Қайси бирини танлаган маъқул: виртуал кассаними ёки онлайн НКМ

preview

Сентябрь ойида ПФ-5813-сон Президент Фармони чиққанидан кейин мазкур масала товарларни нақд пулга ва банк карталари орқали реализация қиладиган тадбиркорлар учун энг муҳим масалалардан бири бўлди. Уларни биргаликда кўриб чиқамиз.

Шошилмаган маъқул

Ушбу масала бўйича якуний қарор қабул қилишни онлайн-НКМ, виртуал касса ва фискал модулларга қўйиладиган техник талаблар тасдиқлангунга қадар кечиктирган маъқул. Ушбу ҳужжат энди ДСҚ томонидан ишлаб чиқилмоқда. Вазирлар Маҳкамаси уни яқин икки-уч ойда тасдиқлаши режалаштирилмоқда.

Шу билан бир вақтда мазкур қурилмаларнинг реестри ҳам тасдиқланади. Харид қилинадиган қурилмани ушбу рўйхат бўйича осон танлаш мумкин. Шубҳасиз у ишлайди.

Аксарият ҳолларда тадбиркорга берилган имтиёзлар молиявий йўқотишларсиз бир йўла бир нечта қурилмаларни олиш имконини беради. Ускуналарни харид қилиш ва уларни ишга тушириш-созлаш ишларига харажатларни, башарти уларнинг миқдори БҲМнинг 10 бараваридан ошмаса, тўланиши лозим бўлган фойда солиғи, ЯСТ ёки қатъий белгиланган солиқдан чегириб қолишингиз мумкин. Ҳаммасини бир йўла бажариб, унга бошқа қайтмасликнинг имкони бўлса, ортиқча ишни зиммага олишдан не наф?

Бундан ташқари, эҳтимол, янги ускунани сотиб олишга тўғри келмас. Баъзи маҳаллий НКМ ишлаб чиқарувчилар офлайн қурилмаларни онлайн режимида ишлашга қайта созлаш имконини берадиган ечимларни тайёрламоқда. Бунинг учун сиздан ишлаб чиқарувчининг сервис марказига ёки онлайн-НКМ ва виртуал кассанинг узлуксиз ишлашини таъминлаш бўйича техник хизмат кўрсатиш марказига мурожаат қилиш талаб этилади.

Замонавий НКМлари онлайн ишлаши мумкин

Бугун савдо шохобчаси очишни бир дақиқага ҳам ортга суриш истагида бўлмаган янги тадбиркорлик субъектлари учун НКМни танлашда Ўзбекистон ҳудудида қўлланиши рухсат этилган фискал хотирага эга бўлган НКМлари Давлат реестрининг охирги позицияларига эътибор беришни тавсия қиламиз. Бу дастлабки ҳолатда онлайн режимида ишлаш имкониятини қўллаб-қувватлайдиган моделлар ёки уларни шу форматда ишлаш учун осон созлаш мумкин. Харид қилишда албатта харид қилинаётган қурилманинг имкониятлари ҳақида мутахассислар билан маслаҳатлашинг.

Фақат техник талаблар тасдиқлангандан кейингина осон аниқлаш мумкин бўлади. Ушбу ҳужжатда Ўзбекистонда қабул қилинган виртуал кассаларга тавсиф берилади. Бу нима эканлигини ҳозирча фақат фаҳмлаш мумкин.

Агар виртуал касса қўллашнинг хорижий тажрибаси бўйича фикр юритсак, харидорлар билан ҳисоб-китоб қилиш шохобчасида НКМга қўйиладиган функцияларни бажарадиган қурилманинг мавжуд эмаслиги уларнинг НКМдан асосий фарқи ҳисобланади.  У олди-сотди битимлари амалга ошириладиган жойдан масофада жойлашади ва ишлайди. Интернет ёрдамида маълумотлар билан алмашиш рўй беради.

“Янги технологиялар”  ИАМ  томонидан ўтказилган тажриба лойиҳасига кўра, виртуал кассаларнинг Ўзбек модели компьютер, планшет ёки бошқа гаджетни онлайн-НКМ сифатида ишлатиш имконини берадиган технология билан тақдим этилади. Унинг тавсифи ва иш принципларини ҳам техник талаблардан билиб оламиз.

Бунда фискал маълумотларнинг сақланиши юзасидан муҳим саволлар юзага келадики, ҳозирча уларга жавоб бериш мушкул. Мисол учун, носозликларда, электр энергияси ва интернет-алоқа узилишларида оддий НКМда  сотувлар ҳақидаги маълумотлар сақланади. Бундай функция аввалдан уларга киритилган. Бундай вазиятларда гаджет қўлланадиган технологиялар ўзини қандай намоён қилиши номаълум. Кўп нарса ускунанинг дастурий таъминоти, техник тавсифлари ва аниқ вазиятга боғлиқ бўлади.

Интернет мавжуд бўлмаган ҳолатда онлайн-НКМдан 24 соат мобайнида офлайн режимида фойдаланиш мумкин. Ушбу вазиятларда виртуал кассалардан фойдаланишда нима бўлади? Бу ҳам ҳали тушунарсиз.  Интернет пайдо бўлгунча савдо тўхтатиладими?

Бунинг устига, баъзи маълумотларга кўра, ДСҚ виртуал кассадан фойдаланиши мумкин бўлган тадбиркорлик субъектлари рўйхатини аниқ белгилаш имкониятини кўриб чиқмоқда.

НКМ мавзусидаги навбатдаги материалда корхонада товарлар бўйича ҳисобга олиш ва ҳозирнинг ўзида нима қилиш зарурлиги хусусида сўз юритамиз.

Олег Гаевой.