Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Бир контракт доирасида ташқи савдо операциялари бўйича ўзаро ҳисоб-китобни амалга ошириш мумкинми
“МЧЖ товарларни Ўзбекистонга олиб кириш-олиб чиқишсиз ташқи савдо операциялари бўйича фаолиятни амалга оширади (99 туридаги ташқи иқтисодий операциялар, 18 ва 19 туридаги контрактлар). Чет эллик ҳамкор билан тузилган айни бир шартнома бўйича тўловлар Россия рублида, товарни жўнатиш эса еврода амалга оширилган. Улар ўртасида дебиторлик-кредиторлик қарзи ҳосил бўлмаслиги учун ўзаро ҳисоб-китобни амалга ошириш лозим бўлган. Шартномада товарлар учун тўловлар турли валюталарда РФ курслари бўйича амалга оширилиши мумкинлиги ҳақидаги банд мавжуд.
МЧЖ Ўзбекистоннинг резиденти бўлган ҳолда валюта операциялари бўйича РФ курсларига асосан ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириши мумкинми?”
Вазиятни buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА тушунтирди:
– Муқобил ўхшаш талаб ҳисобга ўтказилиши билан мажбурият тўлиқ ёки қисман бекор бўлади .
Ўзбекистон ҳудудида товарлар (ишлар, хизматлар) учун барча ҳисоб-китоблар ва тўловлар Ўзбекистон валютасида амалга оширилади, бундан айрим ҳоллар мустасно . Ўзбекистон ҳудудида реализация қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) нархларининг чет эл валюталарига ва шартли бирликларга боғланишига йўл қўйилмайди, бундан “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги Қонуннинг 9-моддаси 3-қисмида кўрсатилган ҳоллар мустасно.
Бунда 14.05.2020 йилдаги 283-сон ВМҚ доирасида қуйидагиларга йўл қўйилади (ВМҚга 1-илованинг 15-банди):
- тўлов импорт қилувчининг ўз валюта маблағлари ҳисобига амалга оширилган бир хўжалик юритувчи субъектнинг икки ва ундан ортиқ импорт контрактлари доирасида ўзаро ҳисоб-китобларни амалга оширишга;
- бир хўжалик юритувчи субъектнинг икки ва ундан ортиқ экспорт контрактлари доирасида ўзаро ҳисоб-китобларни амалга оширишга.
Ташқи савдо контракти бўйича ўзаро ҳисоб-китоблар хўжалик юритувчи субъект томонидан, агар қонун ҳужжатларида ўзгача қоида назарда тутилмаган бўлса, фақат унинг Ўзбекистон тижорат банкидаги ҳисоб рақами орқали амалга оширилиши мумкин .
99 туридаги ташқи иқтисодий операцияларда Ўзбекистоннинг резидентлари товарни Ўзбекистонга олиб кирмаган ҳолда сотиб олишади ва сотишади. Яъни, бундай товар божхона расмийлаштирувисиз ва Ўзбекистон ҳудудида эркин муомалага чиқарилмасдан – чет элдан чет элга сотилади.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, хулоса қиламиз:
1. Кўриб чиқилаётган вазиятда сизда битта контракт мавжуд ва 14.05.2020 йилдаги 283-сон ВМҚ билан тасдиқланган Низомнинг 15-банди 1-2-қисмлари шартларини – “икки ва ундан ортиқ ... доирасида” қўллаш мумкин эмас. Демак, ўзаро ҳисоб-китобнинг ҳам имконияти йўқ;
2. 99 туридаги ташқи иқтисодий операцияларни харид қилиш ва реализация контрактлари (18 ва 19 туридаги) билан “кесиштириш” ва ўзаро ҳисоб-китобни амалга оширишнинг амалий жиҳатдан ҳамда ВМҚ билан тасдиқланган Низомнинг 15-банди доирасида имкони йўқ.