Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
ҚҚС ўрнини қоплаш учун ариза қандай юборилади
26 август куни солиқ тўловчиларнинг шахсий кабинетларида, ниҳоят, тугма пайдо бўлди, унинг ёрдамида 14.08.2020 йилдаги 489-сон ВМҚ билан тасдиқланган янги Низомга мувофиқ ҚҚС суммаси ўрнини қоплаш учун ариза бериш мумкин. Buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА буни қандай тўғри амалга ошириш тўғрисида гапириб берди:
ҚҚСни қайтариш учун ариза қандай жўнатилади
- «ҚҚСнинг ўрни қопланиши лозим бўлган суммасини қайтариш» тугмасининг пайдо бўлиши – кўп сонли солиқ тўловчилар учун узоқ кутилган воқеадир. Илгари ҚҚСни қайтариш имконияти фақат ҚҚСнинг ноль даражали ставкасини қўллаган экспорт қилувчиларда мавжуд эди. Янги СК ва янги Низомнинг қабул қилиниши билан унга сотишга нисбатан кўпроқ сотиб оладиган барча тадбиркорлар қўшилишди. Яъни – салбий ҚҚСга эга барча субъектлар.
Ариза берилган санадан эътиборан 60 кун мобайнида солиқ тўловчиларга салбий ҚҚСнинг ўрни қопланади . Бунда ҚҚСнинг ўрнини тезлаштирилган тарзда – 7 кун мобайнида қоплаш ҳуқуқига эга солиқ тўловчилар рўйхати тасдиқланган :
- белгиланган тартибда йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилган юридик шахслар;
- солиқни қоплашга доир ариза билан бирга амалдаги банк кафолатини тақдим этган ёки солиқ органлари билан гаров шартномасини СКнинг 109 ёки 107-моддаларида белгиланган тартибда расмийлаштирган солиқ тўловчилар;
- экспорт ва унга тенглаштирилган операцияларни амалга оширадиган шахсларга - агар илгари бу шахсларга солиқ суммаси қопланган ва бунда қонунбузарликлар аниқланмаган бўлса, ноль даражали солиқ ставкаси қўлланилиши натижасида ҳосил бўлган солиқнинг ошиб кетган суммалари қисмида;
- маҳсулот тақсимотига оид битим иштирокчилари, агар бундай битимда ноль даражали ставка қўлланилиши назарда тутилган бўлса;
- солиқ мониторинги иштирокчилари.
Таъкидлаб ўтамизки, бундай ҳуқуқдан хорижий давлатларнинг Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари ва уларга тенглаштирилган ташкилотлари фойдаланади. Бироқ улар учун Низомнинг 10-бандига асосан аризанинг алоҳида шакли белгиланган ва улар аризани солиқ органига бевосита ёки буюртма хати билан почта орқали тақдим этишлари керак.
Аризага ҳужжатларнинг тўлиқ тўпламини илова қилиш лозим, акс ҳолда уни кўриб чиқилмаган ҳолда ариза берилган пайтдан эътиборан 5 кун мобайнида қайтаришади .
Экспорт операциялари бўйича солиқ суммаси ўрнини қоплаш тўғрисидаги аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади :
- контракт (контрактнинг белгиланган тартибда тасдиқланган кўчирма нусхаси);
- товарларни чиқаришни амалга оширувчи божхона органининг товарларни Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудидан олиб чиқиш учун белгиси қўйилган божхона юк декларацияси;
- Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудидан ўтказиш пунктида жойлашган божхона органининг товарлар белгиланган мамлакатга жўнатилганлигини тасдиқловчи белгиси қўйилган, товарга илова қилинадиган ҳужжатлар;
- товарлар экспортга воситачи (ишончли вакил) орқали воситачилик (топшириқ) шартномаси бўйича реализация қилинганда экспортни тасдиқлаш учун комитент (ишонч билдирувчи) томонидан қўшимча тарзда солиқ тўловчининг воситачи ёки ишончли вакил билан тузилган воситачилик шартномаси ёки топшириқ шартномаси (шартноманинг кўчирма нусхаси);
- йўловчилар, багажлар, юклар ва почтани халқаро йўналишда ташиш бўйича хизматлар реализация қилинганда - Низомга 5-иловага мувофиқ шаклда тўлдирилган йўловчилар, багажлар, юклар ва почтани халқаро йўналишда ташиш бўйича ягона халқаро ташиш ҳужжатлари реестри;
- валюта маблағлари тушганлигини тасдиқловчи банк маълумотномаси;
- Низомга 6-иловага мувофиқ шаклдаги товарлар экспорт қилинганлиги ва валюта маблағлари тушганлиги тўғрисидаги маълумотлар;
- товарлар экспорт қилинганлигини тасдиқлаш учун амалга оширилаётган фаолиятнинг турига қараб бошқа ҳужжатлар.
