Давлат органлари карантин бўйича саволларга жавоб берадилар – 12

preview

ПФ-5978-сон Фармон қабул қилингунига қадар товар олиб кирилган бўлса, ушбу Фармонда назарда тутилган божхона божи ва акциз солиғининг ноль ставкасини қўллаш мумкинми? Карантин даврида божхона божини тўлаш бўйича муддатни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини олиш мумкинми? Паррандачилик ва қурилиш ташкилотлари қандай божхона имтиёзларига эгалар? Карантин даврида ходимнинг синов муддатини қандай тўғри ҳисоблаш мумкин? Бу ва бошқа саволларга жавоблар – buxgalter.uz нинг навбатдаги материаллар тўпламида.

 Фарҳод ОЛИМЖОНОВ, Давлат божхона қўмитаси бошқарма бошлиғи:

– Президентнинг Айрим турдаги товарларни имтиёзли олиб кириш тўғрисидаги Фармонида назарда тутилган имтиёзлар ушбу ҳужжат қабул қилингунига қадар олиб кирилган товарларга ҳам қўлланиладими?

– Ўзбекистон ҳудудига олиб киришда 2020 йил 31 декабрга қадар божхона божи ва акциз солиғининг ноль ставкалари белгиланадиган товарлар рўйхатига 20 та товар позицияси киритилган. Улар жумласига озиқ-овқат ва санитария-тиббиёт товарлари киритилган.

Президентнинг ПФ-5978-сон Фармонига иловада божхона божи ва акциз солиғининг ноль ставкалари белгиланадиган товарлар рўйхати ТИФ ТН коди кўрсатилган ҳолда берилган ҳамда тадбиркорлар томонидан товарлар олиб киритилган санасидан қатъи назар, «эркин муомалага чиқариш» божхона режимини расмийлаштиришда ушбу кодлар бўйича таснифланади ва тўловлардан озод этилади.

– Карантин даврида импорт қилинадиган товарларга ҚҚСни тўлашда тадбиркорларга бирор-бир енгиллаштирувчи чора-тадбирлар назарда тутилганми?

– Божхона кодексининг 329-моддасида божхона органининг қарорига биноан тўловчига божхона декларацияси олинган санадан эътиборан 60 календарь кундан ошмайдиган муддатга божхона божини тўлаш муддатини кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти тақдим этилиши мумкинлиги назарда тутилган.

Президентнинг «Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5755-сон Фармонига мувофиқ ҚҚС бўйича имтиёз ўрнига 120 кунгача бўлган муддатга ҚҚСни тўлашни кечиктириш механизмларидан фойдаланиш назарда тутилган.

– Паррандачилик билан шуғулланаман. Паррандалар учун озуқа сифатида донни импорт қилишим мумкинми?

– Ҳа, мумкин. 2020 йил 16 мартдан бошлаб давлат чегарасида жойлашган ўтиш пунктлари орқали фуқаролар ва енгил транспорт воситалари (автобуслар, енгил автотранспорт воситалари, темир йўл ва ҳаво транспортлари) ҳаракатланиши вақтинчалик тўхтатилган. Бироқ ушбу чекловлар халқаро юк ташишларга татбиқ этилмайди. Амал қилаётган чекловлар экспорт-импорт операцияларини амалга оширишга тўсқинлик қилмайди.

– Карантин сабабли ишга боролмаяпман. Юкимиз Ўзбекистонга келганда товарларни божхона кўригидан ўтказишда иштирок этишим лозим. Бу борада божхона расмийлаштируви бўйича мутахассисларга амалий ёрдам кўрсатиладими?

– Адлия вазирлиги томонидан энг зарурий асосий озиқ-овқат товарлари ва истеъмол товарларининг экспорти ва импортини амалга оширадиган хўжалик юритувчи субъектлар ва Тошкент шаҳар божхона омборлари вакилларига стикерлар берилган.

Божхона органларида декларациялашнинг барча жараёнлари электрон шаклга ўтказилган, декларацияни масофадан туриб Интернет орқали тақдим этиш ва мобиль иловалар орқали божхона божини тўлаш имконияти яратилган.

– Иссиқхона комплексларини қуриш учун товарларни олиб киришда қандай божхона имтиёзлари тақдим этилади?

