ДСҚ октябрь ойида қонунчиликка киритилган ўзгартиришларни тушунтирди

preview

My.soliq.uz солиқ тўловчиларнинг шахсий кабинетида солиқ қонунчилигидаги ўзгартиришлар тўғрисидаги ахборот жойлаштирилди. Ахборотда қайд этилишича, хусусан -  етказиб бериш муддати 180 кундан ортиқ бўлган импорт контрактлари бўйича ускуналар ва бутловчи буюмлар юзасидан муддати ўтказиб юборилган дебиторлик қарзи учун санкциялар қўлланилмайди.

Тенг шароитлар яратиш ва инвестиция муҳитини янада яхшилаш мақсадида 2019 йил 27 июнь куни Президентнинг “Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5755-сон Фармони қабул қилинган. Ушбу ҳужжатга мувофиқ 2019 йил 1 августдан бошлаб ЯЕС тўловчиси ҳисобланган қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчилари ихтиёрий равишда ҚҚСни тўлашга ўтиш ҳуқуқига эга бўлди.

2019 йил 1 октябрдан бошлаб

а) бензин, дизель ёқилғиси ва газни ЁҚШлари орқали охирги истеъмолчиларига сотадиган юридик шахслар, шунингдек товарларни импорт қилувчилар, ялпи тушум миқдоридан қатъи назар, ҚҚС тўлашга ўтдилар.

Бундан ташқари, 2019 йил 1 октябрдан бошлаб қуйидаги имтиёзлар бекор қилинди:

а) ҚҚС бўйича, шу жумладан импорт қилишда:

  • асбест, кўмир, ёғоч материаллари, ёғоч ва ундан тайёрланган буюмлар, углеводород хом ашёси;
  • соя данаги, кунгабоқар ва кунжут уруғлари, мойли хом ашё ва шакар хом ашёси;
  • қишлоқ хўжалиги техникаси, автотранспорт воситалари, автотранспорт воситаларини ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган бутловчи буюмлар, материаллар ва технологик асбоб-ускуналар;
  • ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва мамлакатимизда ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотлари.

б) юридик шахсларнинг тижорат банкларига жойлаштирган маблағларидан фоиз кўринишида олинган тўлов манбаини фойда солиғидан озод қилиш бўйича.

2019 йил 1 октябрдан бошлаб 1 млрд сўмдан ортиқ пул айланмаси (тушуми)га эга бўлган ёки 50 гектардан ортиқ қишлоқ хўжалигига мўлжалланган суғориладиган ер майдонларига эга бўлган ЯЕС тўловчилари ҚҚС тўловчилари ҳисобланадилар ва белгиланган тартибда рўйхатдан ўтишлари шарт.

Пахта хом ашёсини ишлаб чиқарувчилар 2019 йил ҳосилидан бошлаб ҚҚСни тўлашга ўтадилар. Бунда уларга 2018 йилнинг 1 октябридан илгари бўлмаган вақтда ҳақиқатда олинган ва 2019 йил ҳосили пахта хом ашёсини етиштириш учун ишлатилган товарлар (иш, хизматлар) учун тўланган ҚҚС суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқи берилади.

Юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ, юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ўрнига маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан тўлов муддатини 24 ойгача муддатга кечиктириш тақдим этилади.

Асбоб-ускуналар ва (ёки) бутловчи буюмлар етказиб бериш бўйича импорт шартномалари юзасидан муддати ўтган дебитор қарздорлик учун, агарда бундай мол-мулкни етказиб бериш муддати уларнинг техник хусусиятлари ва ўзига хослигидан келиб чиққан ҳолда 180 кундан ортиқ бўлса, молиявий жазо чоралари қўлланилмайди.