Солиқ тўловчиларни ШСБга ўтказиш муносабати билан нималар ўзгарди

preview

1 июлдан бошлаб Тошкент шаҳридаги умумбелгиланган солиқларни тўловчиларга Шаҳар солиқ бошқармаси хизмат кўрсатади. 1 октябргача минтақалардаги тегишли функциялар вилоят солиқ бошқармалари зиммасига юклатилади. Буларнинг барчаси солиқларни тўлаш, ҳисоботларни топширишга оид мавжуд амалиётга ва солиқ органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилишни талаб этувчи бошқа ишларга қандай таъсир кўрсатиши ҳақидаги buxgalter.uz саволларига Тошкент шаҳар ШСБ ҚҚС бўлими бошлиғи Зафар ВАҲОБОВ жавоб берди:


– Тошкент шаҳар Шаҳар солиқ бошқармаси умумбелгиланган солиқларни тўловчи барча тадбиркорлик субъектларига (қарийб 19 минг нафар солиқ тўловчига) 2020 йил 15-16 июндан бошлаб амалда хизмат кўрсатиб келмоқда. Бу пайтга келиб туман инспекциялари уларнинг шахсий карточкаларини бизга топширган эдилар. 

Тошкент шаҳридаги умумбелгиланган солиқларни тўловчилар, жойлашган жойларидан қатъи назар, ҚҚС ҳамда бошқа солиқларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлашга оид барча масалалар бўйича энди бизга – уларга хизмат кўрсатиш учун махсус ташкил этилган маслаҳат марказига мурожаат қилмоқдалар.

Бўлимимиз қуйидаги муаммоларни ҳал қилишда ёрдам беради:

  • юридик шахсларга солиқ солиш;
  • ҳисоботларни топшириш;
  • солиқ маъмуриятчилиги (камерал текширувлар ва қайта ҳисоб-китобларни топшириш).

1 июлдан бошлаб барча ҚҚС тўловчилар солиқ суммасини қоплаш ҳуқуқига эга бўлдилар. Ушбу тартиб-таомил билан боғлиқ барча масалалар бўйича ҳам бошқармамизга мурожаат қилиш лозим. 

Барча масалаларни бир сутка ичида масофадан туриб ҳал этишга ҳаракат қиламиз, тадбиркорнинг ҳеч қаерга боришига ҳожат йўқ. Мурожаатлар куну тун қабул қилинади. Ҳавола орқали ўтиб, телефон рақамлари ва телеграм-канал манзилларини билиш мумкин.


– Солиқларни тўлаш ва солиқ ҳисоботи бўйича қандайдир ўзгаришлар юз бердими?

– Бу борада ҳеч қандай ўзгартириш киритилмади. Тадбиркорлик субъекти солиқларни тўлаш ва электрон ҳисоботни топшириш чоғида илгаригидек хатти-ҳаракат қилади. Хусусан, шаклларни тўлдираётганда ўз туманидаги солиқ инспекциясини, ер ва мол-мулк солиқларини тўлаш чоғида эса тегишли объектлар жойлашган туманни танлаши лозим.


– Солиқ тўловчи июнь ойининг сўнгги кунларида туман инспекциясидан хабарнома ёки талабнома олган бўлса, энди бу масала бўйича кимга мурожаат қилади?

– Доим хабарнома ёки талабнома юборганларга жавоб бериш керак. У ДСИдан келган бўлса, жавобни ҳам унга йўлланг.


– Масалан, ихтиёрий тугатиш чоғида тартиб-таомиллар якунига етказилмаган бўлса, уларни якунига етказиш учун қаерга мурожаат қилиш керак?

– Бошланган барча ишларни туман инспекцияси билан биргаликда якунига етказасиз. Ушбу жараёнга энди киришган бўлсангиз, бизга мурожаат қиласиз.

Олег ГАЕВОЙ.