Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
SoliqUz орқали шикоятлар бўйича чек бермаганлик учун қандай жазолашади
ДСҚ 2022 йил 1 июндан бошлаб касса чекларини бермаганлик тўғрисида SoliqUz мобиль иловаси орқали аризалар бериш ва уларни кўриб чиқишнинг янги қоидаларини жорий этади. Тадбиркорлик субъекти устидан бир мартадан кўп ариза келиб тушган тақдирда бу сайёр солиқ текшируви ва молиявий санкцияларга сабаб бўлади.
Buxgalter.uz илтимосига биноан ДСҚ Солиқ назорати департаментининг бошқарма инспектори Неъматжон РАҲМОНОВ бу қандай ишлаши ҳақида батафсил сўзлаб берди:
– 1 июндан бошлаб бир нафар SoliqUz фойдаланувчиси:
- 24 соат ичида 2 тадан ортиқ ҳуқуқбузарликлар тўғрисида;
- 30 календарь куни давомида айнан битта шохобча бўйича 1 мартадан кўп мурожаат юбориши мумкин эмас.
SoliqUz мобиль иловасининг “Солиқ ҳамкор” функционали орқали биринчи маротаба келиб тушган шикоят бўйича тадбиркорлик субъектига ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабарнома берилади ва тушунтириш ишлари олиб борилади.
Иккинчи шикоят савдо шохобчаси фаолиятини ўрганиш, сайёр солиқ текшируви ва молиявий санкциялар учун асос бўлади.
Аниқланган ҳуқуқбузарликлар ҳақида SoliqUz орқали хабар берганлик учун солиқ органлари ходимлари мукофот ололмайди.
Агар харидор шикоят жўнатса
Мурожаатни кўриб чиқишнинг бориши ҳақида солиқ органлари уни СМС орқали ва бевосита SoliqUz иловасида хабардор қилади.
Агар тадбиркорлик субъекти устидан бир вақтнинг ўзида бир нечта харидор шикоят қилган бўлса, кўриб чиқиш учун фақат биринчи шикоят қабул қилинади. Қолган ариза берувчилар шунга ўхшаш шикоят кўриб чиқилаётганлиги ҳақида хабар оладилар . Тадбиркорлик субъектига нисбатан янги аризалар фақат олдинги шикоят қўриб чиқилгандан кейин қабул қилинади.
SoliqUz орқали келиб тушган аризаларни кўриб чиқишда солиқ органи инспектори тафсилотларни аниқлаштириш учун ариза берувчи билан боғланиши мумкин.
Шунингдек, текширув чоғида солиқ органларида мавжуд бўлган маълумотлар мажбурий тартибда эътиборга олинади. Хусусан - онлайн-НКМ тизими маълумотлари. Мисол учун, агар дўконда иш куни мобайнида чеклар урилмасдан, смена охирида эса улар бирдан кўп чиқса, катта эҳтимол билан бу ҳуқуқбузарликдан далолат беради.
Такрорий шикоятдан кейин олинган маълумотлар асосида солиқ органи Бизнес-омбудсманни хабардор қилган ҳолда ва Солиқ текширувларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида
низомга мувофиқ назорат харидини амалга ошириш тўғрисида қарор қабул қилади.
Агар текширувда чек берилмаганлиги ҳолати аниқланса, СКнинг 221-моддасига биноан санкциялар қўлланилади. Материаллар маъмурий судга ёки прокуратурага топширилиши мумкин.
Шикоят учун мукофот қандай олинади
SoliqUz да мурожаат шаклида - ариза берувчи мукофот олишни истайдими ёки йўқ, деган савол мавжуд. Тадбиркорлик субъектидан ундирилган жариманинг 20%и миқдоридаги тўлов солиқ органининг ёки суднинг қарори кучга киргандан сўнг ариза берувчининг банк картасига келиб тушади .
Манбага қаранг.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади