Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Қандай қилиб товарларни "импорт"дан "реэкспорт" режимига қайта расмийлаштириш керак
Товарлар ИМ 40 режимидан реэкспортга расмийлаштириладими? Бундай қайта расмийлаштирилаётганда божхонанинг рухсатномаси керак бўладими? Божхона тўловлари ИМ 40 режими чоғида тўлаб қўйилган бўлса нима қилинади? Саволга ДБҚ мутахассислари жавоб беришди:
– Товарни реэкспорт режимига жойлаштириш учун божхона органининг рухсатномаси керак . Импортдан реекспорт режимигача бўлган товарлар Божхона кодексининг 6-бобида назарда тутилган шартлар ва талабларга риоя қилинган ҳолда расмийлаштирилади.
Реэкспорт божхона режими шундай режимки, бунда божхона ҳудудига илгари олиб кирилган товар ёхуд божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимига жойлаштирилган товарни қайта ишлаш маҳсулоти божхона ҳудудидан божхона божлари ва солиқлар тўланмаган, товарга нисбатан иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмаган ҳолда, БКнинг 35-моддасида назарда тутилган ҳолларда эса, уни олиб киришда тўланган божхона божлари ва солиқлар суммалари қайтарилган ҳолда олиб чиқилади. Бунда реэкспорт божхона режимига жойлаштирилган товарларни божхона ҳудудидан амалда олиб чиқиш божхона декларацияси қабул қилинган кундан эътиборан 6 ойдан кечиктирмай амалга оширилади .
Илгари эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштирилган товарни реэкспорт божхона режимига жойлаштиришга айни бир вақтнинг ўзида қуйидаги талаблар ва шартларга риоя этилган тақдирда йўл қўйилади:
1) контракт (шартнома, келишув) шартлари бажарилмаган бўлса;
2) товар божхона ҳудудида ишлатилмаган ва таъмирланмаган бўлса, бундан товарни қайтаришга сабаб бўлган нуқсонларни ёки бошқа ҳолатларни аниқлаш учун товардан фойдаланиш зарур бўлган ҳоллар мустасно;
3) товар ўзгармаган ҳолатда турган бўлса, бундан унинг нуқсонлари аниқланган ҳоллар мустасно .
Тўловларни қайтариш
Илгари эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштирилган товар реэкспорт қилинаётганда, товарнинг амалда реэкспорт қилинаётган қисмига нисбатан тўланган божхона божлари ва солиқлар суммаларини қайтариш ушбу Кодекснинг 49-бобида назарда тутилган тартибда, айни бир вақтнинг ўзида қуйидаги талаблар ва шартларга риоя этилган тақдирда амалга оширилади:
1) товарнинг реэкспорти уни эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштириш маълум қилинган кундан эътиборан 2 йил ичида амалга оширилаётган бўлса;
2) товар божхона ҳудудида ишлатилмаган ва таъмирланмаган бўлса, бундан товарни қайтаришга сабаб бўлган нуқсонларни ёки бошқа ҳолатларни аниқлаш учун товарни ишлатиш зарур бўлган ҳоллар мустасно .
Товарни реэкспорт божхона режимига жойлаштирилаётганда ундирилган божхона тўловларининг суммасини БКнинг тўловчига 35 ва 59-моддаларида белгиланган муддатларда қайтарилади . Тўловчи божхона органига киритилган шахсий ғазна ҳисобварағига ушбу тўловларни қайтариш тўғрисидаги ариза топшириши керак. Ариза билан бирга ундирилган божхона тўловларининг суммаларини қайтариш ҳуқуқини юзага келтирувчи ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиш керак .
Божхона тўловлари, агар уни қайтариш тўғрисидаги ариза БКнинг 35 ва 59-моддаларида белгиланган тегишли муддатлар тугаганидан кейин топширилган бўлса, қайтарилмайди.
Божхона органи ариза келиб тушган куннинг эртасидан эътиборан 10 иш куни ичида тўловчининг аризасига кўра қарор қабул қилиши шарт. Тўловчининг аризасида ва тақдим этилган ҳужжатларда кўрсатилган маълумотларнинг божхона органи томонидан қўшимча текширувини амалга ошириш зарурати туғилганда, аризани кўриб чиқиш 10 иш кунидан ошмайдиган муддатга узайтирилиши мумкин .
Қабул қилинган қарор тўғрисида божхона органи аризачини ёзма шаклда хабардор қилади. Ундан кейин аризачи ва божхона органи ўзаро ҳисоб-китобларни таққослаш далолатномасини тузади.
Ундирилган божхона тўловларини қайтариш божхона қийматига ва (ёки) божхона расмийлаштирувида аввал ҳисобланган божхона тўловларига тузатишлар киритиш йўли билан амалга оширилади .
Тўловчида божхона тўловларини, шунингдек пеняни ёки фоизларни тўлаш бўйича қарздорлик бўлган тақдирда, божхона органи қарздорликни тўловчининг розилиги билан қайтарилиши керак бўлган божхона тўловлари суммаси ҳисобидан тўланишини амалга оширади. Бунда тўловчига ушбу қарздорлик миқдоридаги божхона тўловларини, пеняни ёки фоизларни тўлаш бўйича қарздорлик чегириб ташланган ҳолда қайтарилади.
Ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловларининг суммалари қайтарилаётганда улар учун фоизлар тўланмайди ва қайтарилаётган тўлов суммаси индексацияланмайди.
Манбага қаранг.