Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Қурилиш компанияларида ҚҚС билан боғлиқ 5 та асосий муаммо қандай ҳал этилади?
Қурилиш индустриясининг хусусияти шундаки, бу ерда камдан-кам ҳолларда буюртмачи билан шартнома тузган компания ишларнинг бутун ҳажмини бажаради. Турли босқичларда жараёнга бошқа компаниялар – зарур тажриба ва айрим иш турларини бажариш учун мутахассисларга эга ёрдамчи пудратчилар қўшилади. Қурилиш ишлаб чиқаришининг ушбу хусусияти солиқ солишга ҳам таъсир кўрсатади. Хусусан, бош пудратчи ва ёрдамчи пудратчиларда ҚҚСни ҳисоблаб чиқаришда муаммолар юзага келади. Шарҳимиз – қонунчиликни бузмаган ҳолда уларни ҳал қилиш ҳақида.
1.ҚҚС тўловчиларнинг узилган занжири
Муаммонинг моҳияти:
Амалиётда кўпинча қурилиш иштирокчиларидан бири – бош пудратчи ёки ёрдамчи пудратчи ҚҚС тўловчи бўлмаган ҳолат бўлади. Савол туғилади – ҚҚС билан қандай йўл тутиш лозим? Асосан, муаммолар ёрдамчи пудратчи ҚҚС тўлайдиган, бош пудратчи эса уни тўламайдиган вазиятда юзага келади.
Тўғри ечим:
1-вазият. Бош пудратчи ҚҚС тўламайди, ёрдамчи пудратчи ҚҚС тўлайди. Мазкур вазиятда бош пудратчи ёрдамчи пудратчи иши учун ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда ҳақ тўлайди, бироқ буюртмачига ишларнинг умумий қийматини ҚҚСсиз тақдим этади.
Мисол. ҚҚСни 20% ставка бўйича тўловчи ёрдамчи пудратчи 50 млн сўм миқдоридаги ишларни бажарди, уларга 20% ҚҚС ҳисоблаб, бош пудратчига 60 млн сўм тақдим этди. ҚҚС тўламайдиган бош пудратчи 70 млн сўм миқдоридаги ишларни бажарди ва буюртмачига уларнинг ҚҚСсиз умумий қийматини – 130 млн сўм (60 + 70) тақдим этди.
2-вазият. Бош пудратчи ҚҚС тўлайди, ёрдамчи пудратчи ҚҚС тўламайди. Бош пудратчи ёрдамчи пудратчи ҚҚС тўловчи ҳисобланмаслигига қарамай қурилиш ишларининг бутун ҳажмига ҚҚС ҳисоблаши ва буюртмачига ҚҚСни инобатга олган ҳолда уларнинг умумий қийматини тақдим этиши лозим.
Мисол. ҚҚС тўловчи бўлган ёрдамчи пудратчи 50 млн сўм миқдоридаги ишларни бажарди ва ушбу суммани бош пудратчига тақдим этди. 20% ҚҚС тўловчи бош пудратчи ҚҚСсиз 70 млн сўм миқдоридаги ишларни бажариб, уларга ёрдамчи пудратчи томонидан бажарилган ишларни қўшди, умумий суммага 20% ҚҚС ҳисоблади ҳамда буюртмачига ҚҚС билан 144 млн сўм ((50 + 70) х 1,2) тақдим этди.
2. ЯСТ ва ҚҚС тўловчи
Муаммонинг моҳияти:
Кўпгина бухгалтерлар мазкур тушунчалар бир-бирига тўғри келмайди деб ҳисоблашади ва хатога йўл қўйишади. СКнинг 349-моддасида солиқ солишнинг соддалаштирилган тартибини қўлловчи солиқ тўловчилар уларга хос бўлмаган солиқларни тўлашлари шарт бўлган ҳоллар келтирилган. Масалан, марказлаштирилган манбалардан молиялаштириладиган объектлар бўйича ҚҚС.
Тўғри ечим:
СКнинг 349-моддасига мувофиқ ҳаракат қилинг. Соддалаштирилган солиқ солишда бўлган солиқ тўловчилар қурилиши Давлат бюджети ва марказлаштирилган манбалардан молиялаштириладиган объектлар бўйича ҚҚС тўлашлари шарт.
3. Қурилишни материаллар билан таъминлаш тартиби
Муаммонинг моҳияти:
Амалиётда кўпинча буюртмачи (бош пудратчи) қурилиш материаллари сотиб олади ва кейинчалик бош пудратчи (ёрдамчи пудратчи) уларни ўз ишларини бажаришда ишлатади. Ушбу жиҳат ҳам бухгалтерия ҳисобида, ҳам солиқ солишда қийинчилик туғдиради. Бухгалтерлар такомилига етказилмаган қонунчиликдан нолишади. Бироқ, экспертлар норматив базада муаммолар йўқлигига ишонишади ва оддий йўриқномага риоя қилишни тавсия қилишади.
Тўғри ечим:
Пудрат шартномасини олиб, унда ушбу материалларга нисбатан нима дейилганлигини диққат билан кўриб чиқинг. Қурилишни материаллар билан таъминлашнинг учта варианти бор:
1.Бу моддий қимматликларни қабул қилиш-топшириш далолатномаси асосида давал хом ашёси сингари бериладиган буюртмачи материаллари бўлиши мумкин. Мазкур ҳолда бу материалларга мулк ҳуқуқи буюртмачидан бош пудратчига ёки бош пудратчидан ёрдамчи пудратчига берилмайди;
2. Бош пудратчи (ёрдамчи пудратчи) ушбу материалларни буюртмачи (бош пудратчи)дан сотиб олади (харид қилади) ва бир вақтнинг ўзида уларга нисбатан мулк ҳуқуқини олади;
3. Бош пудратчи (ёрдамчи пудратчи) ишларни бажаришда у етказиб берувчилардан сотиб олган ўзининг материалларини ишлатади.
