ҚҚСни ҳисобга қабул қилиш ҳуқуқини ололмасликнинг 13 сабаби

preview

 

Эътибор беринг
ДСҚнинг илтимосига биноан телефонларнинг кенгайтирилган рўйхатини бермоқдамиз, улар орқали "Менинг ҳолатимни текшириш" сервиси иши масалалари бўйича мурожаат қилиш мумкин.

 

Солиқ тўловчининг шахсий кабинетидаги «ҚҚC тўловчиси сифатида махсус рўйхатдан ўтказиш» интерактив хизматида янги сервис – "Менинг ҳолатимни текшириш" хизмати ишга туширилди. Ушбу хизмат қандай ишлаши ҳақида buxgalter.uz илтимосига биноан ДСҚнинг ҚҚС маъмуриятчилиги бошқармаси бошлиғи Фурқат ҚЎШЧОНОВ сўзлаб берди: 

 

– ДСҚ жорий этаётган тизимда ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳномани ва ҚҚС тўловчиси кодини олиш ҳамда уларнинг амал қилишини тўхтатиб қўйиш тўғрисидаги қарор хавф даражаси таҳлилини ҳисобга олган ҳолда қабул қилинади.  

Сиз ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтказиш учун ариза берган бўлсангиз, хавфни таҳлил қилиш тизими базасидаги янги хизмат масалани ижобий ҳал этиш имкониятларингизни баҳолашга ёрдам беради.

Агар гувоҳноманинг амал қилиши тўхтатиб қўйилган бўлса, сиз бунга айнан нима сабаб бўлганини ва уни тиклаш учун нималарни зудлик билан тўғрилаш кераклигини билиб олишингиз мумкин.

 

Мақомни қандай текшириш мумкин

1. Солиқ тўловчининг шахсий кабинетига киринг.

2. «ҚҚC тўловчиси сифатида махсус рўйхатдан ўтказиш» интерактив хизматини очинг ва "Менинг ҳолатимни текшириш" менюсини (сервисини) танланг.

Шунда 18 мезондан иборат рўйхат очилади, улар бўйича хавфни таҳлил қилиш тизими сизни ҚҚСни тўлаш бўйича мажбуриятлар бажарилмаслиги хавфи нуқтаи назаридан баҳолайди.

Барча мезонлар икки гуруҳга бўлинган: “солиқ хавфининг юқори даажасига эга мезонлар” ва “солиқ хавфининг ўрта даражасига эга мезонлар”

Ўрта хавф мезонлари - 5 та. Хавфни таҳлил қилиш тизимида солиқ тўловчига нисбатан ушбу мезонлар бўйича қандайдир шубҳа пайдо бўлса, у кузатувга олинади, бу текширув тайинланиши учун асос бўлиши мумкин.

Юқори хавф мезонлари - 13 та. Солиқ тўловчига нисбатан лоақал улардан биттаси қўлланилса, бу рўйхатдан ўтказиш рад этилишига ёки аввал берилган гувоҳноманинг амал қилиши тўхтатилишига сабаб бўлиши мумкин. Муаммолар бартараф этилганидан кейингина ҚҚС тўловчиси коди билан гувоҳномани олиш (тиклаш) мумкин.

Тизим сизни қандай баҳолашини ҳар бир мезон рўпарасига қўйилган белгилар орқали билиб олишингиз мумкин:

  • яшил рангли доирадаги белги мезонлар бўйича сизда ҳаммаси нормада эканлигини англатади;
  • тўқ сариқ рангли доирадаги белги ўрта хавф - муаммолар борлигини ёки улар мавжуд бўлиши ҳақида шубҳани билдиради.
  • қизил рангли доирадаги белги - солиқ хавфининг юқори даражаси тўғрисида огоҳлантириш.

Мезон рўпарасида ҳеч қандай белги бўлмаса, тизим ушбу мезон бўйича сизни ҳали баҳоламаган бўлади.

Хизмат тест режимида ишлайди, уни ахборот тизимлари билан ўзаро боғлаш ишлари амалга оширилмоқда. Бироз вақт ўтиши билан бундай “бўшлиқлар” бўлмайди, улар ўрнида айтиб ўтилган учта белгидан бири пайдо бўлади..
Ҳар қандай ҳолатда ҳам тўқ сариқ рангдаги белги аниқланган камчиликларни қайта текшириб кўришингиз ва бартараф этишингиз кераклигини англатади. Агар белги хато қўйилган деб ҳисобласангиз, бу ҳақда ҳисобга қўйилган жойингиздаги солиқ органига хабар қилинг ва тегишли ҳужжатларни тақдим этинг.

 

«Қизил» мезонлар ва уларни қандай тўғрилаш мумкин:

1) Раҳбар ҳамда молиявий менежмент функциясини бажарувчи шахснинг ЯММТ тизимида шахси тасдиқланмади.

Ечим: Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг my.mehnat.uz сайтида ЯММТ тизимида раҳбар ва (ёки) юридик шахснинг бухгалтери билан тузилган меҳнат шартномасини рўйхатдан ўтказинг.

 

2) Солиқ органининг маълумотлар базасида таъсисчи (иштирокчи) ҳақидаги маълумотлар мавжуд эмас.

