Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
«Паррандасаноат» корхоналари ҚҚСни қандай ҳисоблашлари ва тўлашлари лозим
Молия вазирлиги мутахассислари «Паррандасаноат» уюшмаси аъзолари учун солиқ солиш юзасидан семинар ўтказди. Унинг қатнашчиларининг баъзи саволларига МВнинг жавобларини эълон қиламиз.
- Корхонани ҚҚС тўловчи сифатида рўйхатдан ўтказишда омборда мавжуд тайёр маҳсулотлар бўйича “ҳисобга олинадиган” ҚҚС қандай ажратилади?
- ҚҚС тўлашга ўтиш санасида товар-моддий захираларни инвентарлашдан ўтказинг ва қийматига ҚҚС киритилган қолдиқни аниқланг. Инвентарлашни корхона раҳбари буйруғи билан тузилган инвентарлаш комиссияси ўтказади. Қадамма-қадам йўриқнома – бу ерда.
ТМЗнинг балансга келиб тушишида ҚҚС тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни тўпланг. Уларда етказиб берувчиларга тўланган ҚҚС ажратилган бўлиши керак.
Бухгалтерлик маълумотномаларини тайёрланг, уларда ТМЗ қолдиқларидан қийматидан кирувчи ҚҚС суммасини ажратган ҳолда ҳисоб-китобни амалга оширинг. Кирувчи ҚҚС суммасини кўрсатган ҳолда ТМЗ қолдиқлари реестрини тузинг. Ушбу реестр асосида ҚҚСни тайёр маҳсулотлар қолдиқлари бўйича ҳисобга олинг. Буни қандай амалга оширишни, бу ерда ўқинг.
- Инкубацион тухумлардан очилган бир кунлик жўжаларни сотишда ҚҚС қандай ҳисоблаб ёзилади?
- ҚҚС солиқ солинадиган база ва белгиланган ставкалардан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади . Солиқ солинадиган база реализация қилинаётган товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) қиймати асосида, унга ҚҚСни киритмаган ҳолда белгиланади. Товарлар таннархидан ёки олинган нархдан паст нархларда реализация қилинган тақдирда ССБ товарларнинг таннархидан ёки олинган нархдан келиб чиқиб белгиланади.
Мисол. Битта жўжанинг сотиш қиймати – 6000 сўм. У қуйидагилардан иборат:
- жўжаларни етиштириш таннархи (ем, меҳнатга ҳақ тўлаш, ЯИТ, бошқа ишлаб чиқариш харажатлари) = 5000 сўм;
- 20% фойда = 1000. (5000 х 20%).
15% ставка бўйича ҳисоблаб ёзилган ҚҚС 900 сўмга (6000 х 15%) тенг бўлади. Шу тариқа, сотиш нархи 6900 сўмни (6000 + 900) ташкил этади.
- ҚҚС билан харид қилинган буғдойни қайта сотишда ҚҚС қандай ҳисобланади?
- ҚҚС буғдойни харид қилиш қиймати (ҚҚСсиз) ва белгиланган ставкадан (15%) келиб чиқиб ҳисобланади.
Мисол. Буғдойни харид қилиш қиймати 120 млн сўмни ташкил этди, шу жумладан етказиб берувчига тўланган ҚҚС – 20 млн сўм.
Буғдойни 5% савдо устамаси билан қайта сотишда сотиш нархи 105 млн сўмни ташкил этади (100 + 100 5%), чунки буғдойни ҚҚСсиз харид қилиш нархи 100 млн сўмга тенг (120 – 20).
Шу тариқа, харидор томонидан 15% ставка бўйича тўланиши лозим бўлган ҚҚС 15,75 млн сўмни ташкил этади (105 х 15%).
Буғдойни сотиш нархи 120,75 млн сўмга тенг (105 + 15,75).
Буғдойни реализация қилиш бўйича ҳисобварақ-фактурада алоҳида сотиш нархини (ҚҚСсиз) ва харидор томонидан тўланиши лозим бўлган ҚҚСни акс эттирасиз.
- Тайёр маҳсулотлар омбордаги товар-моддий қимматликлар таркибига киритиладими?
- Ҳа, тайёр маҳсулотлар ТМҚ таркибига киритилади.
- Хом ашё ва маҳсулотлар (буғдой, маккажўхори ва ҳоказо) нақд пулга харид қилишда ҚҚСни қандай ҳисобга олиш мумкин?
- Сиз олинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҚҚСни ҳисобга олишингиз учун етказиб берувчи ажратилган ҚҚС билан ҳисобварақ-фактура ёки бошқа ҳужжатни тақдим этиши лозим.
Етказиб берувчи-жисмоний шахслар ҚҚС тўламайди ва ҳисобварақ-фактурани тақдим эта олишмайди. Агар сиз жисмоний шахсдан нақд пулга ҚҚСсиз хом ашё олсангиз, солиқни ҳисобга олиш имкони бўлмайди.
- Бу ёзда тухумнинг таннархи 450 сўмни, сотиш нархи эса – 380 сўмни ташкил этди. Бу вазиятда ҚҚС қандай ҳисобланади?
