• beta

Нега бухгалтерлар электрон ҳисобварақ-фактурага ўтишга шошилмаяптилар

27.09.2019

2019 йил 1 июлдан бухгалтерларга ихтиёрий равишда электрон ҳисобварақ-фактураларга (ЭҲФ) ўтиш имконияти берилди. Бундай қарор амалиётчилар орасида қанчалик оммавийлашган ва нима учун? Буни buxgalter.uz телеграм-каналида ўтказилган сўров давомида ва бухгалтерлар билан кичик интервьюларда аниқлашга уриниб кўрдик. Аниқланган муаммоларнинг кўпчилигини қонун органлари иштирокисиз ҳал этиб бўлмайди.

Саволларга жавоб берганларнинг ярмидан кўпи ЭҲФга ўтишга ҳозирча вақт топмаганлигини маълум қилишган. Буни кундалик масалалар юкламаси юқори эканлиги ва бўш вақт йўқлиги билан изоҳлашди. Янги йилгача албатта вақт топиб, тизимни яхшилаб ўрганиб чиқишларини ва унда ишлаб кўришларини айтишди. 

ЭҲФга ўтиш ҳақидаги жавоби ижобий бўлганлар сони уч баравар кам эди. «Ҳа, бу биз учун қулай» деб жавоб берганлар асосан савдо ва хизматлар соҳасидаги корхоналар вакиллари бўлди. Ушбу тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг ўзига хос хусусиятлари қуйидагича: шартномаларда келишилган ҳажм, қиймат ва муддатлар камдан-кам ҳолатларда ўзгаради. Мижозлар билан ҳисоб-китоблар қуйидаги тамойилга риоя этилган ҳолда йўлга қўйилади: «сотувчи – товарни жўнатди, ҳисобварақ-фактурани тақдим этди, харидор – ҳисобварақ-фактурани имзолади, хизматлар учун шартномада келишилган муддатда ҳақ тўлади. Ҳеч бир муаммо йўқ». ЭҲФ уларни курьер орқали ҳужжатларни етказиб бериш заруратидан халос этди.

Сўровда иштирок этганларнинг учдан бир қисмидан камроғи ЭҲФ билан ишлаб кўришганини, бироқ унга ўтишга шошилмаётганларини айтишган. Улар ишлаб чиқувчиларга кўплаб саволлари борлигини таъкидлаб ўтишган. Аввалги материалларнинг бирида, ЭҲФга ўтиш жараёнида бухгалтерлар муаммоларга тўқнаш келиши мумкинлиги ҳақида ёзган эдик. Бу тахминлар тўғри бўлиб чиқди. Бироқ ҳозирча тасдиқланган Низомга (25.06.2019 йилдаги 522-сон ВМҚ) ҳеч қандай ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилмаган, ДСҚ мутахассислари томонидан қўшимча тушунтиришлар берилмаган.

Биз суҳбатлашган бухгалтерлар орасида ЭҲФга қисман ўтганлар ҳам кўп эди. Улар орасида пойтахтдаги маҳсулотларни сертификатлаш марказларидан бирининг бухгалтери ҳам бор эди.

Унинг айтишича, ЭҲФ тизими яратилиши билан ишлаш анча осонлашди, югур-югурлар камайди. Товарлар ва хизматларни етказиб берувчи ташкилотлар тақдим этадиган барча ҳисоблар ЭҲФ ёрдамида расмийлаштириляпти.

Шу билан бирга, у ҳозирча марказ мижозлари билан ЭҲФдан фойдаланган ҳолда мулоқот қилиш ниятида эмаслигини таъкидлаб ўтди. Зарурат туғилганда ҳисобварақ-фактурага қандай тузатиш киритилиши тушунарсиз эканлигини айтди. Қоғоз кўринишидаги ҳисобварақ-фактуралардан фойдаланилганда ҳаммаси оддийдек туюларди: хато бланка йўқ қилинади, янгиси расмийлаштирилади. Бундай вазиятларда ЭҲФ қандай тузатилиши ҳозирча қоронғу. Бу муаммо кўпчилик мижозлар билан ўзаро муносабатларда долзарб тус олмоқда. Кўпинча иш ҳажми, буюртмачиларнинг режалари ва бошқа вазиятларга кўра шартномага ёки ҳисобварақ-фактурага тузатиш киритиш зарурати юзага келади.

