Иш берувчилар меҳнат тўғрисидаги қайси нормаларни кўпроқ бузганлар

preview

Адлия вазирлиги жорий йилнинг январь–февраль ойларида ўтказилган сўров натижаларини эълон қилди.

Адлия органлари онлайн сўров ўтказиш орқали Конституцияда кафолатланган меҳнат ҳуқуқларига риоя этилишини ўргандилар. Тадқиқот ўтказиш учун 100 мингдан ортиқ фуқаролар ўртасида тест синовлари, сўров ўтказишнинг аноним ва анкета усулидан фойдаланилди.

Натижада салбий ҳолатлар мавжудлиги аниқланди, хусусан:

  • ходимларнинг иш вақтига риоя этмаслик;
  • ҳақ тўламасдан қўшимча ишга жалб қилиш;
  • иш ҳақидан асоссиз ушлаб қолиш;
  • етарли меҳнат шароитларини таъминламаслик.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ, 6 кунлик иш ҳафтасида кунлик – 7 соат, 5 кунлик иш ҳафтасида эса 8 соатдан ортиқ бўлмаган иш вақти белгиланган. Иш вақтидан ташқари ишлашга фақат ходимнинг розилиги билан ва камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланган ҳолда йўл қўйилади. Бироқ, сўров натижалари ушбу нормаларга риоя этмаслик ҳолатлари кўпроқ банк-молия (32,1%), таълим (30,5%) ва соғлиқни сақлаш (28,2%) соҳаларида учраётганлигини кўрсатди. Ҳудудлар мисолида бундай ҳуқуқбузарлик ҳолатлари кўпроқ Самарқанд (40,5%), Андижон (34,5%) ҳамда Тошкент вилоятларига (32,9%) тўғри келади.

Қонун ҳужжатларида ходимнинг розилигисиз уни хизмат вазифасига кирмайдиган ишга жалб этиш тақиқланган. Бироқ, бу каби ҳолатлар молия (19,3%), хўжалик бошқаруви органларида (19,1%) ҳамда таълим тизимида (16,8%) кузатилмоқда.

Қонунчилик талабига асосан, ходимнинг иш ҳақидан олиб қолишга фақат унинг ёзма розилиги билан ёки суднинг қарорига асосан йўл қўйилади. Бироқ, мазкур турдаги қонунбузилишлар банкларда (23%), соғлиқни сақлаш (26,3%), молия (23,9%) ва таълим (20%) соҳаларида учрашлигини кўриш мумкин.

Иштирокчиларнинг 16,6%и иш жойида меҳнатни муҳофаза қилиш (хавфсизлиги, ҳаёти ва соғлиғини сақлаш) чоралари кўрилмаганлигини таъкидлаган.

Меҳнат ҳуқуқлари бузилаётганлигининг сабабларидан бири – фуқароларнинг билимлари етарли эмаслигида. Натижалар:

  • кунлик иш вақти нормасини – 32%;
  • ходимни қўшимча ишга жалб қилиш тартиби ва тўлов миқдорини – 32,1%;
  • меҳнат таътилига чиқиш тартибини – 29,1%;
  • ойлик иш ҳақидан ушлаб қолиш тартибини – 29,2%;
  • касаба уюшмаларининг вазифаларини – 32,1% сўралганлар билмаслигини кўрсатди.

Адлия вазирлиги барча корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарларини қонунларга итоат этишга, қўл остидаги ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларига риоя этишга чақиради ҳамда меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган шахслар жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантиради.