Аудиторлик ташкилотларининг рэнкинги қандай бўлиши керак

preview

Май ойида аудиторлик ташкилотларининг ҳар йилги рэнкинги натижалари эълон қилинди. “TSIAR-FINANS” аудиторлик ташкилоти раҳбари Собир САФАЕВ унда нима лозим даражада эмаслиги ва уни қандай яхшилаш ҳақида ўз фикри билан ўртоқлашди.

Профессионал ҳамжамиятнинг муаммолари ва уларнинг ечимларидан хабардор бўлиш учун бизнинг телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

Рэнкингда нима лозим даражада эмас 

1. Фойдасиз кўрсаткичлар мавжуд

Рэнкинг кўрсаткичларининг таркиби фойдаланувчиларга тақдим этилаётган ахборотнинг фойдалилиги нуқтаи назаридан шубҳа уйғотади.

Масалан, аудиторлик ташкилотининг “хусусий капитали миқдори” ёки “соф фойдаси миқдори” кўрсаткичлари потенциал мижоз учун қандай фойдали ахборотни тақдим этади? Менга аудиторлик ташкилотининг ўз мажбуриятлари бўйича, биринчи навбатда –  профессионал хавфлар бўйича жавоб бериш қобилияти бевосита унинг активлари кўлами билан боғлиқ, деб эътироз билдиришлари мумкин. Бироқ, амалиётда мижозни фақатгина аудитор ўз касбий мажбуриятларини виждонсиз бажарган тақдирда у ҳақиқатда олиши мумкин бўлган суғурта суммасининг миқдори қизиқтиради. Аудиторлик ташкилотининг фойдаланилган мебели ва ташкилий техникасини савдолар орқали сотиш орқали қоплашни олиш имконияти кимнидир қизиқтириши амри маҳолдир.

2. Бир қатор фойдали кўрсаткичлар мавжуд эмас

Аксинча, фойдаланувчилар учун реал қизиқиш уйғотиши мумкин бўлган кўрсаткичлар рэнкингда тўлиқ акс эттирилмаган.

Аксарият ҳолларда аудиторлик текширувларини ўтказиш учун тендер эълонларида “аудиторлик ташкилотининг бозордаги иш тажрибаси” ва “АССА, СРА, ДипИФР ва бошқа халқаро сертификатларга эга мутахассислар сони” каби мезонлар мавжуд. Бизнинг рэнкингда мазкур кўрсаткичлар тушунарсиз сабабларга кўра тақдим этилмаган.

3.  Кўрсаткичларнинг ўзаро боғланмаганлиги

Агар улар ўзаро боғлиқ бўлса ва ташкилот фаолиятининг энг муҳим натижаларини акс эттирса, алоҳида кўрсаткичлар бўйича ташкилот ҳақида тўлиқ таассурот қолдириш мумкин.

Тушум бўйича биринчи қаторларни эгаллаган аудиторлик ташкилотлари юқори малакали ходимларнинг кенг штатлари билан тўлдирилган деб тахмин қилиш мантиқан тўғри. Бироқ бизнинг рэнкингимизда тушум бўйича “совринли” ўринларни эгаллаган ташкилотлар “Кадрлар” кўрсаткичи бўйича учинчи ва тўртинчи поғонада жойлашган. Бунда ишга профессионал ёндашувлари ва ходимларнинг малакасига қўядиган талаблари бутун аудиторлик ҳамжамияти учун мўлжал ҳисобланадиган ушбу аудиторлик ташкилотларининг айби ёки инсофсиз муносабати йўқ. Шунчаки, рэнкинг ташкилотчилари фойдаланувчиларни чалкаштирган ҳолда, “Кадрлар” атамасига мутлақо бошқача, тор тушунчани киритишади, аммо бу ҳақда қуйида сўз юритамиз.

