2020 йил 1 январдан электрон ҳисобварақ-фактуралардан мажбурий тартибда фойдаланилади

preview

Вазирлар Маҳкамаси 25.06.2019 йилдаги «Ўзаро ҳисоб-китоблар тизимида электрон шаклдаги ҳисобварақ-фактуралардан фойдаланишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 522-сон қарорни қабул қилди. Унга мувофиқ, 2020 йил 1 январдан бошлаб барча хўжалик юритувчи субъектлар электрон ҳисобварақ-фактураларни тўлдиришлари шарт.

Электрон ҳисобварақ-фактуралар ҳисобини юритиш бўйича дастурий комплекс асосида ҚҚСнинг электрон маъмуриятчилиги тизими яратилади. Ундан мақсад – солиқ тўловчилар амалга оширадиган товарлар ва хизматлар айланмасининг бутун занжирини таҳлил ва назорат қилиш ҳисобига солиқларнинг йиғилувчанлигини ошириш. Электрон ҳисобварақ-фактура ушбу тизимнинг асосий дастаги саналади.

ДСҚ манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда Чирчиқ шаҳри, Навоий ва Сирдарё вилоятлари ҳудудида 2018 йил ноябрь – 2019 йил июнь ойларида электрон ҳисобварақ-фактураларни (ЭҲФ) расмийлаштириш бўйича тажриба ўтказди (26.06.2018 йилдаги ПҚ–3802-сон; ВМнинг 6.10.2018 йилдаги 807-сон қарори).

Унинг натижалари маъқулланиб, ВМнинг «Ўзаро ҳисоб-китоблар тизимида электрон шаклдаги ҳисобварақ-фактуралардан фойдаланишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан:

  • 2019 йил 1 июлдан бошлаб ҳар қандай хўжалик юритувчи субъект, рўйхатдан ўтказилган жойидан қатъи назар, ЭҲФдан ихтиёрий фойдаланишга ҳақли;
  • 2020 йил 1 январдан бошлаб ЭҲФдан мажбурий тартибда фойдаланилади;
  • ДСҚ ҳузуридаги «Янги технологиялар» давлат унитар корхонаси электрон ҳужжатларни марказлаштирилган ҳолда сақлаш, операторлараро узатиш ва ҳисобини юритиш бўйича ваколатли роуминг оператори этиб белгиланди.

Шунингдек ВМ қарори билан Ўзаро ҳисоб-китоблар тизимида электрон шаклдаги ҳисобварақ-фактуралардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом (1-илова) тасдиқланди. Унда қуйидаги тартиб белгиланди:

  • юридик ва жисмоний шахслар товарларни (ишларни, хизматларни) сотганда ва сотиб олганда ЭҲФдан фойдаланиш;
  • роуминг оператори, операторлар ва тегишли ваколатли давлат органларининг электрон ҳисобварақ-фактураларни сақлаш, операторлараро узатиш ва ҳисобини юритиш бўйича ўзаро ҳамкорлик қилиши.

ВМнинг қарори 26.06.2019 йилдан кучга кирди.

 

Жорилла Абдуллаев, «Norma» МЧЖ етакчи эксперти.