Кўпгина суҳбатдошлар ЭҲФ билан ишлаб кўрганларини, бироқ ушбу тизимга ўтишни кейинга қолдирганликларини таъкидлаб ўтишди. Тасдиқланган ЭҲФ тўғрисидаги низомдан иккита муҳим саволга жавоб топилмаган.

1. Қайси сана ЭҲФ тақдим этилган сана ҳисобланади? Низомда бу саволга аниқ жавоб йўқ. Шу боис бундай сана деб ЭҲФ операторга тақдим этилган санани ҳам, олувчи товар ёки хизматлар олинганлиги тасдиқлаган санани ҳам қабул қилиш мумкин.

2. Жорий кунда (24.00 гача) амалга оширилган битимлар бўйича барча ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштириш зарурлиги талабини ўзгартирса бўладими. Бухгалтерлар ҳисобварақ-фактураларни кейинги кун 12.00 гача тизимда рўйхатдан ўтказишга – тақдим этишга рухсат берилишини таклиф этишяпти. Бугунги кунда буткул қонуний бўлмасада, бундай вазиятдан чиқиш йўли мавжуд – ҳисобварақ-фактуралар кейинги куни расмийлаштирилади, бироқ товарлар ва хизматлар ҳақиқатда олинган кун кўрсатилиши шарт. ЭҲФ тизимида бундай имконият ҳозирча мавжуд эмас.

Суҳбатдошларимиз орасида, тизим фаолиятнинг ўзига хос хусусиятларини умуман ҳисобга олмаслигини эътиборга олиб,  ЭҲФга ўтишни рад этаётганлар ҳам бор. Қурилиш ташкилотлари томонидан бундай эътирозлар кўп бўлди.

Бухгалтерларнинг айтишича, жорий этилаётган ЭҲФ тизими кўп йиллардан буён амалиётда қўлланиладиган, махсус шаклдаги ҳужжат – Маълумотнома-ҳисобварақ-фактурадан фойдаланишга асосланган ёндашувларни бузиб юборяпти. ЭҲФда қоғоздаги шакл ўрнини боса оладиган бирор муносиб жиҳатни кўрмадик.

Энди қўлланиладиган Бажарилган ишлар (сарфланган харажатлар) қиймати тўғрисидаги маълумотнома-ҳисобварақ-фактура объект қурилиши бошланишидан ортиб борувчи якун билан тўлдириладиган, ҳисобварақ-фактура реквизитлари кўрсатилган бажарилган ишлар далолатномасини ифодалайди. Мазкур ҳужжат ушбу соҳадаги ҳақ тўланадиган ишлар ҳажми икки-уч ой давомида келишилиши мумкинлигини эътиборга олиб жорий этилди ва у улар қайтадан кўриб чиқилганда ҳар гал ҳужжатларни қайтадан тузиш эмас, балки уларга тегишли қўшимчаларни киритишга имкон беради.

Қуйидагилар вазиятдан чиқишнинг мақбул йўли сифатида таклиф этилмоқда:

  • ЭҲФга ўтган тадбиркорлик субъектлари тўқнаш келаётган муаммоларни ДСҚда батафсил ўрганиб чиқиш;
  • амалий ўрганишлар асосида Низомга (25.06.2019 йилдаги 522-сон ВМҚ билан тасдиқланган) ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш. Бунда алоҳида шакллардаги ҳужжатларда иқтисодиётнинг айрим тармоқлари (масалан - қурувчилар) эҳтиёжларини ҳисобга олиш лозим;
  • ЭҲФ тизимини жорий этиш ва ундан фойдаланиш жараёнида юзага келадиган жиҳатлар юзасидан бухгалтерлар орасида кенг кўламли тушунтириш ишларини олиб бориш. Масалан, электрон ҳисоботга ўтиш чоғида бўлганидек намунали семинарлар ўтказиш, телефон орқали техник кўмак хизматини ташкил эти шва бошқалар.

Бундай чора-тадбирлар кўрилиши кўп бухгалтерларнинг ЭҲФга ихтиёрий ўтишига, кейинчалик эса тизимдан фойдаланишдаги муаммолар ҳал этилишига имкон туғдиради.

Олег Гаевой.

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал