Гулнора ЭРГАШЕВА: «Энг яхши йўл – кодексни қабул қилишни кейинга қолдириш»

preview

Янги Солиқ кодекси лойиҳасини муҳокама қилган ҳолда талай экспертлар фискал ўзаро муносабатлар томонларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари қисмида унинг мувозанатлаштирилмаганлигини қайд этдилар. Бунга сабаб – солиқ текширувлари чоғида солиқ органининг  етарлича  аниқ бўлмаган ваколатлари доираси, бошқа муҳим масалаларда батафсил регламентларнинг мавжуд эмаслиги.

«Норма» компанияси томонидан ташкил этилган конференциядаги чиқишида солиқ маслаҳатчиси  Гулнора ЭРГАШЕВА кодексни қабул қилишга шошилмай, яна бир бор обдон ўйлаб, лойиҳани эътибор билан қайта ишлашни таклиф этди.

- Гулнора Холдаровна, СК лойиҳасидаги солиқ органлари ва солиқ тўловчилар ҳуқуқларининг мувозанатлашмаганлигини сиз нималарда кўрасиз?

-Янги Солиқ кодекси лойиҳаси илгаригисига қараганда анча “фискал” бўлибди. Амалдаги кодекс кўпроқ солиқ тўловчилар ҳимоясига қаратилган. Унда ҳозир лойиҳага киритилгани каби солиқ органлари томонидан  қатъий назорат функциялари мавжуд эмас. Ўша тушунчалар – далилий база, камерал ва хронометраж назорати... бор. Бироқ бунда қатъий чоралар йўқ.

Солиқ органларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари “Давлат солиқ хизмати тўғрисида”ги Қонундан ўтказилган. Нима учун солиқ тўловчи солиқ органи солиқ қонунчилигини ўрганиши ва юқори турувчи органга таклиф бериши шартлигини билиши лозим? Нима учун биз солиқ хизмати бошлиғи идоравий ички муносабатлар доирасида нима қилиши кераклигини билишимиз лозим? Бу уларнинг ички жараёни.

Биз учун солиқ тўловчининг солиқ органлари билан ўзаро муносабатлари муҳим. Ва айнан улар кодексда нотўғри белгиланган. Мисол учун, худди шу солиқ хизмати тўғрисидаги Қонунда солиқ органи текширув чоғида солиқ солиш объекти ҳужжатларини сўраб олиши, назорат ўлчовини амалга ошириши ва ҳоказолар шарт дейилган. СК лойиҳасига “шарт” сўзи ўтказилган, бироқ гап фақат текширувлар ҳақида бораётганлиги ёзилмаган. Яъни, агар ҳозир лойиҳа борича қабул қилинса,  солиқчи сутканинг исталган вақтида сизга қўнғироқ қилиб, ҳужжатларни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Ёки ўлчовни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлади. Булар солиқ текширувига боғламаган ҳолда ўтказилиши мумкин.

Мен ҳозир инспекторлар ҳеч бир аниқ сабабсиз сизга қўнғироқ қилишни бошлайдилар, демайман. Аммо кодекс лойиҳаси ҳақиқатда бу жиҳатларни тартибга солмайди. Ва бу потенциал равишда солиқ тўловчилар учун муаммолар келтириб чиқаради.

Шунингдек, кодексга солиқ органлари хатловни амалга оширишлари белгиланган норма киритилмоқда. “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги Қонун ва 19-сон БҲМСга асосан корхонада хатловни махсус комиссия амалга оширади. Гап бухгалтерия ҳисоби қоидалари бўйича амалга ошириладиган товарларни кўрикдан ўтказиш хусусида. Ташқи манфаатдор шахс қандай қилиб хатловни амалга ошириши мумкин?

Агар сиз бу ҳуқуқни солиқ органларига берсангиз, демак, сиз чегарани белгилаб, бу ҳаракатларнинг аниқ регламентини жорий этишингиз лозим. Умуман, бу давлат органининг  ҳар қандай ҳуқуқларига тегишли. Мисол учун, ҳозир камерал назорат ҳужжатларни сўраб олишга ҳақли эмас, бироқ ҳақиқатда – улар буларни сўраб олишади.

