Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Қандай қилиб “импорт” ҚҚСнинг ҳисобини юритиш ва ҳисобга олиш мумкин
Импорт қилувчи корхоналар бухгалтерларида имтиёздан фойдаланишда ҚҚС бўйича ҳисобга олиш механизмини қўллаш ва хизматлар импортини ҚҚС бўйича солиқ ҳисоботида акс эттириш тартиби билан боғлиқ саволлар туғилади. Вазиятни buxgalter.uz илтимосига биноан “Норма” эксперти Ирина АХМЕТОВА тушунтирди:
Агар имтиёз мавжуд бўлса, “импорт” ҚҚС ҳисоби қандай юритилади?
- Олиб киришда ҚҚСдан озод этилган товарлар рўйхати СКнинг 246-моддасида келтирилган.
2020 йилга қадар ҚҚС бўйича имтиёзлар, шу жуладан импорт қилишда, қуйидагича бўлиши мумкин эди:
- мақсадли – бўшайдиган маблағларни муайян мақсадларга йўналтириш шарти билан;
- мақсадсиз – бўшайдиган маблағлардан мақсадли фойдаланишни назарда тутмайдиган.
2020 йилдан бошлаб ҚҚС бўйича мақсадли имтиёзлар тақдим этиш, шу жумладан импорт бўйича, бекор қилинди .
Агар сиз 2020 йил 1 январга қадар қабул қилинган Президент ёки Вазирлар Маҳкамаси қарорлари билан назарда тутилган “импорт” ҚҚС бўйича имтиёздан фойдаланган бўлсангиз, у унинг амал қилиш муддати тугагунга қадар амал қилади . Бироқ у мақсадли бўлса – 2020 йил 1 апрелдан бошлаб бўшайдиган маблағлардан мақсадли фойдаланиш талаби бекор қилинган . Имтиёз қўлланилиши натижасида бўшаган ва 2020 йил 1 апрелга қадар фойдаланилмаган мақсадли маблағлар унинг амал қилиш муддати тугаганидан сўнг бир йил давомида имтиёз тақдим этишда белгиланган мақсадларга йўналтирилиши мумкин .
Мақсадсиз имтиёз бухгалтерия ҳисобида қандай акс эттирилади?
Бухгалтерия ҳисобида мақсадсиз имтиёзлар баланс счётларида акс эттирилмайди. Уларни балансдан ташқари 013-счётда “ҚҚС бўйича вақтинчалик солиқ имтиёзлари” шу счётнинг дебетида имтиёз суммасини акс эттирган ҳолда юритинг .
Имтиёзли даври тугагач, балансдан ташқари 013-счётда дебет бўйича ҳисоби юритиладиган бўшаган маблағлар суммасини шу счётнинг кредитига ҳисобдан чиқаринг. Имтиёз суммасини молиявий ҳисоботга тушунтириш хатида ҳам акс эттиринг.
Солиқ ҳисоботида хизматлар импорти бўйича ҚҚС қандай акс эттирилади?
Агар сизга Ўзбекистон солиқ органларида ҚҚС тўловчиси сифатида ҳисобга олинмаган чет эллик шахслар хизматлар кўрсатса ва Ўзбекистон реализация қилиш жойи деб эътироф этилса, сиз солиқ агенти сифатида уларнинг қийматидан солиқ тўлашингиз шарт. Бунда солиқ агенти бундай вазиятда у ҚҚС тўловчиси сифатида ҳисобга олинганлиги ёки олинмаганлигидан қатъи назар, ҚҚСни тўлайди .
Агар сиз ҚҚС тўловчи бўлсангиз, солиқнинг тўланганлигини тасдиқловчи тўлов ҳужжати асосида тўланган солиқ суммасини ҳисобга киритишингиз мумкин .
Солиқ агентлари сотиб олинган импорт қилинган хизматлардан ҚҚС бўйича алоҳида ҳисобот – Чет эллик шахслардан сотиб олинган товарлар (хизматлар) бўйича ҚҚС ҳисоб-китобини тақдим этадилар . Ҳисоб-китобни тақдим этиш муддатлари:
- ҚҚС тўловчиси бўлган солиқ агентлари учун – амалда хизматлар сотиб олинган ойдан кейинги ойнинг 20 кунидан кечиктирмай;
- ҚҚС тўловчиси бўлмаган солиқ агентлари учун – солиқ тўланган ойдан кейинги ойнинг 20 кунидан кечиктирмай .
Хизматлар импорти бўйича тўланган ҚҚСни ҳисобга олиш учун ҚҚС тўловчиси бўлган солиқ агенти унинг суммасини ҚҚС ҳисоб-китобида акс эттириши керак. Бунинг учун бир томонлама ЭҲФ шакллантиринг ва уни Харидлар реестрига (ҚҚС ҳисоб-китобига 4-илова) киритинг. Бунда ҚҚСни тўлаш санаси ушбу ЭҲФнинг санаси бўлиши керак.
Хизматлар импортида ЭҲФни қандай расмийлаштириш ҳақида - бу ерда ўқинг.