Агар контракт (контрактнинг белгиланган тартибда тасдиқланган кўчирма нусхаси) ва солиқ тўловчилар билан тузилган воситачилик шартномаси ёки топшириқ шартномаси (шартноманинг кўчирма нусхаси) ТСОЯЭАТда мавжуд бўлса, мазкур ҳужжатларни солиқ органига тақдим этиш талаб этилмайди .
СКнинг 262-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудида товарларни қайта ишлаш бўйича хизматларга нисбатан солиқ суммаси ўрнини қоплашда аризага қуйидагилар илова қилинади :
- товарларни чиқаришни амалга оширувчи божхона органининг товарларни Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудидан олиб чиқиш учун белгиси қўйилган божхона юк декларацияси;
- Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудидан ўтказиш пунктида жойлашган божхона органининг товарлар белгиланган мамлакатга жўнатилганлигини тасдиқловчи белгиси қўйилган, товарга илова қилинадиган ҳужжатлар;
- товарлар экспортга воситачи (ишончли вакил) орқали воситачилик (топшириқ) шартномаси бўйича реализация қилинганда экспортни тасдиқлаш учун комитент (ишонч билдирувчи) томонидан қўшимча тарзда солиқ тўловчининг воситачи ёки ишончли вакил билан тузилган воситачилик шартномаси ёки топшириқ шартномаси (шартноманинг кўчирма нусхаси).
Хизматларни реализация қилиш жойи Ўзбекистон Республикаси ҳудуди деб эътироф этилмаган ҳолатларда ҳамда агар мазкур хизматлар интернет (электрон шаклдаги хизматлардан ташқари) орқали кўрсатилса, контракт ҳамда хорижий харидор томонидан кўрсатилган хизматлар учун тўлов амалга оширилганлигини тасдиқловчи банк кўчирмаси ушбу хизматлар ҳақиқатда реализация қилинганлигини (кўрсатилганлигини) тасдиқловчи ҳужжатлар ҳисобланади. Бунда, воситачилик шартномасига асосан воситачининг (агентнинг) воситачилик ҳақи суммаси кўрсатилган хизматлар учун комитент ҳисобидан воситачига келиб тушган суммадан ушлаб қолинганлигини тасдиқловчи ҳисобот (бажарилган ишлар тўғрисидаги далолатнома) тақдим этилади .
Хизматлар электрон шаклда кўрсатилган бўлса, хорижий харидор томонидан тўлов амалга оширилганлигини тасдиқловчи банк кўчирмасидан ташқари, умумқабул қилинган хорижий амалиётга мувофиқ тузилган ҳисобот тақдим этилади .
Сув таъминоти, канализация, санитария жиҳатдан тозалаш, иссиқлик таъминоти бўйича хизматларни реализация қилишда, СКнинг 264-моддаси 3-қисмида қайд қилинган шахслар аризага мазкур хизматларни реализация қилиш тўғрисидаги маълумотлар илова қилинади. Шакл - Низомга 4-иловада .
Ноль даражали ставка қўлланиши натижасида ҳосил бўлган ва қопланиши лозим бўлган солиқ суммасининг асосланганлигини тасдиқлаш учун аризага қоплаб берилиши лозим бўлган солиқ суммаси бўйича ҳисоб-китобни илова қилиш зарур. Шакл - Низомга 7-иловада .
Агар товарларни экспортга жўнатиш ва жўнатилган товар учун тўловлар турли чет эл валютасида амалга оширилган бўлса, юклаб жўнатиш амалга оширилган санадаги чет эл валютасининг МБ курси бўйича миллий валютада (сўмда) қайта ҳисоблаб чиқишнинг ҳисоб-китобини илова қилинг. Шакл – Низомга 7а-иловада .
Қандай муаммолар мавжуд?
1. Солиқ тўловчилар 489-сон ВМҚга мувофиқ ишлаш имкониятига у кучга киргандан кейин 12 кун ўтгач эга бўлишди. Низомнинг ўзида ҳам, ВМҚда ҳам ушбу иккита ҳужжат кучга кирадиган сана тўғрисида ҳеч нарса айтиб ўтилмаган. Бинобарин, улар 14 августдан – ВМҚ эълон қилинган пайтдан эътиборан кучга кирган. ҚҚС ўрнини қоплаш учун ариза шакли эса порталда фақатгина 26 август куни пайдо бўлди!
