Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Ишончномани «сўм» ўлчов бирлиги билан расмийлаштириш ва қабул қилиш мумкинми
«Товарларни олиш учун ишончномани расмийлаштиришда харидорлар товарнинг ҳар бир позициясини кўрсатишни хоҳлашмайди, уларга битта сатрда «Товарлар ассортиментда» деб ёзиш ва «сўм» ўлчов бирлигини кўрсатиш қулайроқ. Илгари ишончномада «сўм» ўлчов бирлигини танлаш имконияти бўлган. Ҳозир бундай имконият мавжуд эмас, фақат «хизмат (сўм)» мавжуд. Харидорлар электрон ишончномаларни «хизмат (сўм)» ўлчов бирлиги билан тақдим этишмоқда ва «сони» устунида товар жўнатиладиган миқдорга суммани ёзишмоқда.
Корхона харидорлардан товарлар учун электрон ишончномани «хизмат (сўм)» ўлчов бирлиги билан қабул қилиши мумкинми?»
Buxgalter.uz илтимосига биноан Солиқ қўмитасининг ҚҚС бошқармаси бўлими катта инспектори Гулноза ҚАРШИЕВА жавоб беради:
– Йўқ, бундай ишончнома уни тўлдиришнинг белгиланган тартиби бузилган ҳолда расмийлаштирилган. Етказиб берувчи корхона харидордан бундай ишончномани қабул қилишга ҳақли эмас.
Олди-сотди шартномасида товарлар номи, ўлчов бирликлари ва сони кўрсатилган. Товарларни уларни олиш учун берилган ишончномада акс эттириш шартномага мувофиқ бўлиши керак.
Ҳозирги вақтда электрон ҳисобварақ-фактуралар, шартномалар ва ишончномаларни Маҳсулотлар (товар ва хизматлар) ягона электрон миллий каталогига мувофиқ тўлдириш тартиби амал қилмоқда . Ҳар бир товар МХИК учун Каталогда муайян ўлчов бирликлари бириктирилган, улар товарларни (хизматларни) реализация қилиш чоғида ҳужжатларда кўрсатилади. Тегишинча, харидор ҳам ишончномани расмийлаштиришда сотиб олинаётган товарларни уларга берилган МХИК ва бириктирилган ўлчов бирликларига мувофиқ кўрсатиши керак.
«Хизмат (сўм)» ва «хизмат (марта)» ўлчов бирликлари ҳужжат айланишида фақат хизматлар кўрсатишда қўлланилади:
- «хизмат (сўм)» – агар уларни алоҳида қисмларга бўлиш имконияти ва заруриятисиз бир-биридан ажралмас ўзаро боғлиқ жараёнларни ўз ичига оладиган комплекс хизмат кўрсатилса (мисол учун, биноларни таъмирлаш хизматлари);
- «хизмат (марта)» – агар бошқа жараёнлардан алоҳида хизмат кўрсатилса ва уни тақдим этиш сонини ҳисобга олиш мумкин бўлса (мисол учун, гилам ювиш хизматлари, маслаҳат хизматлари).