Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Ўзбекистонда ҚҚСнинг турли ставкалари жорий этиладими?
Қўшилган қиймат солиғи ҳозирда 15%лик ягона ставка бўйича тўланади. Бироқ, айрим тармоқ вакиллари пасайтирилган ҚҚС ставкаларини жорий этишни ёки айрим фаолият турларини солиқдан озод қилишни таклиф этадилар. Бундан ташқари, бу яна бухгалтерлар фаолиятини мураккаблаштиради, у истеъмолчи ва бизнес нуқтаи назаридан самарали бўладими? Молия вазирлиги табақалаштирилган ставкаларни жорий этишнинг мақсадга мувофиқлиги ҳақида қандай фикрда?
Buxgalter.uz Молия вазирининг ўринбосари Дилшод СУЛТАНОВнинг фикрини сиз билан ўртоқлашади:
1. Катта моддий харажатлар талаб этмайдиган хизматлар учун пасайтирилган ставкаларни белгилаш ёки ҚҚСдан озод қилиш лозимми? Масалан, меҳмонхона ва туроператорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида уларнинг хизматларини 5% ставкада солиққа тортиш ёки умуман солиққа тортмаслик таклиф этилмоқда.
Дилшод СУЛТАНОВ бундай таклифларнинг муаллифлари ҚҚС охирги истеъмолчи томонидан тўланадиган солиқ эканлигини ҳисобга олмайдилар, деб ҳисоблайди. Шу боис, кўп мамлакатларда ҚҚС ставкаларини пасайтириш тарафдори бўлган сиёсатчилар ўз таклифларини ишлаб чиқарувчилар ва савдо манфаатлари билан эмас, балки истеъмолчилар манфаатлари билан асослайдилар.
Фараз қилайлик, муайян тармоқ учун, масалан, меҳмонхона хизматлари учун ҚҚС бўйича имтиёзлар жорий этилди. Бизнеснинг қайсидир қисми ютади, қайсидир қисми ютқазади. Мисол учун, бугунги кунда давлат меҳмонхона очаётган компанияларга қурилиш пайтида улар томонидан тўланган ҚҚСни тўлиқ қоплаб бермоқда. Агар сиз меҳмонхонага 11,5 млрд. сўм инвестиция киритган бўлсангиз, шундан 1,5 млрд. сўми қурилиш материаллари, хизматлар ва бошқалар учун тўланган ҚҚС бўлса, у ҳолда меҳмонхона сизга ҳақиқатда 10 млрд. сўмга тушади. Бир ярим миллиардни сизга бюджет қайтариб беради. Бунинг ягона шарти меҳмонхона ҚҚС тўловчиси бўлиши керак. Тўловчи бўлмаганга солиқ бюджетдан қопланмайди, у амортизацияни оширган ва фойдани камайтирган ҳолда меҳмонхона қийматига киритилади.
Истеъмолчи нуқтаи назаридан ҳамма нарса ҳам равшан эмас. Биз ўйлаб кўришимиз керак бўлган биринчи нарса – бундан охирги истеъмолчи ютадими? Иккинчиси – мазкур наф солиқ маъмуриятчилигида қўшимча харажатларни қоплайдими?
Халқаро тажриба шуни кўрсатадики, ҚҚС ставкасини камайтириш, одатда, товар ва хизматларни мос равишда арзонлаштирмайди. Масалан, Ўзбекистонда бундан бир ярим йил аввал солиқ ставкаси 20% дан 15% гача пасайтирилган эди. Истеъмолчилардан кимдир нархларнинг 5%га ҳақиқатда тушганлигини сездими? Товарлар ва хизматларнинг аксарияти бўйича нархлар тушмаган. 2021 йил январидан акциз солиғи бекор қилинган импорт товарлари нархлари ҳам арзонлашмади. Бу рақобат йўқлигини ёки истеъмолчи ушбу нархни тўлашга тайёрлигини ва чакана савдо бу нархни пасайтиришни хоҳламаётганлигини билдиради.
ҚҚСнинг пасайтирилган ставкалари одатда паст даромадга эга бўлган истеъмолчиларнинг манфаатлари, яъни ижтимоий мақсадлар учун деб изоҳланиб жорий этилади. Бу ишлаши учун солиқ ставкаси пасайтирилиши истеъмолчиларга нархларни пасайтириш кўринишида берилиши лозим.
Назарий жиҳатдан, бозор тўлиқ рақобатли бўлса, бу, ҳақиқатда шундай бўлиши керак. Бироқ, бозор иқтисодиёти ривожланган мамлакатларда ҳам товар ва хизматлар бозорлари тўлиқ рақобатли эмас ва амалда ҚҚСнинг пасайтирилган ставкалари нархларнинг етарли даражада камайишига олиб келмайди.
Фараз қилайлик, туристик хизматларни ҚҚСдан озод қилдик... Ишончим комилки, бу нархларнинг 15% пасайишига олиб келмайди. Биринчидан, биз сайёҳлик компанияларининг барча контрагентларига шундай имтиёзлар бера олмаймиз (автомобиль ташувчиларига, умумий овқатланиш, электр энергияси, газ етказиб берувчилар ва бошқалар) ва хизматлар таннархи ошади. Иккинчидан, меҳмонхона хоналарининг бозор нархи бор – 250 минг сўмдан бир неча миллион сўмгача. – уларни эса ҳеч ким туширмайди.
ҚҚС ставкасини камайтиришнинг самарали муқобил варианти мавжуд – бу манзилли субсидиялар орқали тармоқни қўллаб-қувватлаш. Шунинг учун давлат инвесторларга янги меҳмонхоналарни қуриш ва жиҳозлаш учун субсидиялар тўлайди. Демак, 100 хонали 4 юлдузли меҳмонхона учун инвестор 6,5 млрд. сўм миқдорида субсидия олади. Шундай қилиб, давлат бозорда янги меҳмонхоналар пайдо бўлишини рағбатлантиради, бу рақобат кучайиши ва ростдан ҳам нархларни пасайтириши керак. Бизнесни бундай манзилли қўллаб-қувватлаш, истеъмолчига ҳеч нарса бермайдиган ҚҚС дан озод қилиш ёки пасайтирилган ставкаларни жорий қилишдан кўра анча самаралидир.
Бундан ташқари, бизнесда имтиёзли режимлар жорий этиш билан солиқ маъмурчилигида ва алоҳида-алоҳида ҳисобни юритишда қийинчиликлар пайдо бўлади. Имтиёзли ҚҚС ставкаси мавжуд бўлганда солиқ низоларининг юқори эҳтимоли мавжуд. Мисол учун, меҳмонхона хизматлари нархига киритилган нонушта - бу овқатланиш хизматими ёки яшаш хизматими? Ягона ставкада ҳеч қандай муаммо йўқ - барчасига 15% ҚҚС солинади. Агар биз меҳмонхона хизматлари учун пасайтирилган ставкаларни белгиласак, нонушта қийматини қайси ставка бўйича солиққа тортамиз – 5%ми ёки 15 %?
Бундай низолар меҳмонхона томонидан кўрсатиладиган бошқа барча хизматлар – кир ювиш, фитнес, туристларни ташиш ва бошқалар бўйича юзага келади.
Доимий суд келишмовчиликлари – табақалаштирилган ҚҚС ставкалари мавжуд бўлган мамлакатлар учун оддий ҳол. Европа судининг ҚҚС бўйича аксарият суд жараёнлари муайян товар ёки хизматни қайси ставка бўйича солиққа тортилиши билан боғлиқ. Шундай ҳолат Россия, Туркия, Австралия ва бир нечта ҚҚС ставкалари мавжуд бўлган бошқа мамлакатларда содир бўлмоқда.
Масалан, айрим мамлакатларда босма маҳсулотлар ҚҚСнинг пасайтирилган ставкасида солиққа тортилади. Агар босма маҳсулотга флэш-хотирада электрон версия бўлса ва унинг нархи босма нашрнинг нархидан юқори бўлса, қандай ставкани қўллашимиз керак? Бундай айланма билан алоҳида ҳисобнинг юритилиши доимо қийинчилик ва суд низоларига сабаб бўлади.
Бунда, амалиёт кўрсатганидек, бизнесга ёрдам беришнинг яна бир усули – бюджетга солиқни тўлаш муддатини ошириш. Тадбиркор харидордан оладиган ҚҚС – бу бюджет пулидир. Сиз солиқни кейинги ойнинг 20 санасига қадар тўлаганингизда, аслида харидордан пул тушган кундан бошлаб ҚҚС бюджетга ўтказилган санагача фоизсиз кредитдан фойдаланасиз. Агар солиқни чоракда бир марта тўланадиган қилган ҳолда ушбу муддат узайтирилсачи? Фоизсиз кредитдан фойдаланиш муддати 2-3 баробар ошади.
Ўзбекистонда ўтган йили айнан шундай норма жорий этилди. 2020 йилнинг апрелидан товарлар (хизматлар)ни реализация қилиш бўйича айланмаси 1 млрд. сўмдан ошмайдиган ҚҚС тўловчилари чоракда бир марта ҚҚС тўлашни бошладилар. Бу эса корхоналарнинг айланма маблағларини кўпайтириб, уларнинг кредит ресурсларига бўлган эҳтиёжини камайтирди ва банк кредитларини тўлаш учун ўн миллиардлаб сўм маблағни тежади.
2. Унда нима учун жуда кўп мамлакатлар ҚҚСнинг пасайтирилган ставкаларига қарши ишончли далилларга қарамай, уни қўллайдилар?
Европада пасайтирилган ставкалардан 1967 йилда ҚҚС жорий этилганидан бери фойдаланилган. Ўша пайтда юзага келиши мумкин бўлган салбий оқибатларни ҳеч ким билмасди. Муаммолар ўн йиллар ўтиб кўриниб қолди. Аммо имтиёзларни киритишдан кўра уларни бекор қилиш анча қийин.
Бундан ташқари, имтиёзли ҚҚС ставкаси қўлланадиган тармоқларда фаолият юритувчи тадбиркорлар бирлашмалари тимсолида ҚҚСнинг пасайтирилган ставкаларининг кучли лоббиси бор.
Ривожланган мамлакатларда айрим товар ва хизматларни имтиёзли солиққа тортишнинг яна бир эҳтимолий сабаби - сайловчиларга ҚҚС базасига киритилган барча товар ва хизматларни бир хилда солиққа тортиш зарурлигини тушунтира олмаслик ёки истамасликдир.
Ривожланаётган мамлакатларда муҳим товарлар учун имтиёзли ставкалардан фойдаланишнинг сабаби аҳолининг ижтимоий ҳимоясининг мавжуд механизмлари самарадорлигига ҳокимиятнинг ишончи йўқлигидир. Улар эҳтиёжмандларни тўғридан-тўғри ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг янада самарали усулларини қўллай олмайдилар.
Манбага қаранг.