Бўлажак якка тартибдаги тадбиркор қандай қилиб ЭРИ калитини онлайн олиши мумкин

preview

Якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиш учун аризачида жисмоний шахснинг амалдаги ЭРИ калити бўлиши керак. Сиз уни «Ягона дарча» Давлат хизматлари марказида ёки my.gov.uz сайтида онлайн тарзда олишингиз мумкин. Ушбу мақолада биз иккинчи усул ҳақида гапирамиз.

 

Мақолаларимизни ўтказиб юборманг – телеграм-каналга обуна бўлинг.

 

1. My.gov.uz сайтида OneID сервиси ёрдамида авторизациядан ўтинг.

2. «Жисмоний шахслар учун ЭРИ олиш» хизмати саҳифасига ўтинг.

3. Шартларни ўрганиб чиқинг ва агар уларга рози бўлсангиз, «Хизматни олиш» тугмасини босинг.

4. Биринчи босқичда тизим сиздан E-IMZO дастурий модулини компьютерингизга юклаб олиш ва ўрнатишингизни сўрайди. E-IMZO модулини ўрнатиш бўйича йўриқнома билан бу ерда танишишингиз мумкин.

5. Дастурий таъминот модули  ўрнатилганда саҳифада акс этган ЖШШИР ва телефон рақамингизни текширинг (унга СМС келади), текширув кодини киритинг ва кейинги босқичга ўтинг.

 

 

6. Кейинги саҳифада сиз доимий рўйхатдан ўтган минтақа ва ҳудудни кўрсатишингиз, шунингдек СМС орқали келган кодни киритишингиз керак.

7. Кейинги босқичда иккита файлни юклаб олиш зарур – паспорт/ID-карта фотосурати ёки сканери ҳамда қўлда паспорт/ID-карта билан селфи, шунингдек вақтинчалик ЭРИ калити сақланадиган йўлини (папкасини) кўрсатиш. Худди шу саҳифада ЭРИ калитингиз учун пароль кўрсатилиши керак (камида 8 та рақам).

 

 

8. Кейинги босқичда Ариза-Келишув шакли юкланади, бу моҳиятига кўра Солиқ қўмитаси қошидаги Электрон рақамли имзо калитларини рўйхатга олиш маркази билан электрон рақамли имзо калити сертификатини беришга шартнома ҳисобланади. Бу ерда фақат «Сўров юбориш» тугмасини босиш керак. Ҳужжат олдинги босқичда қурилмангизда яратилган ва сақланган вақтинчалик ЭРИ калити билан имзоланади.

9. Охирги босқич – тўлов. Ягона интерактив давлат хизматлари порталига ариза топширишда хизмат нархи – БҲМнинг 0,07 баравари (мақола чиққан санада – 23 800 сўм). Ягона интерактив давлат хизматлари портали томонидан тақдим этилган UPAY ва PAYSY тўлов тизимлари орқали ёки сиз учун қулай бўлган бошқа усулда (Click, Payme орқали) менюда «Тўлов» – «Давлат хизматлари ва жарималар» – «E-Imzo»ни танлаб тўлашингиз мумкин. Тўлаш учун ЖШШИР ва сумма кўрсатилиши керак.

10. Аризани кўриб чиқиш натижалари бўйича фақат сизга юбориладиган ЭРИ калити билан файлни юклаб олиш қолади. Ижро муддати – 1 иш куни.

 

 

Саида ЖАНИЗАКОВА тайёрлади