Кодексга солиқ органлари хатловни амалга ошириши тўғрисида солиқ тўловчини ёзма равишда хабардор қилиш лозимлиги, ҳужжатларни ёзма равишда талаб этиши кераклиги ҳақида норма киритинг. Хат бўлса – бош бухгалтер сизга барча зарур ҳужжатларни тақдим этади, хат бўлмаса – ҳеч ким ҳеч нарса қилмайди. Ҳозирча буларнинг ҳеч бири СК лойиҳасида йўқ.

Кодекс лойиҳаси солиқчиларга текширув ташаббуси билан чиқиш учун кўп имкониятлар беради. Бироқ, яна мазкур жиҳатларни белгилайдиган механизм тартибга солинмаган. Бу амалиётда нимага олиб келиши мумкин?

Шунингдек, менга лойиҳага киритилган инсофсиз ҚҚС тўловчиларни бекор қилиш амалиёти тушунарсиз. Корхоналар билан шартномалар тузган ҳолда сиз директор билан танишишингиз, ташкилотга ташриф буюришингиз, унинг моддий-техника базасини кўришингиз, бутун ҳужжатлар тўпламини, жумладан директор паспортини, омбор ва бино ижара шартномасини  олишингиз мумкин... Аммо, сиз ҳаммасини шундай қилган тақдирингизда ҳам,  назарингизда, ташкилот инсофли солиқ тўловчи бўлса ҳам, барибир у ҚҚС тўловчи сифатида бекор қилиниши хавфи қолади ҳамда сизга қўшимча ҳисобланган солиқни тақдим этади.

Ҳозирги вақтда солиқ органлари ҳатто бу пулларни сизнинг ҳисобварағингиздан ечиб олишлари мумкин. Бунга йўл қўйиб бўлмайди, деб ҳисоблайман. Бундай амалиёт билан тўқнаш келган ҳеч бир хорижий ташкилот  мамлакатимизда бизнес барпо этишни хоҳламай қолади.

-Солиқ тўловчини баҳолашнинг асосий омили бўлаётган хавфни таҳлил қилиш ҳақида СК лойиҳасида бир оғиз ҳам сўз юритилмаган. Сиз буни тўғри деб ўйлайсизми?

-Қўшиламан, бу нотўғри! Ҳеч бўлмаганда бу ҳақда битта модда бўлиши керак. Майли, Низомга ҳавола билан бўлса ҳам.

-2020 йил 1 январдан электрон ҳисобварақ-фактураларга ўтишнинг режалаштирилганлиги нечоғли реал ҳисобланади?

- Ўйлайманки, бу жараён босқичма-босқич бўлиши даркор. Ҳалигача солиқ ҳисобини юритадиган, бироқ бухгалтерия ҳисобини юритмайдиган юридик шахслар мавжуд. Вақти-вақти билан ҳисобот топширадиган ва шу билан бухгалтернинг фаолияти ниҳоясига етадиган кичкина корхоналар мавжуд. ЭҲФ тизими эса инсон ўтириб бу билан режали шуғулланишини назарда тутади. 1-2 та ҳужжатни расмийлаштириб, кейин бу ишни ташлаб қўйиш мумкин эмас.

Бунинг устига, ҳисобварақ-фактуралар –пуллик. Катта оборотга эга корхоналар қандай йўл тутиши лозим? Ахир бу катта харажатларга олиб келади...

Мен корхоналарнинг электрон ҳисобварақ-фактурага ўтиш жадвали бўлиши ва у барча айтиб ўтилган омилларни инобатга олиши керак, деб ўйлайман.

-Сиз конференцияда ҳозир Кодекс бундай кўринишда қабул қилинмаса ҳаммага яхши бўлишини айтиб ўтдингиз.

-СК лойиҳасида ҳали низоли масалалар талай, ҳамма жиҳатлари ҳам ўйланмаган ва айтиб ўтилмаган. Шу боис, уни қабул қилишни кейинга қолдирган маъқул. Агар бунинг имконияти бўлмаса, янги СКга тест режимида ўтиб, ҳозирча солиқ тўловчиларга қатъий жавобгарлик чораларини кўрмасдан солиқ органлари ва солиқ тўловчилар у билан қандай ишлашларини кўриш керак.