2020 йилдан харид қилинган асосий воситалар бўйича ҚҚСни дарҳол ҳисобга олиш таклиф этилмоқда

preview

Ўзбекистон молия вазирининг ўринбосари Дилшод Султонов бу инвестицион фаолликни оширувчи жиддий омил бўлишини айтди. 

Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси кейинги йилдан кучга кириши керак бўлган янги таҳрирдаги Солиқ кодексини ишлаб чиқиш бўйича ишларни якунига етказмоқдалар. Солиқ маслаҳатчилари, аудиторлар ва юристлардан иборат эксперт гуруҳлари билан биргаликда солиқ қонунчилигига киритилаётган ўзгартиришлар юзасидан сўнгги муҳокамалар олиб борилмоқда. Жорий йилнинг 12 ва 13 июнь кунлари Ўзбекистон солиқ маслаҳатчилари ва аудиторлари иштирокида ана шундай муҳокамалар бўлиб ўтди. 

Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси вакиллари: вазир ўринбосари Д.Султонов, Молия вазирлигининг Солиқ-божхона сиёсати ва даромадларни прогнозлаштириш департаменти директорининг биринчи ўринбосари Э.Гадоев, ушбу Департаментнинг бўлим бошлиғи З.Меналиева, Давлат солиқ қўмитаси Солиқ маъмуриятчилиги бошқармаси бошлиғи А.Ҳошимов, шунингдек солиқ маслаҳатчиси, «Ўзбекистон солиқ маслаҳатчилари палатаси» ННТ аъзоси И.Аббосхонова янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг тақдимотини ўтказдилар.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси қуйидаги янгиликларни ўз ичига олган:

  • трансферт нархлар белгиланиши: назорат қилинадиган хорижий компаниялар, ўзаро алоқадор шахсларни, юридик шахсни ташкил этмаган хорижий тузилмаларни аниқлаш механизмларини тартибга солувчи янги бўлимнинг киритилиши. Бунда судларга Солиқ кодексида санаб ўтилганларидан ташқари алоқадор шахсларнинг бошқа аломатларини ҳам тан олиш ҳуқуқи берилади;
  • таннархдан паст нархда реализация қилиш чоғида кўрилган зарарларга солиқ солинмайди. Нархларни бозор белгилайди, трансферт нархларнинг белгиланиши эса солиқ назорати остида бўлади;
  • иқтисодий мазмуннинг юридик шаклдан афзаллигини назарда тутувчи норманинг киритилиши;
  • «лозим даражадаги эҳтиёткорлик», «солиқ тўловчининг ҳуқуқини суиистеъмол қилиш», «солиқ тўловчиларнинг консолидацияланган гуруҳи» тушунчаларининг киритилиши;
  • «резидентлик» таърифи ўзгартирилган. Хусусан, норезидент билан 1 йил муддатга меҳнат шартномаси тузилган бўлса, у тегишли солиқларни тўлаган ҳолда резидент мақомини олиши мумкин;
  • камерал назорат ва хронометраж текширишлар сирасига киритилди;
  • харид қилинган асосий воситалар бўйича ҚҚСни ҳозир асбоб-ускуналар ва кўчмас мулк объектлари билан бўлганидек 12 ёки 36 ойга чўзмасдан, дарҳол ҳисобга олиш таклиф этилмоқда;
  • доимий муассасалар учун қўшилган қиймат солиғи мустақил равишда ҳисоблаб чиқарилиши ва у бўйича ҳисобот тақдим этилишининг жорий этилиши;
  • батафсил камерал назорат ўтказилгач, манфий ҚҚСни қайтариш ҳуқуқининг берилиши (айни пайтда фақат экспорт қилувчиларга қайтарилмоқда);
  • Ўзбекистон Республикаси норезидентлари учун мол-мулк солиғини мустақил равишда ҳисоблаб чиқариш мажбуриятининг жорий этилиши;
  • қишлоқ хўжалиги ерларининг норматив қийматидан келиб чиққан ҳолда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларига эга бўлган юридик шахслар учун ер солиғини ҳисоблаб чиқариш тартибининг жорий этилиши.

Солиқ маслаҳатчилари ва аудиторлардан ташкил топган ишчи гуруҳлар Солиқ кодексининг лойиҳасига доир ўз таклифларини шакллантириб, уларни муҳокама қилиш учун Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасига киритадилар.

 

Ольга Бусарова, «Норма» эксперти.