларкин?

Ушбу вазифани ҳал этиш ЭҲА операторлари учун катта фаолият майдони бўлиши мумкин. Камида, улар ўз мижозларига қўшимча пуллик хизмат тақдим этишлари мумкин бўларди.

Афсуски, ЭҲА операторлари ушбу муаммони ҳал қилишга киришиш истагида ёнмаяптилар. Ҳамма деярли айнан битта нарсани гапирмоқда: масала ишлаб чиқилмоқда. Бирлари – такрорий хабарномани жорий этишни режалаштиришмоқда, бошқалари – масалани ҳал қилишга колл-марказни жалб қилиш имкониятини кўриб чиқишга тайёрлар, учинчилари – фақат сиз уларнинг мижози бўлганингиздан кейингина вариантларни муҳокама қилишни таклиф қилишмоқда.  Бироқ НҲҲга ЭҲФни ўз вақтида тақдим этмаганлик ва тасдиқламаганлик учун  жавобгарлик, мажбурият ва муддатларни белгилайдиган қўшимча ва ўзгартиришларни киритмасдан ушбу ечимлар самарали бўладими?

Ваколатли органлар яқин вақтда солиқ ҳисоботининг мазкур шаклини тўлдириш билан боғлиқ барча масалалар ечими аниқ ёзилган батафсил йўриқномани эълон қиладилар, деб умид қилиш қолади. Бунда бухгалтерларга мазкур вазиятда жарима санкциялари қўлланилмаслиги керак деб ҳисоблаймиз, сабаби май ойи учун ҳисобот даври, моҳиятан, экспериментга оид бўлди ва бухгалтерлар бундай автоматлаштирилган ўтишга тайёр эмасликнинг амалий муаммолари билан тўқнаш келишди.

ДСҚга саволлар

9 июнь куни Buxgalter.uz ДСҚнинг ахборот хизматига қуйидаги саволларга жавоб беришни сўраб мурожаат қилди:

  • ҚҚС бўйича ҳисоботнинг янги шакли қандай ишлашини (ҳисобварақ-фактуралар бўйича ахборотни автоматик тарзда тўлдириш билан) тушунтирсангиз
  • Янги шаклни май ойи учун ҳисоботни топшириш чоғида тўлдириш зарурми? Тизим қайта ишлангунга қадар, май ойи учун жўнатиш учун 10006_13 кодли ҚҚС ҳисоб-китоби шаклини очиш мумкинми?
  • Тақдим этилган, бироқ контрагент томонидан ўз вақтида имзоланмаган ЭҲФ билан қандай йўл тутиш лозим?
  • Агар контрагент 20 июнга қадар ЭҲФни имзоламаса, демак, ҳисоботни қайта топшириш муқаррар бўламиди?
  • ДСҚ ЭҲФни тақдим этиш ва имзолаш масаласи бўйича солиқ тўловчиларни, хусусан, бюджет ташкилотларини интизомга солиш учун қандай чоралар қабул қилмоқда?
  • Қуйидагилар ЭҲФ тизимида қандай акс эттирилади: 1) экспорт; 2) терминал ёрдамида сотувлар; 3) тасдиқланмаган ҳисобварақ-фактуралар, хусусан – бюджет ва давлат ташкилотлари томонидан; 4) СКнинг 317-моддасига асосан ўз айланмалари?
  • Корхона чегирмаларни қўллайди. ЭҲФда 1-сатрда – қиймати чегирмасиз, 2-сатрда – чегирма, 3-сатрда – қиймати чегирма билан. ҚҚС ҳисоб-китобига 1-сатр кирган. ЭҲФ қандай тўғри расмийлаштирилади?
  • Унда ушбу барча масалалар тартибга солинадиган янги ЭҲФ тўғрисидаги Низом қанчалик тез тасдиқланади?

Идора яқин вақтда жавобларни тақдим этишга рози бўлди.  Албатта, улар дарҳол порталда эълон қилинади.

Олег ГАЕВОЙ,

Татьяна ЛИМАРЕВА

ҚҚС ҚҚС ҚҚС /uz/publish/doc/text160447_nima_uchun_siz_may_uchun_qqs_hisob-kitobini_topshira_olmasligingiz_mumkin