Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Ўзбекистон ҳудудидаги туристик хизматлар экспортига ҚҚС солинадими
ҚҚС тўловчиси ҳисобланган корхона Ўзбекистон ҳудудида туристик хизматлар кўрсатади. Мазкур корхона ва хорижий компания ўртасида экспорт шартномаси тузилди ва у ТСОЯЭАТда расмийлаштирилди. Ўзбекистон ҳудудида хорижликларга кўрсатиладиган туристик хизматларга ҚҚС солинадими? Корхона харид қилинган товарлар (хизматлар) бўйича ҚҚСни ҳисобга олишга ҳақлими?
Buxgalter.uz илтимосга кўра, саволларга Молия вазирлигининг билвосита солиқлар ва божхона тўловлари методологияси бўлими бошлиғи Баҳодир БОЙҚАБИЛОВ жавоб берди:
ҚҚСни ҳисоблаш
- “Реализация қилиш жойи Ўзбекистон бўлган хизматлар айланмаси ҚҚС солиш объекти ҳисобланади .
Умумий қоидага кўра, агар хизматлар харидори Ўзбекистон ҳудудида фаолиятни амалга оширса ёки турса, Ўзбекистон хизматларни реализация қилиш жойи деб эътироф этилади . Агар кўрсатиладиган хизматлар СК 241-моддаси, 3-қисмидаги 1-10 бандларида келтирилган бўлса, уларни реализация қилиш жойи бошқа қоидалар билан белгиланади.
Агар хизматлар асосий фаолиятлар реализациясига нисбатан ёрдамчи хусусиятга эга бўлса, бунда асосий хизмат жойи уларнинг реализация қилиш жойи деб эътироф этилади .
Туризм, меҳмонхона хизматлари ва жойлаштируви СК 241-модда 3-қисми, 3-бандида кўрсатилган. Агар бу хизматлар ҳақиқатдан ҳам Ўзбекистон ҳудудида кўрсатилса (кўриб чиқилаётган ҳолатдаги каби), уларни реализация қилишдан тушган айланмага 15 % ставкали ҚҚС солиғи солинади.
Мазкур ҳолатда ноль даражали ставка қўлланилмайди, чунки, туристик хизматларни экспорт қилиш ноль даражали ставка бўйича солиқ солинадиган экспорт операциялари рўйхатига киритилмаган .
ҚҚСни ҳисобга олиш
Солиқ тўловчи, агар кўрсатилган қуйидаги шартларни бир вақтда бажарган тақдирда, ҳақиқатдан олинган товарлар (хизматлар) бўйича ҚҚС суммасини ҳисобга олишга ҳақли :
- хизмат кўрсатиш билан боғлиқ фаолиятини амалга ошириш чоғида реализация қилиш бўйича айланмасига солиқ солинишида қўлланилган тақдирда;
- уларга ҳисобварақ-фактура ёки етказиб берувчи томонидан тақдим этилган солиқ суммаси алоҳида ажратиб кўрсатилган бошқа ҳужжат олинган бўлган тақдирда;
- товарлар (хизматлар) етказиб берувчи ҚҚС тўловчи сифатида рўйхатга олинган тақдирда.
Алоҳида ҳолатларда ҚҚС ҳисобга олинмайди . Хусусан, бу қуйидагиларга тегишли:
- вакиллик харажатлари;
- товарлар (хизматлар)ни беғараз тарзда олиш, қабул қилувчи томонидан товар ёки хизматларга солиқ тўланган ҳолатлар бундан мустасно;
- товарлар (хизматлар) шахсий эҳтиёжлар учун харид қилинса, фойда солиғини ҳисоблашда ҳисобга олинмайдиган харажатлар.”