Марказий банк нақд пул айланмасини қисқартиради

preview

Марказий банк фуқароларга пенсия ва иш ҳақи тўловларини тўлиқ ҳажмда банк карталарига амалга ошириш тўғрисида хабар тарқатди. Мазкур чора коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишни кучайтириш мақсадида Республика махсус комиссияси тавсиясига асосан кўрилмоқда.

МБнинг таъкидлашича, фуқаролар банк карталарини очиш учун банкка ташриф буюришлари зарур эмас. Ходимларга карталарни иш берувчи беради, пенсионерларга – Халқ банкининг ходимлари уйга келтириб беришади.

Пенсияларни тўлаш

Маҳаллий ҳокимият органлари, банклар, Молия вазирлиги қошидаги Ғазначиликнинг ҳудудий бўлинмалари ҳамда Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси ўз ҳудудий бўлинмалари билан биргаликда бу борада ташкилий ишларни бошлаб юборишган. Унга кўра:

  • дастлабки босқичда - жорий йилнинг май ойидан бошлаб - Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида истиқомат қилувчи аҳолининг пенсия тўловлари банк карталари орқали амалга оширилади;
  • кейинги ойлардан бошлаб ушбу амалиёт қолган аҳоли пунктларига татбиқ этилади.

Пенсия тўлаш учун пластик карталарни очиш бўйича иш қуйидаги тарзда ташкил этилади:

1) Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан фуқаролар тўғрисидаги керакли маълумотлар Халқ банки бўлинмаларига электрон шаклда юборилади;

2) Халқ банки мазкур ахборот асосида ҳар бир пенсионерга карта очади;

3) Халқ банкининг масъул ходимлари карталарни барча санитар қоидаларига тўлиқ риоя қилинган ҳолда пенсионерларга яшаш манзиллари бўйича етказиб беради;

4) пенсионер фақатгина тегишли аризани ёзиши ва картани қабул қилиб олганлиги тўғрисида имзо қўйиши зарур.

Марказий банк пластик карталардан тўлиқ фойдаланиш учун мамлакатимизнинг барча ҳудудларида тегишли инфратузилма (терминаллар, банкоматлар) мавжудлигини қайд этди. Пенсионерларга нақд пуллар билан муомала қилишда инфекцияларни олдини олиш учун пластик карта ёрдамида ҳисоб-китоб қилиш тавсия қилинади.

Иш ҳақини тўлаш

Барча турдаги корхона ва ташкилотлар, шу жумладан, бюджет ташкилотлари ходимларининг ойлик иш ҳақлари ҳам тўлиқ банк карталари орқали амалга оширилади. Корхона ва ташкилотлар раҳбарлари банк ходимлари билан биргаликда барча ходимлар учун банк карталарини олиш юзасидан чоралар кўриши керак.

Бунинг учун:

1)  корхона ва ташкилотлар раҳбарлари хизмат кўрсатувчи банкка тегишли ариза ва ходимларнинг паспорт нусхаларини электрон шаклда тақдим этишлари лозим бўлади;

2) банк ходимлари тайёр карталарни корхонага барча санитар қоидаларига тўлиқ риоя қилинган ҳолда етказиб беради;

3) ходимлар ўз карталарини банкларга ташриф буюрмаган ҳолда, бевосита ўзлари ишлайдиган жойдан олишлари лозим бўлади.