Энди доимий жойлашган жойидан қатъи назар кредит юзасидан исталган банкка мурожаат қилиш мумкин

preview

Банклар филиаллари бош банк билан қўшимча келишувсиз ўзлари кредит бериш тўғрисида қарор қабул қилади. Бу кредитлаш жараёнларини жиддий равишда соддалаштириши ва тезлаштириши лозим.

Президент банклар олдига банк хизматлари оммабоплигини таъминлаш  ва  истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш вазифасини қўйди (Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 мартдаги “Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3620-сон қарори билан) . Ушбу вазифани ҳал қилган ҳолда Марказий банк 8 та қонун ва қонуности ҳужжатларига ўзгартиришлар киритди. МБ раиси ўринбосари Ориф БЎТАЕВ Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигидаги брифингда янгиликлар ҳақида сўзлаб берди.

Хусусан:

  • Бундан буён банкларга, илгари бўлганидек, мижозларга қўшимча хизматларни мажбуран кўрсатиш тақиқланди.
  • Микроқарз ва  кредит шартномалари бўйича  ломбардлар ва кредит ташкилотлари томонидан қўлланиладиган фоизлар, комиссия ва неустойка (штраф, пеня), шунингдек  жавобгарликнинг бошқа чораларининг суммаси йиллик қарз суммасининг ярмидан кўп миқдоридан ошиши мумкин эмас.
  • Банклар филиаллари кредит буюртмаларини бош банк билан келишмайди.
  • Тадбиркорлар ўзининг доимий жойлашган жойидан қатъи назар исталган банкка мурожаат қилишлари мумкин.
  • Банклар мижозлари шартномани ўрганиб чиқиш, ваколатли шахслар билан маслаҳатлашиш учун у имзолангунга қадар уни банкдан олиб чиқиш ҳуқуқига эга бўлдилар.
  • Жисмоний шахслар истеъмол кредити юзасидан мурожаат қилганда энди ягона ахборот варағини оладилар. Илгари ахборот оғзаки берилиб, тўлиқ бўлмаслиги  мумкин эди.

Бундан ташқари, онлайн рўйхатдан ўтиш ва кредит буюртмаларини кўриб чиқишнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида тижорат банклари смс-хабарнома ва мижознинг шахсий кабинети орқали хабардор қилиш тизимини жорий этдилар. Унда кредит буюртмаси кўриб чиқишнинг қайси босқичида эканлиги юзасидан ахборотни топиши мумкин.

МБнинг брифингда тақдим этган  маълумотига кўра, тижорат банклари ўтган йилдан бошлаб микрокредитлар беришни бошлашган. 2018 йилнинг 1 апрелидан 2019 йилнинг 1 августигача бўлган даврда 463 минг нафар шахс 3 956 млрд сўм миқдорида микрокредитлар олишган.

Банклар мижозлар билан онлайн-режимда чет эл валютасини харид қилиш, пулларни миллий ва чет эл валютасида банк омонатларига ўтказиш имконини берадиган мобиль иловалар орқали ишламоқда. Чунончи, 2018 йилнинг 1 апрелидан 2019 йилнинг 1 августигача бўлган даврда жисмоний шахслар мобиль иловалар орқали $668,4 млн ёки жисмоний шахслар томонидан жами харид қилинган чет эл валютасининг 40%ини  харид қилганлар. Омонатларга 459,4 млрд сўм жойлаштирилган ҳамда 238,2 млрд сўм миқдорида кредитлар ажратилган.

Лола Абдуазимова.

Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солишга доир норматив ҳужжатлардаги янги ўзгаришлар Янгиликлар Янгиликлар /publish/doc/text153662_endi_doimiy_joylashgan_joyidan_qati_nazar_kredit_yuzasidan_istalgan_bankka_murojaat_qilish_mumkin