- Товарлар (ишлар, хизматлар) таннархидан ёки товарлар олинган нархдан паст нархларда реализация қилинган тақдирда солиқ солинадиган база товарларнинг таннархидан ёки товарлар олинган нархдан келиб чиқиб белгиланади. Сизнинг вазиятингизда тухумларни сотиш нархи уларнинг таннархидан паст. Шу боис 450 сўмдан 15% ставка бўйича ҚҚС ҳисобланади ва 67,5 сўмга (450 х 15%) тенг бўлади.
- ҚҚС ҳисоб-китобининг қайси графасида ҚҚС тўлашга ўтиш санасига тайёр маҳсулотлар қолдиқлари бўйича ҚҚС суммаси акс эттирилади?
- ҚҚС тўлашга ўтиш чоғида ўтиш санасида ТМЗ қолдиқларини иневентарлаш натижасида аниқланган ҳисобга олинаётган солиқ суммасини Ҳисоб-китобга 3-илованинг 015-сатрида акс эттиринг.
- Корхона ўзи етиштирган жўжаларни республика фермер хўжаликларига сотиш чоғида ҚҚС тўлашдан озод этиладими?
- Йўқ, озод этилмайди. Агар сиз Президентнинг 27.06.2019 йилдаги ПФ-5755-сон Фармонининг учинчи қисми талабларидан келиб чиқиб ҚҚС тўловчи ҳисоблансангиз, сиз ўзингиз етиштирган маҳсулотларни ҚҚС билан сотасиз.
- Президентнинг 16.01.2018 йилдаги ПФ-5303-сон Фармонининг 3-8-позицияларида кўрсатилган товарлар ва хом ашё импортига, ҚҚС тўлаш қисмида божхона тўловларидан озод этиш татбиқ этиладими?
- Йўқ, татбиқ этилмайди. Президентнинг 16.01.2018 йилдаги ПФ-5303-сон Фармонида назарда тутилган ҚҚС тўлашдан озод этиш кўринишидаги имтиёзлар 01.10.2019 йилдан бекор қилинган.
- ЯСТ тўловчи бўлган корхона парранда етиштиради ва парранда маҳсулотлари билан савдо қилади. 2019 йил январь-декабрь ойларида сотишдан олинган тушум 1 млрд сўмдан ошди. Корхона қачон ҚҚС тўлашга ўтиши керак?
- Солиқ даврида олинган ялпи тушуми 1 млрд сўмдан ошган ЯСТни тўловчилар белгиланган чегаравий миқдор ошиб кетган ойдан кейинги ойнинг бошидан бошлаб умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтади. ҚҚС тўлашга ўтиш тўғрисидаги билдиришнома ҚҚС тўлашга ўтиладиган ой бошланишидан 10 кундан кечиктирмай тақдим этилади.
Бунда 2020 йил 1 январдан бошлаб:
- юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар солиқ органларида ҚҚС тўловчи сифатида мажбурий тарзда рўйхатдан ўтишлари лозим. Бу ҚҚСни ҳисобга олиш шарти ҳисобланади;
- ҚҚС тўлашга ўтиш чоғида унинг суммаси ўтиш санасидан олдинги охирги 12 ойда харид қилинган ТМЗнинг тасдиқланган қолдиқлари бўйича - реализация ҳажмига мувофиқ қисмида ҳисобга олинади.
- Кичик бизнес субъектлари мактабгача муассасалар билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари (жумладан гўшт, парранда, балиқ, тухум) етказиб бериш юзасидан тўғридан-тўғри шартномалар тузишлари мумкинми?
- Давлат мактабгача таълим муассасалари маҳсулотлар харидини “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ амалга оширишлари лозим. Бунда Тошкент шаҳрида жойлашган давлат мактабгача таълим муассасаларига тадбиркорлик субъектлари билан сифат талабларига ва санитария-гигиена нормаларига жавоб берадиган озиқ-овқат маҳсулотлари ва тайёр овқатларни етказиб бериш бўйича тўғридан-тўғри шартномалар тузишга эксперимент тариқасида рухсат берилган. Амалдаги қонун ҳужжатлари бугунги кунда бошқа истисноларни белгиламаган.
- Наслдор паррандаларни кўпайтириш мақсадида Франциядан товуқларни импорт қилиш чоғида биз ҚҚС тўловчи сифатида рўйхатдан ўтишимиз лозимми?
- Ҳа, лозим. 01.10.2019 йилдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари – товарларни импорт қилувчилар, товарларни (ишларни, хизматларни) сотишдан тушум миқдоридан қатъи назар, ҚҚС тўловчилари ҳисобланадилар. Бунда товарларни биринчи марта импорт қилувчи тадбиркорлик субъектлари импорт шартномаси тузилган ойдан кейинги ойнинг 1 санасидан бошлаб қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида ҳисобга туриши шарт. Агар сизда 2019 йил 1 октябрь ҳолатига амалдаги импорт контракти мавжуд бўлса, сиз 2019 йил 1 октябрдан бошлаб ҚҚС тўловчи сифатида рўйхатдан ўтган бўлишингиз керак.
Баҳодир БОЙҚАБИЛОВ, ЎзР Молия вазирлиги
Солиқ-божхона сиёсати ва даромадларни прогнозлаштириш
департаментининг солиқ ва божхона тарифи сиёсати
бошқармаси бўлим бошлиғи в.б.