4. “Кадрлар” кўрсаткичи билан боғлиқ муаммолар

Рэнкингда “Кадрлар” кўрсаткичи деганда аслида фақатгина асосий иш жойи бўйича ишлайдиган сертификатланган аудиторларнинг штатдаги сони тушунилади. Мазкур ташкилотда ўриндошлик асосида ишлайдиган аудиторлар сони ҳисоб-китобга қабул қилинмайди.

Бундай ёндашув аудиторлик ташкилотларининг юқори малакали ва тегишинча, юқори ҳақ тўланадиган аудиторларни ҳамкорликка жалб қилишга интилишига тўсқинлик қилади. Ушбу мутахассислар бой амалий тажрибага, кўплаб халқаро миқёсда тан олинган сертификатларга эга ва қоидага кўра, кўп функциялидир. Улар ўқув курсларини олиб борадилар, МҲХС бўйича ҳисоботларни тайёрлайдилар, бухгалтерия ҳисоби, солиқ солиш ва аудитнинг кенг кўламли масалалари бўйича маслаҳат берадилар. Бундай мутахассисларнинг “Кадрлар” кўрсаткичининг ҳисоб-китобига киритилмаслиги уларнинг аҳамияти ва хизматларини пасайтиради, аудиторлик ташкилотлари учун эса эътироф этилган профессионаллар билан тўлақонли ҳамкорлик қилиш учун сунъий тўсиқлар яратади.

Ўтган йиллар учун рэнкингларда “Кадрлар” кўрсаткичи нафақат штатдаги аудиторларнинг сонини, балки ушбу аудиторлар эга бўлган халқаро сертификатлар (АССА, СРА, ДипИФР ва ҳоказо) сонини ҳам ҳисобга олган. “Кадрлар” агрегацияланган кўрсаткичи сертификатларга турли вазндаги коэффициентларни бериш асосида ҳисоблаб чиқарилган ва ҳақиқатда ўзини рэнкинг эмас, балки рейтинг кўрсаткичи сифатида намоён қилган. Бундай услубият қуйидаги ҳолларда субъектлилик туфайли аудиторлик ҳамжамиятида асосли эътирозларга сабаб бўлган:

– рэнкингга киритиладиган халқаро сертификатларни танлашда (азалги баҳс – нимани рэнкингга киритиш керак, нима киритиш керак эмас);

– якуний кўрсаткични ҳисоб-китоб қилишда вазнларни тақсимлашда.

Бу йил рэнкинг ташкилотчилари энг содда йўлдан боришди – буюртмачиларимиз томонидан талаб қилинган мутахассисларнинг профессионал даражаси ҳақидаги барча ахборотни олиб ташлашди. Натижада кадрлар бўйича дастлабки қаторларни штатида аудиторлар – халқаро сертификатлар эгалари энг кам миқдорда тақдим этилган ёки умуман мавжуд бўлмаган аудиторлик ташкилотлари эгаллади.

Ва ниҳоят, агар аудиторлик ташкилотларида аудиторларнинг сони бир хил бўлса, ушбу ташкилотлар рэнкингда алифбо тартибида кўрсатилади. Бу шунга олиб келадики, номида “омади келмаган” компания – у лотин ёзувининг охирги ҳарфлари билан бошланади, рэнкингда 10–15 банд йўқотади.

5. Кўрсаткичларнинг мувозанатлашмаганлиги

Агар ўзаро боғланган рэнкинг кўрсаткичларини таркиби ва мазмуни бўйича мувозанатласа, қоидага кўра, алоҳида аудиторлик ташкилоти кўрсаткичларининг тарқоқлиги катта бўлмайди ва 10–15 банддан ошмайди (истисно – ташкилот умуман таъсир қилиши мумкин бўлмаган кўрсаткичлар, масалан, ташкил этилган йили).  Агарда қандайдир кўрсаткич “умумий қатор”дан кескин равишда чиқиб кетган бўлса, бу аудиторлик ташкилоти фаолиятидаги четлашишларни кўрсатади ва ташкилот раҳбарияти учун вазиятни тўғрилаш учун зарур чораларни кўриш зарурати ҳақида далолат берувчи огоҳлантирувчи қўнғироқ (“red flag”) бўлиб хизмат қилади.