Ушбу муддатда аризанинг эски шаклидан фойдаланган ташкилотлар қандай йўл тутишлари керак? Улар нимадир қилишлари керакми? ДСҚнинг расмий позициясини билишни истардик.
2. Ўрнини қоплашни талаб қилиш мумкин бўлган давр ҳам номаълум. Ушбу масала норматив ҳужжатларда ҳеч қаерда аниқ баён этилмаган. Шаклнинг ўзида фақат битта чеклов турибди – 2019 йил 1 январдан бошлаб.
Олдинги Низомда бу борада чеклов мавжуд эди - юқорида кўрсатиб ўтилган ҚҚСнинг ортиқча суммаси ҳосил бўлган ҳисобот даври тугаганидан кейин 12 ой мобайнида. Бироқ янги Низомда ҳам, СКда ҳам шу каби норма мавжуд эмас. Бундан СКнинг 88-моддасини қўллаш, яъни даъво қилиш муддати доирасида ҚҚСни ўрнини қоплашни талаб қилиш лозимлиги келиб чиқадими,?
3. Низом ҚҚСнинг ўрнини қоплашнинг тезлаштирилган ва одатдаги тартибларини назарда тутади. Ҳам тезлаштирилган, ҳам одатдаги вариантларга ҳуқуқи бўлган тадбиркорлар қандай йўл тутишлари керак?
Тажрибали бухгалтер топқирлик қилиб, ўрни қопланиши лозим бўлган ҚҚСни икки қисмга ажратади. Ва афтидан – тўғри йўл тутади.
Масалан, солиқ тўловчи 11 млн сўм миқдорида ҚҚС ўрнини қоплаш ҳуқуқига эга: 3 млн – экспорт қилувчи сифатида, 8 млн – илгари харид қилинган барча маҳсулот ҳам реализация қилинмаганлиги сабабли ҳосил бўлган ҚҚСнинг салбий суммаси бўйича. Бу вазиятда 3 млн сўмни ариза берилган пайтдан эътиборан 7 кун ичида соддалаштирилган тартибга биноан олиш мақбул кўринади. Кейин эса – яна 8 млн сўмни умумий асосларда, Низомда айтилганидек, 60 кун мобайнида олиш.
4. Амалдаги қонунчиликка оид зиддиятлар ҳам мавжуд... Мисол учун, маҳсулот тақсимотига оид битим асосида ишлайдиган ташкилотларда, 2020 йил 1 январга қадар тузилган битимларда ва 2007 йил таҳриридаги СКда битим иштирокчиларига хизматлар ва товарлар ҚҚСнинг нол даражали ставкаси билан тақдим этилиши айтилган. Янги таҳрирдаги СКдан етказиб берувчилар товарлар ва хизматларни 15% ҚҚС билан реализация қилишлари кераклиги, кейин эса давлат ушбу сумманинг ўрнини қоплаши келиб чиқади.
Бироқ 30.12.2019 йилдаги ЎРҚ-599-сон Қонуннинг 6-моддаси мавжуд, унда СКнинг 69-боби нормалари 2020 йил 1 январдан кейин тузиладиган маҳсулот тақсимотига оид битимларга нисбатан қўлланилиши айтилган. Бироқ солиқ органлари янги таҳрирдаги Солиқ кодекси нормаларига риоя қилишни талаб қилишмоқда.
Гўёки у ва бошқа ҳолда ҳам битим иштирокчиси пировардида ўзининг нол даражадаги ҚҚСни олади. Бироқ ўрнини қоплаш тартиб-таомили бунда қўшимча куч, вақт талаб қилади ва мажбурий тартибда қўшимча текширувларни назарда тутади. Шу боис тадбиркорлар илгари тузилган ва ҳозирда амалда бўлган битимларда назарда тутилган нормаларга риоя қилишни талаб қилиб туриб олишмоқда. Натижада ушбу низоли жиҳат остига тушадиган ҳисобварақ-фактуралар имзоланмай қолмоқда.
Ҳамма ушбу низоли вазиятнинг ечими янги Қўшилган қиймат солиғи суммаси ўрнини қоплаш тартиби тўғрисида низомда баён этилади, деб кутганди. Бироқ, афсуски, бу рўй бермади.
Ўйлайманки, яқин вақтда амалиёт Низомни қўллашнинг бошқа муаммоли жиҳатларини ҳам аниқлайди. Ҳозирча эса ҚҚСнинг ўрнини қоплашнинг янги тартибини тушуниб олиш истагида бўлганларни 8 сентябрда ўтказиладиган ўзимнинг вебинаримга таклиф этаман. Ҳавола бўйича ёзилиш мумкин.