ДСҚ тушунтиради: ҚҚС бўйича тафовутни яшириш мумкинми

preview

Сўнгги йилда Ўзбекистонда қўшилган қиймат солиғи тўловчилари сони кескин ошди. Улар томонидан ҚҚС ҳисоботлари тақдим этилаётган бўлса-да, баъзи ҳолатларда мазкур ҳисоботларда номутаносибликлар кузатилмоқда. Солиқ органлари бундай камчиликларни бартараф этиш чораларини кўрмоқда. Вазиятга ДСҚнинг Камерал назорат бошқармаси бошлиғи Азиз Хошимов ойдинлик киритди.

– Азиз Озодович, тадбиркорлар ҚҚСни ҳисоблаш ва тўлаш билан боғлиқ қандай хатоликларга кўпроқ йўл қўймоқда?

– Солиқ органлари кўпгина ҳолатларда ҚҚС “занжирининг узилиши” бўйича қўшимча солиқларни ҳисоблашига тўғри келмоқда.

– ҚҚС “занжирининг узилиши”да қўшимча солиқ ҳисобланишини тушунтириб ўтсангиз?

– “Занжирнинг узилиши” – иккита солиқ тўловчи бўлган бизнес-ҳамкор контрагентларнинг ҚҚС ҳисоботида битта амалиёт бўйича киритган маълумотларининг бир-бирига мос келмаслигидир. Бу эса томонлардан бирининг ҚҚСни кам тўлашига олиб келади.

Бундай вазиятда солиқ органлари огоҳлантирувчи тегишли тадбирларни амалга оширганидан сўнг, тўланмаган ҚҚС суммаларини мустақил равишда ҳисоблайдилар. Яъни қўшимча ҚҚС ҳисобланиб, бюджетга тўланадиган солиқ суммаси ундирилади.

– “Занжир узилиши” билан боғлиқ жараён ҳақида батафсил маълумот берсангиз.

– Маълумки, ҳисобварақ-фактурада 2 томон – сотувчи ва харидор иштирок этади. Бинобарин, товарларни ҚҚС билан сотган томон уни бюджетга тўлаши керак, харидор томон эса уни ҳисобга олишга ҳақли.

Кўпгина ҳолатларда “занжир узилиши”нинг учта тури мавжуд:

Биринчи ҳолат – харидор томонидан ҚҚС суммасини асоссиз ҳисобга олиш билан боғлиқ. Яъни бу сотувчидан ҚҚС билан олинадиган ҳисобварақ-фактураси мавжуд эмаслиги ёки товарлар (хизматлар) етказиб берувчиси ҚҚС тўловчиси эмаслигида намоён бўлади.

Иккинчи ҳолат – сотувчи ўзининг ҚҚС ҳисоботида сотишдан тушган даромадини акс эттирмай жўнатишга ҳисобварақ-фактурани расмийлаштиради. Харидор корхона эса солиқ ҳисоботида етказиб берувчидан олинган ҳисобварақ-фактураларни кўрсатади ва ушбу ҳисобварақ-фактураларда акс этган ҚҚС миқдорини ҳисобга олади.

Учинчи ҳолат – сотувчи сифатида “бир кунлик фирмалар” деб аталадиган фирибгар корхоналарга тааллуқли. Бундай фирмалар товарсиз операцияларни амалга ошириб, аслида ҳеч қандай иш ёки хизматларни бажармаган ҳолда, сохта ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштиради. Бошқа томон (харидор) эса сохта ҳисобварақ-фактураларда акс этган ҚҚС суммасини ҳисобга олади ва тўланиши керак бўлган солиқ миқдорини камайтиради.

Ҳозирги кунда солиқ органлари ҚҚСни ҳисоблашда бундай қонунбузарликларни аниқламоқда ва уларни бартараф этиш чораларини кўрмоқда. ҚҚС маъмуриятчилиги камерал назорат вақтида “занжирдаги узилишлар”ни зудлик билан аниқлаш имконини бермоқда.

– Солиқ органлари бундай тафовутларни қандай аниқламоқда?

– Бундай ҳолатларни аниқлаш учун солиқ хизмати органлари томонидан сотувчи ва харидорнинг ҳисобварақ-фактураларини автоматик равишда солиштирадиган махсус “Тахлика-таҳлил” дастури ишлаб чиқилган.