Кўп аудиторлик ташкилотларининг кўрсаткичлари бутун жадвал бўйлаб тарқоқлиги ва ушбу ташкилотларнинг салоҳияти ҳақида тўлиқ манзарани яратмаслиги – бизнинг рэнкингимиз кўрсаткичларининг мувозанатлашмаганлигидан яққол далолат беради.  Ҳатто “Катта тўртлик” вакиллари айрим кўрсаткичлар бўйича тўртинчи-саккизинчи погонада қолиб кетишади.

6. Рэнкингларни ўтказиш ва уларнинг натижаларини эълон қилиш муддатлари

Ушбу муддатлар чўзилиб кетган, қонунда белгиланган ҳар йилги рэнкинглар натижаларини эълон қилишнинг сўнгги муддати 1 майга эса, қоидага кўра, риоя қилинмайди. Натижада жорий (2023) йил учун аудиторни танлаш бўйича аксарият тендерлар жорий санада аудиторлик ташкилотларида ишларнинг реал ҳолатидан катта фарқ қиладиган икки йил олдинги (2021 йил) рэнкинг натижалари асосида ўтказилади.

 

Якунда нимага эгамиз

Барча юқорида айтилганлар асосида хулоса қилсак, қуйидагиларни аниқ баён қилишимиз мумкин:

  • рэнкинг кўрсаткичларининг ҳозирги таркиби ва мазмуни улар дастлаб жорий қилинган мақсадга хизмат қилмайди, аксинча, фойдаланувчиларда ушбу кўрсаткичларга ишончсизликни келтириб чиқаради. Айнан шунинг учун ҳам кўп буюртмачилар давлат назорат органига мунтазам равишда тақдим этиладиган қайта-қайта солиштириб текширилган кўрсаткичларга ишонмай, аудиторлик ташкилотларидан ўтган йиллар учун молиявий ҳисоботларни, mehnat.uz порталидан аудиторларнинг меҳнат дафтарчасидан кўчирмаларни, халқаро сертификатлар ва ҳоказоларни тақдим этишни талаб қилади;
  • рэнкинг маълумотларига асосланган ҳолда, мижозларнинг ҳеч бири у ёки бошқа аудиторлик ташкилоти фойдасига онгли равишда танлов қила олмайди, аксинча, тахмин ва турли гумонларда бориб охирига етолмайди. Чунончи, кўпгина тендер эълонларида аудитор – савдоларнинг потенциал иштирокчисининг рэнкингнинг биринчи ўнталигига (йигирмалигига) кириши талаби мавжуд бўлиб, бунда унинг алоҳида кўрсаткичлари бўйича ёки жами бўйича эканлиги аниқлаштирилмайди. Аудиторлик ташкилоти тушум бўйича рэнкингда етакчи бўлса, кадрлар бўйича 40–50 ўринни ва суғурта суммаси бўйича 70–80 ўринни эгаллаган бўлса, савдолар ташкилотчилари қандай йўл тутиши керак?
  • шу билан бирга, “ўз” аудиторининг манфаатларини очиқ қўллаб-қувватловчи буюртмачиларнинг айрим виждонсиз вакилларига турли талқинлар учун кенг майдон очиқ, чунки рэнкингнинг эълон қилинган натижалари ҳар қандай талабгорни “тақиқлаш” имконини беради. Масалан, талабгор барча рэнкинг кўрсаткичлари бўйича биринчи ўнталикка киришини кўрсатиш мумкин, сабаби ҳозирги рэнкингда Ўзбекистондаги барча аудиторлик ташкилотларидан фақат битта ташкилот (!) мазкур мезонга жавоб беради;
  • ва ниҳоят, энг асосий камчилик аудиторлик ташкилотлари раҳбарлари ўз рэнкинг кўрсаткичларини яхшилаш учун ўз саъй-ҳаракатларини қайси йўналишда мужассамлаштириш лозимлиги юзасидан аниқ мўлжалдан маҳрум қилинган. Мисол учун, сиз ҳар қандай молиявий харажатлардан қатъи назар, мутахассисларингизни энг илғор ва тегишинча, қиммат халқаро курсларда ўқитасиз. Келгуси йилда эса рэнкинг ташкилотчилари “ташкилотингизда асосий иш жойида ишлайдиган аудиторлар сони” - бу ҳолда сизнинг халқаро миқёсда тан олинган сертификатларингизнинг нархи бир пул бўлади, шунингдек, жумладан шунга ўхшаш ўқув дастурларида иштирок этмасликдан тежалган – “соф фойда миқдори” улар учун муҳим эканлигини эълон қиладилар. 