Ечим: яқин орада жойлашган Давлат хизматлари марказига бориб юридик шахснинг таъсисчилари ҳақидаги маълумотларга тузатиш киритинг ёки тўғридан-тўғри рўйхатдан ўтган жойингиздаги солиқ органига маълумотларни тақдим этинг.


3)  Солиқ тўловчи давлат рўйхатидан ўтган манзилида мавжуд бўлмаганда.

Ечим: кўчмас мулк тўғрисидаги маълумотларни солиқ органига ёки Кадастр агентлигининг ҳудудий бўлимларига тақдим этинг.

 

4) Хусусий, ижарага олинган ёки бепул фойдаланиладиган мол-мулк мавжуд бўлмаганда.

Ечим: объект рўйхатдан ўтказилган жойдаги солиқ органига ҳужжатларни (ижара шартномаси ва ҳ.к.) тақдим этинг.

 

5) Солиқ тўловчи манзиллар бюроси базасида мавжуд бўлмаганда.

Ечим: манзил-маълумот бюросига манзилни киритиш (ўзгартириш) учун мурожаат қилинг.

 

6) солиқ тўловчининг манзили номинал жойлашган жой манзили билан тўғри келганда (камида 18 кв.м)

Ечим: бир нечта юридик шахслар майдони камида 18 кв.м бўлган объектда битта манзил бўйича фаолият юрита олмайдилар.

 

7) Амалга оширилаётган битимлар (операциялар) солиқ тўловчининг фаолият тури ва хусусиятларига, шунингдек, ҳисобварақ-фактуралар таҳлили бўйича олинган маълумотлар асосида харид қилинаётган ва реализация қилинаётган товарлар (хизматлар) номенклатурасига номувофиқ бўлганда.

Ечим: Солиқ тўловчи товарларнинг кирим ва чиқим ҳужжатларини солиқ органларига тақдим этиши керак, солиқ органлари уларни ўрганиб чиқиш натижалари бўйича қарор қабул қилади.

 

8) Солиқ ҳисоботлари тақдим этилмаганда.

Ечим: СКга мувофиқ олдинги даврлар учун солиқлар бўйича ҳисоб-китобларни топширинг.  

 

9) Ариза тақдим этилган пайтда солиқ тўловчининг солиқ қарзи мавжуд бўлганда, шунингдек, таъсисчиларининг (иштирокчиларининг) улуши 50% ва ундан кўп бўлган - юридик шахсларнинг солиқ қарзи мавжуд бўлганда.

Ечим: айтиб ўтилган барча шахслар СКга мувофиқ ҚҚС ва бошқа солиқларни тўлашлари лозим.

 

10) Солиқ қарзи мавжуд ёки солиқ хавфи юқори юридик шахслар қўшилганда (бирлашганда).

Ечим: солиқ тўловчи 2 ойдан ортиқ давр мобайнида тўланмаган ҚҚС ва бошқа солиқлар бўйича қарздорликни сўндириши лозим.

 

11) Мурожаат этувчи солиқ тўловчининг раҳбари бир вақтнинг ўзида бошқа солиқ тўловчида (юридик шахсда) раҳбар бўлиб, ушбу солиқ тўловчида солиқ қарзи мавжуд бўлганда ёхуд солиқ ҳисоботлари тақдим этилмаганда.

Ечим: 2 ойдан ортиқ муддат тўланмаган ҚҚСни бюджетга тўлаш ва солиқ ҳисоботини тақдим этиш орқали қарздорликни бартараф этинг.

 

12) Солиқ тўловчининг раҳбари ёки таъсисчи (иштирокчиси) илгари банкрот деб топилган ташкилотда раҳбар ёки таъсисчи (иштирокчи) бўлган. Ёки – илгари раҳбар ёки таъсисчи (иштирокчи) сифатида солиқларни тўлашдан қасддан бўйин товлаганлиги учун жавобгарликка тортилган.

Ечим: мазкур ҳолатни кадрларни тайинлашда ҳисобга олиш лозим. Илгари банкрот ташкилотлар бошқарувига дахлдор бўлган ёки солиқларни тўлашдан бўйин товлаган шахсларни тайинламаган маъқул. Агар шундай қилиниши тақозо этилса, тайинлаш чоғида лоақал ушбу раҳбарда ва у илгари раҳбарлик қилган ташкилотда солиқ қарздорлиги бўлмаслиги лозим.

 

13) Юқори даражада солиқ хавфига эга юридик шахс раҳбари ёки таъсисчиси (иштирокчи) ва солиқларни тўлашдан қасддан бўйин товлаганлик учун жавобгарликка тортилган.

Ечим: ташкилотнинг собиқ раҳбари ёки таъсисчиси СКга мувофиқ солиққа оид мажбуриятларни бажариш (солиқлар бўйича қарздорликни тўлаш, солиқ ҳисоботларини тақдим этиш ва ҳ.к.) орқали камчиликларни бартараф этади.

Эътибор беринг

Хизмат тест режимида ишлайди. Барча изоҳ ва таклифларингизни қуйидагиларга йўллашингиз мумкин:

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади.

ҚҚС ҚҚС ҚҚС /uz/publish/doc/text173071_qqsni_hisobga_qabul_qilish_huquqini_ololmaslikning_13_sababi