– Тажриба шуни кўрсатмоқдаки, баъзида солиқ тўловчилар ҚҚС бўйича ҳисоботида хатога йўл қўйганликларини билишмайди. Улар бу ҳақда билиб, қўшимча тўловлардан қандай қилиб ҳоли бўлишлари мумкин?

– Солиқ органлари солиқ тўловчиларнинг my.soliq.uz порталидаги “шахсий кабинетлари” орқали олдиндан хабарномаларни юборадилар. Бунда тадбиркорлар ихтиёрий равишда ҚҚСни қайта ҳисоб-китоб қилишлари, янгиланган солиқ ҳисоботларини тақдим этишлари ёки аниқланган тафовут (номутаносиблик)ни асослаб беришлари керак.

Акс ҳолда, солиқ органлари солиқ тўловчининг шахсий карточкаларида бюджетга тўланадиган ҚҚС суммасини ҳисоблаш чораларини кўрадилар. Аммо бу энг охирги чора эканлигини таъкидлаш керак.

Шунга эътиборли бўлиш керакки, қайта кўриб чиқилган солиқ ҳисоботи солиқ тўловчи томонидан ҚҚС хатолиги аниқланган ой учун тақдим этилиши шарт. Ушбу даврдан бошлаб пеня ҳар кечиктирилган кун учун 0,045 фоиз ставкада ҳисобланади.

– ҚҚС бўйича қўшимча тўлов ҳисобланмаслиги учун тадбиркорлар қандай эҳтиёт чораларини кўришлари керак?

Биринчидан, ҳар бир тадбиркор барча ҳисобварақ-фактура ҳисобини юритиши, уни сақлаши ва солиқ идораларига улар тўғрисида ҳисобот тақдим этиши керак.

Иккинчидан, лозим даражада эҳтиёткор бўлиш ва инсофли бизнес-ҳамкорларни танлаш керак.

Битим тузишдан аввал ўз контрагентингиз ҚҚС тўловчиси эканлигини ДСҚнинг расмий веб-сайти www.soliq.uz орқали ҚҚС тўловчиларини аниқлаш бўлимидан текшириб олиш лозим. Хусусан, контрагентингизда ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтганлик ҳақидаги гувоҳномаси мавжудлиги ёки у бекор қилинганлигини аниқлаб олиш мумкин.

Учинчидан, ҚҚС бўйича ҳисоботни топширгандан кейин эътиборли бўлиш талаб этилади. Солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали давлат солиқ хизмати органларининг хабарномалари (талабномалари)ни текшириш керак. Шунга мувофиқ, солиқ органларининг сўровига биноан ҚҚС сумасини ҳисобга олиш учун ҳуқуқ берувчи ёки товарлар (ишлар, хизматлар) реализациясини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этади.

– Бугунги кунда ҚҚС тўловчиларининг сони 71 мингдан ошганлигини ҳисобга олсак, ҚҚС бўйича қўшимча ҳисобланган солиқ тўловчилар сони қанчани ташкил этмоқда?

– Бундай чоралар фақат турли сабабларга кўра солиқ ҳисоботларида номутаносиблик келиб чиққан ва солиқ органларининг сўровига биноан аниқликлаштирилган ҚҚС ҳисоботларини қайта тақдим этмаган солиқ тўловчиларга нисбатан қўлланилади. Қўшимча солиқлар ҳисобланган субъектлар сони 1417 тани ташкил қилиб, бу умумий тўловчилар сонининг 2 фоизидан ошмайди.

Агар бунда тадбиркорлар солиқ органига ҳисоботдаги тафовутларсиз ҚҚС суммаларини акс эттирувчи асословчи ҳужжатларни тақдим этсалар, солиқ органлари дарҳол тўланган суммаларни тўлиқ ҳажмда қайтариб берадилар.

Бу муҳим
Қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) бу – билвосита солиқ бўлиб, ишлаб чиқариш жараёнининг барча босқичларида ҳосил бўлган ва реализация қилинганлиги сабабли бюджетга тўланадиган товар ёки хизматлар қийматининг бир қисмини давлат бюджетига тўланадиган солиқ туридир. Ушбу маблағларнинг ўз вақтида бюджетга тушиши давлат аҳамиятидаги вазифалар ижросида муҳим аҳамиятга эга.

ДСҚ матбуот хизмати

Бу-муҳим