Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Доимий муассасани хизматлар кўрсатиш жойи бўлмаган жой бўйича ҳисобга олиш мумкинми
Хорижий компания Қорақалпоғистонда амалга оширилаётган лойиҳа доирасида техник аудит бўйича хизматлар кўрсатиш учун тендерни ютиб олди. Компания ўзининг янги доимий муассасасини хизматлар кўрсатиш жойи бўйича эмас, балки бошқа ҳудудда - Тошкент вилоятида ҳисобга қўймоқчи. Буни амалга оширса бўладими ва бу ҳолда қандай ҳужатларни тақдим этиш зарурлигини buxgalter.uz илтимосига биноан ДСҚ Солиқ солиш методологияси департаменти бош мутахассисиси Рано АЛИШАЕВА тушунтирди:
- “Доимий муассаса (ДМ)” тушунчаси фақат солиқ мақомини аниқлаш учун қўлланилади ва ташкилий-ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас.
ДМнинг мавжудлиги чет эл юридик шахсини у тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган бошқа давлат ҳудудида солиқлар тўловчиси деб эътироф этишга олиб келади.
Чет эл юридик шахсининг Ўзбекистондаги доимий муассасаси - бу у республикада у орқали тўлиқ ёки қисман тадбиркорлик фаолиятини амалга оширадиган фаолиятнинг доимий жойи. ДМни ташкил этишга олиб келадиган вазиятларнинг тўлиқ рўйхати СКнинг 36-моддасида келтирилган.
Хусусан, чет эл юридик шахси томонидан ўз хизматчилари ёки шу мақсадлар учун унинг томонидан ёлланган бошқа ходимлар орқали хизматлар кўрсатиш (шу жумладан бажариладиган маслаҳат хизматлари), башарти бундай фаолият исталган кетма-кетликдаги 12 ойлик давр мобайнида камида 183 кун давом этса, ДМ деб эътироф этилади.
Ўзбекистон ва чет эл компаниясининг резидентлик мамлакати ўртасида тузилган иккиёқлама солиқ солишни олдини олиш тўғрисида халқаро шартнома ДМ ташкил этишнинг бошқа муддатлари билан шунга ўхшаш мезонларни ўз ичига олиши мумкин.
Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси ва Руминия ўртасидаги конвенция “Доимий муассаса” 5-моддаси 3-банди б) кичик бандига асосан “доимий муассаса” атамаси қуйидагиларни ўз ичига олади: “битта келишилаётган давлат корхонаси томонидан хизматчилари ёки шу мақсадлар учун унинг томонидан ёлланган бошқа ходимлар орқали бошқа келишиладиган давлатда хизматлар кўрсатиш, шу жумладан бажариладиган маслаҳат хизматлари, башарти бундай фаолият худди шу объект ёки у билан боғлиқ объект учун исталган кетма-кетликдаги 12 ойлик давр мобайнида жами 9 ойдан ортиқ давом этса”.
Ўзбекистонда ДМ ташкил этилишига олиб келадиган фаолиятни амалга оширувчи чет эл юридик шахси фаолиятни амалга ошириш жойидаги солиқ органида солиқ тўловчи сифатида ҳисобга қўйилиши лозим .
ДМни ҳисобга қўйиш тартиби ва тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхати СКнинг 130-моддасида назарда тутилган.
Масалан, чет эл компанияси солиқ органига қуйидагиларнинг асли ёки нотариал тасдиқланган нусхаларини илова қилган ҳолда ДМни ҳисобга қўйиш тўғрисида ариза беради:
1) Ўзбекистон норезиденти бўлган ушбу юридик шахс таъсис этилган мамлакатда давлат рўйхатидан ўтказилганлигини тасдиқловчи ҳужжат;
2) махсус рухсат берувчи ҳужжатлар ёки лицензиялар (агар мавжуд бўлса);
3) Ўзбекистонда Ўзбекистон норезиденти бўлган юридик шахс номидан ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқини тасдиқловчи ишончнома ёки бошқа ҳужжат (агар мавжуд бўлса);
4) уни ижро этиш ДМ ташкил этилишига олиб келадиган шартнома (агар мавжуд бўлса).