Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Якка тартибдаги тадбиркор дивидендлардан олинадиган солиқни тўлайдими
«Мен якка тартибдаги тадбиркорман. Савдо билан шуғулланаман. Товарларнинг аксарият қисми сотилган. Мен пулни ЯТТ ҳисобрақамидан ечиб олсам, дивидендлардан олинадиган солиқни тўлайманми?»
Саволга buxgalter.uz илтимосига биноан Солиқ қўмитасининг Солиқ низоларини судгача ҳал қилиш бошқармаси бошлиғи Гулнора НИЗАМУТДИНОВА жавоб берди:
– «Дивидендлар» тушунчаси СКнинг 41-моддасида белгиланган. Якка тартибдаги тадбиркор учун фойда, яъни дивиденд келтириши мумкин бўлган устав фондига ҳисса назарда тутилмаган.
Якка тартибдаги тадбиркорга солиқ солиш олинган даромаддан солиқ тўланишини назарда тутади. Даромад жами даромад ва чегириб ташланадиган харажатлар ўртасидаги фарқ сифатида аниқланади .
Барча солиқлар тўланганидан кейин якка тартибдаги тадбиркорнинг ҳисобрақамида қолган пул маблағлари солиқ солиш мақсадларида дивидендларга киритилмайди ва қўшимча солиқ солинмайди.