Айланмадан олинадиган солиқ тўловчи 1 млрд сўм дивиденд олди

preview

“Корхонамиз – айланмадан олинадиган солиқ тўловчи саналади. 2023 йилнинг 10 ойи учун хизматларни реализация қилиш ҳажми 128 млн сўмни ташкил этди. Банк ва бошқа юридик шахсларнинг акциядори бўлган ҳолда, корхона шу 10 ой мобайнида 1 млрд 200 млн сўм миқдорида дивидендлар олди. Акциядорлар умумий йиғилишининг қарорига биноан 970 млн сўм банкнинг қўшимча акцияларини сотиб олишга (яъни банкнинг устав фондини кўпайтиришга) йўналтирилди. Айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китобига 1-иловага асосан дивидендлар умумий даромадларга киритилмайди, фақатгина Ҳисоб-китобга 5-“Солиқ солиш объекти сифатида қаралмайдиган даромадлар” иловасининг қўлда тўлдириладиган 120-сатрида акс эттирилади. Келгусида реализация қилиш ҳажми аҳамиятсиз миқдорда ошади ва бундай катта миқдордаги дивидендлар кутилмаяпти.

Агар 1 млрд сўмдан ортиқ дивидендлар олинган бўлса, айланмадан олинадиган солиқ тўловчи ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтиши шартми?”

Buxgalter.uz илтимосига биноан вазиятни “Норма” эксперти Ольга БУСАРОВА тушунтирди:

 

Ҳар куни бухгалтерия ҳисоби, солиқлар ва ҳисобот бўйича янги материалларни ўқиш учун бизнинг телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

– Солиқ даврида жами даромади 1 млрд сўмдан ошмаган Ўзбекистоннинг юридик шахслари айланмадан олинадиган солиқ тўловчи деб эътироф этилади .

Айланмадан олинадиган солиқ солиш объекти – CКнинг 43-бобига мувофиқ аниқланадиган жами даромад .

CКнинг 43-бобида назарда тутилганидек, жами даромадга дивидендлар тарзидаги даромад ҳам киритилади .

Айланмадан олинадиган солиқ бўйича солиқ базаси – хусусан, дивидендлар чегирилган жами даромад .

Шу тариқа, ҳақиқатан солиқ базасига дивидендлар киритилмайди, сабаби уларга тўлов манбаида солиқ солинган. Аммо солиқ тўловчилар солиқ базаси бўйича эмас, балки дивидендлар ҳам киритиладиган жами даромад бўйича аниқланади.

Хулоса

Корхонангиз даромади 1 млрд сўм миқдорга етган кундан эътиборан ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтиши лозим эди .

Агар сиз буни ўз вақтида амалга оширмаган бўлсангиз, ҚҚС ва фойда солиғи бўйича ҳисоб-китоблар ва айланмадан олинадиган солиқ бўйича қайта ҳисоб-китобларни топширишни тавсия қиламиз. Сизда ўтган давр учун ЭҲФни қайта тайёрлаш имкони бўлмайди. Шу боис, ўтган даврлар учун ҚҚСни ўз маблағларингиздан тўлашингизга тўғри келади.