Асосий ставка – йиллик 14%

preview

Марказий банк Бошқаруви 22 октябрда асосий ставкани ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди – 14%. Инфляциянинг йил якуни бўйича прогнози йиллик 11-12,5% даражасида сақланиб қолади. Асосий ставка бўйича келгусидаги қарорлар инфляциянинг жорий ва прогноз динамикасининг шаклланиши, шунингдек ички ва ташқи хатарларни баҳолаш асосида қабул қилинади.

Инфляция ва инфляцион кутилмалар

Жорий йилнинг сентябрь ойида йиллик инфляция даражаси 11,7%ни ташкил этди. Шунингдек, ёз мавсуми давомида нархлар ўсишининг сезиларли секинлашишидан сўнг сентябрь ойида инфляциянинг маълум даражада тезлашиши кузатилди. Инфляциянинг тезлашиши, асосан, карантин чекловлари бекор қилинганидан сўнг ялпи талабнинг тикланиши, мавсумий омиллар ва айрим асосий товарлар нархларининг ўсиши билан боғлиқ бўлди.

Иқтисодий фаоллик

III чоракда иқтисодиёт босқичма-босқич  тикланишни бошлади.  

Ўсиш I ярим йилликка нисбатан бироз тезлашиб, 0,4%ни ташкил этди. Шу билан бирга, қисқа муддатли прогноз даврида иқтисодий ўсиш дастлабки ҳисоб-китобларга нисбатан паст бўлиши кутилмоқда. Уй хўжаликлари даромадларининг пасайганллиги, истеъмолдаги эҳтиёткорона ёндашув ва иқтисодиёт айрим тармоқларининг тўлиқ тикланмаганлиги сабабли ўсиш суръатларининг инқироздан олдинги даражасига қайтиши исталган даражада тез бўлмайди.

Пул-кредит шароитлари

 III чоракда иқтисодиётда ижобий реал фоиз ставкалари сақланиб қолди. Банклараро пул бозорида депозитлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкалари фоиз коридори доирасида шаклланди ва сентябрь ойида йиллик 14,8%ни ташкил этди. 

Хатарлар ва ноаниқликлар

Келгуси ойларда, иқтисодиётда инфляцияни оширувчи хатарларнинг юзага келиш эҳтимоллиги паст даражада сақланиб қолмоқда.

Асосий хатарлар пандемиянинг кенг тарқалиши, чеклов чораларининг жорий этилиш кўлами, асосий савдо-ҳамкор давлатларда ишбилармонлик фаоллигининг тикланиб бориш тезлиги ҳамда жаҳон бозоридаги нархлар конъюктураси билан боғлиқ. Шунингдек, ишлаб чиқариш занжири ва логистика каналларининг секинроқ тикланиши натижасида нархларнинг ошиши хатари ҳам сақланиб қолмоқда.

Cbu.uz ва norma.uz материаллари асосида