Давлат органлари карантин бўйича саволларга жавоб берадилар - 9

preview

Карантин даврида ходимлар меҳнат таътилига чиққанлиги оқибатида бўш қолган иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар ташкилот раҳбари томонидан ўз вақтида тақдим этилмаганлиги учун жарима солиниши асослими? ЙҲҚни бузганлик учун маъмурий жарима қандай тўланади? Карантин даврида оилавий нодавлат болалар боғчалари ходимларига иш ҳақини қандай тўғри ҳисоблаш мумкин? Бу ва бошқа саволларга жавоблар – buxgalter.uz нинг тўплам материалида.

Гулрух НИЁЗМЕТОВА, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Давлат меҳнат инспекцияси меҳнат ҳуқуқи бош инспектори:

– Карантин туфайли ходимларга ҳар йилги меҳнат таътили тақдим этилди. Ташкилотдаги бўш ўринлар тўғрисида ҳисобот тақдим этилмаганлиги учун Хива шаҳар Бандликка кўмаклашиш маркази томонидан ташкилот раҳбарларига маъмурий жарима солинади. Бу қонунийми?

– Кичик корхоналардан ташқари, мулкчилик шаклидан қатъи назар барча корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар иш берувчилари томонидан ҳар бир ҳисобот ойининг 30–31 санаси ҳолатига кўра туман, шаҳар Аҳоли бандликка кўмаклашиш марказига бўш иш ўринлари, шунингдек ходимларнинг ишдан бўшатилганлиги тўғрисидаги маълумотлар ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 5-санасидан кечиктирмай электрон ёки қоғоз шаклида тақдим этилиши шарт.

Коронавирус пандемияси тарқалишига қарши курашиш чора-тадбирлари тўғрисида қабул қилинган қарорларда иш берувчилар бўш иш ўринлари ҳақидаги маълумотларни тақдим этишдан озод этилмайди, шу сабабли маълумотлар белгиланган муддатларда тақдим этилиши лозим.

Бинобарин, МЖТКнинг 229-моддасига мувофиқ бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотларни яширганлик ёки маълумотларни ўз вақтида тақдим этмаганлик учун маъмурий жарималар солиниши асосли ҳисобланади.

– Карантин сабабли асосий ишимдан иш ҳақи сақланмайдиган таътилга чиқаришди. Етказиб бериш хизматларини кўрсатадиган фирмага ишга жойлашишим ва шахсий машинамда етказиб бериш билан шуғулланишим мумкинми? Бу меҳнат стажига қўшиладими ва меҳнат дафтарчамга бу ҳақда ёзув киритиладими?

– Ходим карантин даврида ўз ҳисобидан таътил олган бўлса, ушбу меҳнат таътили қанча давом этишидан қатъи назар ходимнинг меҳнат стажига киритилади.

Ўриндошликда ишлаш ҳамда касб ва лавозимларни ўриндошликда юритиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ ходим асосий ишидан бўш вақтда меҳнат шартномасига асосан бошқа ҳақ тўланадиган ишни ҳам бажариши мумкин.

Ўриндошликда ишлаш меҳнат стажига қўшилади.

– Масофадан ишланганда меҳнат шартномасига ўзгартириш киритиладими ёки ойлик меҳнат ҳақи ўзгарадими?

– Карантин даврида иш берувчилар ходимларнинг розилиги билан меҳнат шартномасига тегишли ўзгартиришлар киритишлари ва ходимларни масофавий ишлаш режимига, ўзгарувчан иш графигига ёки уйда ишлашга ўтказишлари мумкин.

Мазкур ҳолатларда ходимларнинг меҳнатига қуйидаги тартибда ҳақ тўланади:

  • меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш – ходим масофавий ишлашга ўтказилгунига қадар белгиланган тариф ставкасидан (лавозим маошидан) келиб чиққан ҳолда;
  • меҳнатга ишбай ҳақ тўлаш – белгиланган нархлардан келиб чиққан ҳолда.

Мазкур ҳолатда ойлик иш ҳақингиз сиз билан иш берувчи ўртасида тузилган меҳнат шартномасида белгиланган тартибда тўлиқ ҳажмда тўланади.

Фаррух ТОШПЎЛАТОВ, Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими раҳбари:

– МИБ ходимлари машинам учун маъмурий жаримани 15 кун ичида тўлашим кераклигини тушунтиришди. Буни карантин даврида амалга ошириш мумкинми?

– Йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун маъмурий жарималарни мажбурий ундириш чоралари қўлланилиши давом эттирилмоқда.

Президентнинг ПФ-5978-сон Фармонига мувофиқ фақат карантинга жойлаштирилган шахсларга солинган маъмурий жарималарни тўлаш муддати карантин даври тугагунига қадар узайтирилган.

Бундай жаримани @mibuzbot телеграм боти орқали тўлашингиз мумкин.

Дилафрўз ИКРОМОВА, Мактабгача таълим вазирлиги ахборот хизмати раҳбари:

– Карантин даврида давлат-хусусий шериклик асосида ишлаётган оилавий нодавлат МТМ раҳбарлари, услубчилари, педагоглари ва ёрдамчи ходимларига иш ҳақи тўланадими?

– Ходимларга иш ҳақи тўлаш МТМдаги болалар сонига ажратиладиган субсидиялар билан тўланадиган МТМ харажатларига тенглаштирилади, карантин даврида бундай иш ҳақи тўланмайди.

Субсидиялар ажратиш сиёсати бевосита Молия вазирлиги томонидан амалга оширилишини ҳисобга олган ҳолда, ушбу масалани ойдинлаштириш учун Молия вазирлигининг ҳудудий бўлинмаларига мурожаат қилиш ва у ерда хулоса олиш мақсадга мувофиқ бўлади.

– Нодавлат МТМни очиш учун имтиёзли кредитлар белгиланган. Банкка кафолат сифатида гаров тақдим этилган. Қачон кредит ажратилади?

– Давлат-хусусий шериклик асосида МТМ очишга доир битимларни молиялаштириш учун халқаро молия институтлари, хорижий давлат ташкилотлари кредитлари ва грантларини жалб этиш бўйича ташкилий ишлар олиб борилмоқда.

Юқорида айтиб ўтилганлардан келиб чиққан ҳолда молиялаштириш манбалари шакллантирилганидан кейин белгиланган тартибда кредит маблағлари ажратилади. Бу ҳақда маълум қиламиз.

– МТМ очиш мақсадида ўз уй-жойимни нотурар жойга қайта ташкил этганим учун солиқлар тўлашим лозимми?

– Ҳа, тўлашингиз лозим.

Бироқ кейинчалик, Президентнинг ПҚ-3651-сон Фармонига мувофиқ МТМ фаолият юритишни бошлаганидан кейин 10 йил мобайнида барча солиқлардан ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалардан озод этилади.

                                                                                              АОКА материаллари асосида.

Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солишга доир норматив ҳужжатлардаги янги ўзгаришлар Янгиликлар Янгиликлар /publish/doc/text159412_davlat_organlari_karantin_buyicha_savollarga_javob_beradilar_-_9