Бухгалтер 25 октябргача нималар қилиши керак

preview

Ҳурматли бухгалтерларга жорий йилнинг III чораги учун ҳисобот топширишга бир неча кун қолганлигини эслатиб ўтамиз. Назорат саналарини аниқлаштириб оламиз.

24 октябрь - 2019 йилнинг III чораги учун «йирик» корхоналар томонидан чораклик  молиявий ҳисоботларни тақдим этишнинг сўнгги куни (АВ томонидан 3.07.2000 йилда 942-сон билан рўйхатдан ўтказилган Чораклик ва йиллик молиявий ҳисоботларни тақдим этиш муддатлари тўғрисидаги низомнинг 4-банди).

«Йирик» корхоналар, яъни микрофирмалар ва кичик корхоналар мезонига мос келмайдиган корхоналар томонидан чораклик молиявий ҳисобот қуйидагилар билан биргаликда тақдим этилади (Молиявий ҳисобот шаклларини тўлдириш бўйича қоидаларнинг 3-банди, 7-илова, рўйхат рақами 1209, 24.01.2003 йил):

  • Бухгалтерия баланси (1-шакл);
  • Молиявий натижалар тўғрисида ҳисобот (2-шакл).

Мазкур шаклларни тўғри тўлдириш учун:

  • барча бухгалтерия операцияларини қайд этиш;
  • дебитор ва кредитор қарзларни текшириш;
  • аванс счётларини ёпиш;
  • реализация қилинган маҳсулотлар (товарлар, ишлар, хизматлар)нинг ишлаб чиқариш таннархини шакллантириш;
  • даврнинг барча даромадлар ва харажатлар счётларини якуний молиявий натижа билан ёпиш керак.

Буларни  «Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатларининг таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисида низом»га (5.02.1999 йилдаги 54-сон ВМҚ) риоя қилган ҳолда амалга ошириш керак.

Маълумот учун. Молиявий натижалар тўғрисида ҳисоботга барча даромад ва харажатларни киритиб бўлганингиздан кейин 240-«Фойда солиғини тўлагунга қадар фойда (зарар)» (сатр.220+/-230)» сатрида «+» (фойда) ёки  «-» (зарар) кўрсатилиши мумкин.  

24 октябрь, шунингдек, табиий газга қўшимча фойда солиғи ҳисоб-китобини тақдим этиш ва солиқни тўлаш учун “қизил” сана (АВ томонидан 24.02.2009 йилда 1909-сон билан рўйхатдан ўтказилган «Табиий газга қўшимча фойда солиғини ҳисоблаб чиқариш ва бюджетга тўлаш тартиби тўғрисида низом»нинг 12, 13-бандлари).

25 октябрь - 2019 йилнинг III чораги учун қуйидаги солиқларни тўлашнинг сўнгги куни:

  • 2019 йилнинг III чораги учун фойда солиғи ҳисоб-китобини тақдим этиш ва солиқни тўлаш

(СКнинг 163-моддаси 2-қисми; 164-моддаси 6-қисми)

  • 2019 йилнинг сентябрь ойи учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳамда ягона ижтимоий тўлов ҳисоб-китобини тақдим этиш ва тўлаш

(СКнинг 187-моддаси 2-банди; 188-моддаси, 310-моддаси)

  • 2019 йилнинг сентябрь ойи учун ҚҚС ҳисоб-китобини тақдим этиш ва тўлаш

(СКнинг 225-моддаси, 1-қисми; 226-моддаси 1-қисми; 226-5-моддаси 1 ва 3-қисмлари)

  • 2019 йилнинг III чораги учун ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқнинг ҳисоб-китобини тақдим этиш ва 2019 йилнинг сентябрь ойи учун ушбу солиқни тўлаш 

(СКнинг 247-моддаси 3 ва 4-қисмлари)

  • 2019 йилнинг октябрь ойи учун сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича жорий тўловларни тўлаш*****

(Солиқ кодексининг 264-моддаси 3-қисми).

  • 2019 йилнинг сентябрь ойи учун товарларнинг айрим турлари билан чакана савдо қилиш ва айрим турдаги хизматлар кўрсатиш ҳуқуқи учун йиғимни тўлаш

(СКнинг 347-моддаси 3-қисми);

  • 2019 йилнинг III чораги учун ягона солиқ тўлови ҳисоб-китобини тақдим этиш ҳамда 2019 йилнинг сентябрь ойи учун, микрофирмалар ва кичик корхоналар томонидан эса 2019 йилнинг III чораги учун ушбу солиқни тўлаш

(СКнинг 360-моддаси 4 ва 5-қисмлари);

  • 2019 йилнинг сентябрь ойи учун меҳнатда шикастланиш ёки касб касалликлари оқибатида тайинланган пенсиялар тўлови бўйича харажатларни қоплаш учун маблағларни тўлаш  

(АВ томонидан 3.11.2016 йилда 2836-сон билан рўйхатдан ўтказилган «Ягона ижтимоий тўловни тақсимлаш, шунингдек харажатларни қоплаш бўйича суммаларнинг тўланишини ҳамда ташкилотлар томонидан пенсия, нафақа ва бошқа тўловлар учун харажатлар амалга оширилиши тартиби тўғрисидаги низом»нинг 17-банди)


 *****Солиқ даври учун солиқнинг суммаси 200 БҲМдан камни ташкил этадиган юридик шахслар ҳамда микрофирмалар ва кичик корхоналар бундан мустасно.