– Юридик шахслар замонавий иссиқхона комплексларини ишлаб чиқариш учун зарур бўлган асбоб-ускуналар, хом ашё ва материаллар, эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмлар ҳамда алоҳида шакллантириладиган рўйхатлар бўйича гофрланган картонлардан ясалган қутиларни олиб киришда божхона тўловларини тўлашдан озод этилади .

– Паррандачилик билан шуғулланадиган хўжалик юритувчи субъектлар учун қандай божхона имтиёзлари назарда тутилган?

– Президентнинг «Паррандачиликни янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4015-сон қарорига мувофиқ 2021 йил 1 ноябрга қадар муддатда белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича қуйидаги позициялар божхона божларидан озод этилади:

  • наслли она товуқлар;
  • парранда етиштиришни ташкил этиш, парранда маҳсулотларини қайта ишлаш ва сақлаш, инкубация цехларини ташкил этиш, паррандачиликка ихтисослашган бино-иншоотларни қуриш ва қайта таъмирлаш учун технологик асбоб-ускуналар, махсус техника, эҳтиёт қисмлар ва бошқа асосий воситалар.


Шахноза РАВШАНОВА, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ахборот хизмати раҳбари:

– Шифокор бўлиб ишлайман, май ойида таътилга чиқишим керак эди. Кадрлар бўлими бошлиғи карантин даврида шифокорларга таътил берилмаслигини айтди. Шу тўғрими?

– Меҳнат кодексининг 133-моддасига мувофиқ барча ходимларга йиллик меҳнат таътиллари берилиши белгиланган. Иш берувчи билан келишган ҳолда меҳнат таътилини олишингиз мумкин.

Карантин чекловлари амал қилаётган даврда иш берувчи меҳнат таътили бермаётган бўлса, ходимнинг аризасига кўра таътил бошқа вақтга кўчирилиши мумкин.

– Ишга жойлашганимга 6 ой бўлиб қолди. Президентнинг янги Фармонига мувофиқ карантин даврида 12 ёшгача икки нафар фарзанди бўлган ходимларга таътил берилиши маълум қилинди. Бироқ ташкилотда Меҳнат кодексига асосан менга таътил берилиши мумкин эмаслигини айтишди. Бу масалани қонунга мувофиқ қандай ҳал этиш мумкин?

– Карантин даврида ташкилотда тасдиқланган таътиллар графигидан қатъи назар, ходимнинг талабига кўра таътил берилиши лозим.

Мазкур ҳолатда иш бошланган дастлабки йилда 6 ой ўтганидан кейин ходимга таътил бериш тўғрисидаги талаб қўлланилмайди.

Асос – Низом, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг 28.03.2020 йилдаги 3227-сон буйруғи билан тасдиқланган.

– 3 ойлик синов муддати билан ишга қабул қилинганман. Фақат 10 кун ишлашга улгурдим. Ҳозирги пайтда иш ҳақи сақланмайдиган вақтинчалик меҳнат таътилидаман. Карантин тугагандан кейин синов муддатим қандай ҳисобланади? Масофавий ишламаяпман. Ишга чиққан кунимдан синов муддати қайтадан ҳисобланадими?

– Карантин даврида ишламаган муддатингиз белгиланган 3 ойлик синов муддатига кирмайди. Бироқ карантин эълон қилингунига қадар ишлаган 10 кунингиз синов муддатига киритилади.

Асос – Меҳнат кодексининг 85-моддаси.

– Хўжалик ҳисобидаги корхоналарнинг ходимлари ўз ҳисобидан таътил олишига чекловлар белгиланганми?

– Иш берувчи ходимнинг аризасида кўрсатилган санадан унга тўлиқ муддатга иш ҳақи сақланмайдиган таътил бериши лозим.

Меҳнат кодексининг 150-моддасида белгиланган иш ҳақи сақланмайдиган таътиллар бериладиган максимал муддатга чекловлар карантин даврида қўлланилмайди.

 

АОКА материаллари асосида.

Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солишга доир норматив ҳужжатлардаги янги ўзгаришлар Янгиликлар Янгиликлар /uz/publish/doc/text159473_davlat_organlari_karantin_buyicha_savollarga_javob_beradilar_-_12