ҚҚС-офиси: “Гугл солиғи” қандай тўланади

preview

2020 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда жисмоний шахсларга Интернет тармоғи орқали электрон шаклда хизматлар кўрсатувчи чет эл компаниялари (интернет-компаниялар) ҚҚС тўлашлари шарт. Бунинг учун улар Ўзбекистон солиқ органларида ҚҚС тўловчи сифатида ҳисобга қўйилишлари шарт. Энди буни “Интернет компаниянинг ҚҚС-офиси” сайтида амалга ошириш мумкин.

Ўзбекистонда доимий муассасага эга бўлмаган компаниялар, шунингдек, шундай хизматларда солиқ агенти деб эътироф этиладиган воситачи бўлган чет эл юридик шахслари ҳисобга қўйилиши даркор .

Ушбу тартиб Ўзбекистондаги ўзларининг доимий муассасалари орқали хизматлар кўрсатувчи чет эл компанияларига нисбатан татбиқ этилмайди. Улар ҚҚС тўловчилар сифатида умумбелгиланган тартибда ҳисобга қўйиладилар.

Сўз бораётган хизматлар рўйхати Солиқ кодексининг 282-моддасида кўрсатилган.

“ҚҚС-офиси” билан қандай ишланади

Шахсий кабинет очинг. Буни “Ариза бериш” бўлимида шаклни тўлдирган ҳолда онлайн бажариш мумкин. Уни тўлдириш қоидаларини ДСҚнинг бошқарма бошлиғи ўринбосари Комил САЙИДОВ шарҳлаб берди:

- Шаклни тўлдириш чоғида компаниянинг номи ва манзили, ҳисобга қўйилган мамлакат, шунингдек телефон ва электрон почтани кўрсатинг. “СТИР” майдончасини фақат илгари Ўзбекистон ҳудудида доимий муассаса орқали хизмат кўрсатган компаниялар тўлдириши лозим. Мазкур майдончага ушбу муассаса СТИРи ёзилади.

“Бошқа идентификацияловчи ахборот” бўлимида хизматлар унинг остида кўрсатиладиган савдо маркасини кўрсатиш зарур. Шу жумладан:

  • “Солиқ тўловчи коди” майдончасида ҳисобга қўйилган мамлакатда берилган компаниянинг СТИРини (Taxpayer identification number in the country of registration) кўрсатинг;
  •  “рўйхат рақами” сатрида корхонанинг резидентлик мамлакатида давлат рўйхатидан ўтказилган рақамини кўрсатинг.

Шундан кейин “Тақдим этиладиган товарлар ва хизматлар тўғрисида маълумотлар” бўлимини тўлдиринг. “Тақдим этиладиган хизматлар тури” сатрини тўлдириш чоғида таклиф этиладиган рўйхатдан сизнинг фаолиятингизни тавсифлаш учун энг тўғри келадиганини танланг. Хизматлар мобиль илова ёрдамида кўрсатилган тақдирда – унинг номини кўрсатинг, сайт орқали кўрсатилганда – унга ҳавола беринг.

“Ваколатли шахс тўғрисида маълумотлар” бўлимида ташкилот раҳбари тўғрисидаги маълумотларни баён этинг.

Аризага чет эл ташкилотининг юридик мақомини тасдиқловчи резидентлик мамлакатининг юридик шахслар реестридан кўчирмани ёки бошқа ҳужжатни сканер қилинган ҳолда илова қилинг. Кўчирма (бошқа ҳужжат) рус тилига қилинган таржимаси билан такдим этилиши даркор. Таржимани нотариал тарзда тасдиқлаш шарт эмас.

Чет эл интернет-компаниясини ҚҚС тўловчи сифатида ҳисобга қўйиш бепул амалга оширилади. Рўйхатдан муваффақиятли ўтгандан кейин сизнинг ташкилотингиз “Интернет-компаниялар рўйхати” иловасида кўриб чиқиш имконини берадиган рўйхатга киради.

Барча ҳужжатлар топширилган пайтдан эътиборан 15 иш кунидан кейин сизга кейинчалик шахсий кабинет билан ишлаш учун унга кириш имконияти тақдим этилади.  Унга сиз электрон почта орқали оладиган хабарномада кўрсатилган логин ва пароль ёрдамида киришингиз мумкин бўлади.

Агар сиз 2020 йилнинг биринчи чорагида ҳисобга қўйишга улгурмасангиз, жарима санкциялари қўлланилмайди. 1 апрелдан кейин санкциялар пайдо бўлиши мумкин.

Тўлов ва ҳисобот топшириш муддатлари

Ҳар чоракда ўтган чоракдан кейинги ойнинг 20-санасидан кечиктирмай,  “Интернет компаниянинг ҚҚС-офиси” сайтида шахсий кабинет орқали:

  • ҚҚСни ҳисобланг ва Ўзбекистон бюджетига тўланг;
  • ҚҚС бўйича солиқ ҳисоботини топширинг.

Агар қандайдир сабабга кўра шахсий кабинетдан фойдаланиш имкони бўлмаса, ҳужжатларни телекоммуникация алоқа каналлари орқали ДСҚга юборинг.

Қўшимча имкониятлар

Сайт фойдаланувчилари учун маслаҳатлар олиш имконияти назарда тутилган. Ўзингизни қизиқтирган масала юзасидан жавоб олиш учун  “Савол беринг” бўлимида савол беринг.

Олег ГАЕВОЙ

ҚҚС ҚҚС ҚҚС /uz/publish/doc/text157643_qqs-ofisi_gugl_soligi_qanday_tulanadi