Биринчи ҳолда СКнинг 204-моддаси нормасига риоя қилинг: агар шартномага асосан буюртмачи қурилиш материаллари билан таъминласа, ушбу материалларга мулк ҳуқуқи унда сақланиб қолган тақдирда буюртмачи материаллари қийматини киритмаган ҳолда бажарилган ва тасдиқланган ишлар қиймати ҚҚС бўйича солиқ солиш базаси ҳисобланади.
Мисол. Буюртмачи бош пудратчига 10 млн сўм миқдоридаги материалларни тақдим этди. 20% ставка бўйича ҚҚС тўловчи бош пудратчи буюртмачининг материалларини инобатга олган ҳолда ва ҚҚСсиз жами 100 млн сўм миқдоридаги ишларни бажарди. Бош пудратчи буюртмачига маълумотнома-ҳисобварақ-фактурани беришда унга 108 млн сўм ((100 – 10) х 1,2) тақдим этади.
Иккинчи ва учинчи ҳолларда ўша СКнинг 204-моддаси нормасига риоя қилинг: бажарилган ва буюртмачи томонидан тасдиқланган ишларнинг ҚҚС киритилмаган қиймати қурилиш ишлари бўйича солиқ солинадиган базадир. Бу бош пудратчи (ёрдамчи пудратчи) буюртмачи (бош пудратчи) ёки етказиб берувчилардан сотиб олинган қурилиш материаллари қийматини ишларнинг умумий қийматига киритиши ва унга ҚҚС солишини билдиради.
4. Бош пудрат хизматлари
Муаммонинг моҳияти:
Бу атама қурилишда фаол қўлланилади. Гарчи у қонунчиликда белгиланмаган бўлсада, у бош пудратчи ёрдамчи пудратчига кўрсатиши мумкин бўлган хизматларни англатади. Масалан, бу техник ҳужжатлар, вақтинчалик иншоотлар (турар жой, омбор) билан таъминлаш, қурилиш майдонини ободонлаштириш ва сақлаш, ахлат чиқариш ва ҳ.к. бўлиши мумкин. Амалиётда бош пудратчи ёрдамчи пудратчилар билан ҳисоб-китобда бош пудрат хизматлари қийматини ушлаб қолиб, қолган суммани унга ўтказади. Бироқ, ёрдамчи пудратчилар бухгалтерлари бундай вазиятларда бош пудрат хизматларини ҳисобга олиш ва ҚҚС ҳисоб-китобида қийналмоқдалар.
Тўғри ечим:
Кўпгина ёрдамчи пудратчилар бухгалтерлари бош пудрат қийматини ҚҚС бўйича солиқ солиш базасидан чегириб ташлайдилар ва ўз ҳаракатларини бу пуллар уларнинг компаниялари ҳисобварақларига тушмаганлиги билан оқлашади. Лекин бу хато ҳисобланади. Улар бажарилган ишларнинг умумий қийматидан ҚҚС ҳисоблашлари ва бунда бош пудрат хизматларини ундан айириб ташламасликлари керак.
Бир хил амалиёт учун бош пудрат хизматларини қонунчиликда, шу жумладан солиқ қонунчилигида белгилаш зарур. Хорижда кўп мамлакатларда, жумладан, Россияда, бу тушунча қонунчиликда белгиланган, у билан боғлиқ нозик жиҳатлар тартибга солинган. Ўзбекистон қонунчилигида ҳозирча бу бартараф этилиши кутилаётган камчиликдир. Нормаларни тасдиқлаш амалиётда вужудга келадиган талай низоли вазиятларга барҳам берган бўлар эди.
5. Ҳисобварақ-фактура
Муаммонинг моҳияти:
Қурилиш ташкилотлари амалиётига махсус ҳужжат – Бажарилган ишлар (кўрилган зарарлар) тўғрисида маълумотнома-ҳисобварақ-фактура мустаҳкам кириб келди. У ўзини объект қурилиши бошлангандан бошлаб ўсувчи якун билан тўлдириладиган, ҳисобварақ-фактура реквизитлари бўлган бажарилган ишлар далолатномасини намоён қилади. Мазкур шаклдан фойдаланиш алоҳида ҳисобварақ-фактура тузиш заруратидан озод этади. Бироқ, 2020 йил 1 январдан бошлаб электрон ҳисобварақ-фактураларга ўтилгандан кейин ҳамма умум қабул қилинган қоидаларга бўйсунишига тўғри келади. ДСҚ мутахассисларининг тушунтиришича, электрон ҳисобварақ-фактуралар тизими (МВ ва ДСҚнинг қарори билан тасдиқланган, АВ томонидан 21.01.2019 йилда 3126-сон билан рўйхатдан ўтказилган) ҳисобварақ-фактураларнинг ягона шаклига асосланган бўлиб, қурувчилар учун унинг алоҳида шакли назарда тутилмаган.
Тўғри ечим:
Қурилиш ташкилотлари бухгалтерлари умумбелгиланган амалиётга риоя қилишларига тўғри келади. Электрон ҳисобварақ-фактуралар тизимидаги ҳисобварақ-фактуралар Молия вазирлиги ва ДСҚ томонидан тасдиқланган шакл бўйича расмийлаштирилади. Зарурат бўлганда электрон ҳисобварақ-фактурага қоғоз шаклида бажарилган ишлар тўғрисидаги далолатнома тузиш мумкин.
Ирина Ахметова, «Norma» МЧЖ эксперти,
Олег Гаевой, мухбир.