Қатъий белгиланган суммада айланмадан олинадиган солиқ тўловчи дивидендларни қандай тўлаши керак

preview

“2023 йилнинг январь ойидан бошлаб корхона қатъий белгиланган суммада айланмадан олинадиган солиқни тўлашга ўтди. Ўтган йилларнинг тақсимланмаган фойдасидан таъсисчиларга дивидендларни тўлашни режалаштиряпмиз. Қатъий белгиланган суммада айланмадан олинадиган солиқ тўловчидан олинадиган дивидендлар тарзида олинадиган даромадларга солиқлар солинмайди. Корхона қатъий белгиланган суммада айланмадан олинадиган солиқни тўлашга ўтгунга қадар давр учун олинган, фойда ҳисобидан тўланадиган дивидендлардан солиқларни тўлаш керакми?”. 

Buxgalter.uz илтимосига биноан саволга Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Фискал сиёсати департаменти директори Иродахон АББОСХОНОВА жавоб берди:

 

– Қатъий белгиланган суммада айланмадан олинадиган солиқни тўлаш даврида тўланган дивидендлар тарзида олинадиган даромадларга:

  • улар ҳисобланган (дивидендларни тўлаш тўғрисида қарор қабул қилинган) вақтдан;
  • корхонанинг фойдаси тақсимланган даврдан қатъи назар солиқ солинмайди.

Эслатиб ўтамиз: 2023 йилдан бошлаб айланмадан олинадиган солиқ тўловчилар жами йиллик даромади қуйидагича бўлганда ихтиёрий равишда қатъий белгиланган суммада солиқни тўлашни танлашга ҳақли :

  • 500 млн сўмдан ошмаганда – йилига 20 млн сўм;
  • 500 млн сўмдан ошганда – йилига 30 млн сўм.

Қатъий белгиланган суммада айланмадан олинадиган солиқ тўловчидан олинадиган дивидендлар тарзида олинадиган даромадларга фойда солиғи ва ЖШДС солинмайди. Бундан ташқари, улар мазкур солиқ ва тўланадиган дивидендлар бўйича солиқ ҳисоботини тақдим этишдан озод қилинади.

Дивидендлар тарзида олинадиган даромадлардан олинадиган фойда солиғи ёки ЖШДС уларни тўлаш санасидан кечиктирмай тўланади . Ўзбекистоннинг норезидентларига тўланадиган дивидендлардан олинадиган фойда солиғи норезидентга даромадлар тўланган куннинг кейинги кунидан кечиктирмай тўланади .

Мисол
Қатъий белгиланган суммада айланмадан олинадиган солиқ тўловчи томонидан дивидендларнинг солиқни ушлаб қолмаган ҳолда тўланиши
2023 йилнинг март ойида МЧЖ иштирокчиларининг умумий йиғилиши тақсимланмаган фойдадан таъсисчиларга дивидендларни тўлаш тўғрисида қарор қабул қилди:
  • 2021 йил учун – 150 млн сўм;
  • 2022 йил учун – 200 млн сўм.

Барча сумма 350 млн сўм (150 + 200) таъсисчиларга 2023 йилнинг март ойида тўланади.

МЧЖ 2023 йилнинг январь ойидан бошлаб қатъий белгиланган суммада айланмадан олинадиган солиқни тўлашга ўтди. Шу боис дивидендларнинг барча суммасини (350 млн сўм) у ўз таъсисчиларига фойда солиғи ёки ЖШДСни ушлаб қолмаган ҳолда тўлашга ҳақлидир.