  

Қандай ечимларни таклиф қиламан

Шубҳасиз, рэнкингни ўтказиш ва унинг натижаларини шакллантиришнинг бутун жараёнини тубдан қайта тузиш вақти келди. Шу муносабат билан қуйидаги ҳаракатлар режасини таклиф қиламан:

  1. Улар жумласига фақат фойдаланувчилар учун ҳақиқатда қизиқ бўлган ва уларга аудиторлик ташкилотини онгли равишда танлашда ёрдам берадиган, уларнинг сўровларига анча тўлиқ жавоб берадиган кўрсаткичларни киритган ҳолда, рэнкинг кўрсаткичларининг сони ва мазмунини қайта кўриб чиқиш. Бунинг учун тендер эълонларини ўрганиб чиқиш ва тез-тез учрайдиган танлов мезонларини танлаш етарли. Вариант сифатида – буюртмачилар орасида сўров ўтказиш.
  2. Танлаб олинган кўрсаткичлар орасида маълумотлари “Аудит” дастурий комплексида ва (ёки) аудиторлик ташкилотлари томонидан Иқтисодиёт ва молия вазирлигига тақдим этиладиган йиллик ҳисоботларда кўрсатилмаганлари топилади, деб фараз қиламиз. Бу ҳолда ушбу кўрсаткичларни аудиторлик ташкилотларининг тақдим этилаётган маълумотларнинг ҳаққонийлиги учун жавобгарлигини ҳамда фойдаланувчиларнинг ишончини ошириш мақсадида назорат органига тақдим этилиши мажбурий бўлган маълумотлар рўйхатига киритиш лозим;
  3. Танлаб олинган кўрсаткичларни ҳамма фойдаланадиган электрон платформада (регуляторнинг сайти, Аудит ДК, www.gov.uz ва ҳоказо) онлайн режимида эълон қилишнинг техник имкониятини назарда тутиш. Натижада буюртмачилар ўзларини қизиқтираётган холис ахборотни ўз вақтида олиш, аудиторлик ташкилотлари раҳбарлари эса – исталган вақтда ўз компанияларидаги ишларнинг ҳақиқий ҳолатини кўриш ва ўз рэнкинг кўрсаткичларини яхшилаш учун тегишли чоралар кўриш имкониятига эга бўлишади;
  4. Унинг қуйидаги асосий вазифаларини назарда тутган ҳолда, “Аудит-рейтинг” агентлигининг функционал мажбуриятларини қайта кўриб чиқиш:

– аудиторлик ташкилотлари рэнкинги кўрсаткичларини танланган электрон платформада ўз вақтида ва ҳаққоний акс эттириш;
– мазкур кўрсаткичлар сони ва мазмунини мунтазам таҳлил қилиб бориш;
– шу мақсадда буюртмачилар ва аудиторлик ташкилотлари орасида сўров ўтказиш;
– давра суҳбатлари, ҳар йилги конференцияларни ташкил этиш ва ҳоказо.