Айни паллада бош бухгалтер амалга оширадиган 4 та иш

preview

Яхши бош бухгалтер оддий ҳисобчи бўлибгина қолмай, корхонадаги пул оқимларини тўғри бошқаришда раҳбарга кўмак берадиган молиявий мутахассис ҳамдир. «ALTERRA» методология, бухгалтерия ва молия соҳасида мутахассислар малакасини ошириш халқаро маркази директори Ирина Владимировна ЛУСНИКОВА корхона фаолияти тўхтатиб қўйилган мушкул вазиятда раҳбарнинг умидларини қандай оқлаш мумкинлиги ҳақида buxgalter.uz порталига гапириб берди.

Молия-бухгалтерия хизмати раҳбари бўлсангиз, сизга айнан қуйидаги саволларни берадилар:

  1. Қанча маблағимиз бор?
  2. Маҳсулотимизни сотмасак, қўлимизда қанча қолади?
  3. Энг муҳим ва муҳим бўлмаган тўловлар рўйхатини тузинг.
  4. Қайсидир харажатларни қисқартиришимиз мумкинми? Айнан қайсиларини? Қанчага?

Бу вазиятда «ваҳима қилмаслик» борасидаги маслаҳатлар кор қилмайди. Шу сабабли ҳиссиётга берилмай, ишга киришамиз.

1-иш. Молиявий барқарорлик захирасини, яъни хавфсизлик чора-тадбирлари, хавфсизлик маржасини чамалаб кўрамиз

  • Молиявий натижалар тўғрисида ҳисобот – «Доимий харажатлар» бўлими – доимий харажатлар тузилмасининг айни чоғдаги статистикаси керак. Бу ҳеч нима сотмаганда ҳам қилинадиган харажатлар эканлигини ёдда тутамиз. Бу ишлар бажариб бўлинган. 
  • Даромадлар ва харажатлар бюджетини юритиб, доимий харажатлар таркибида нималарни режалаштирганимизни текшириб кўрамиз. Бу ишлар қилинган бўлиши керак эди.
  • Ҳозирда бизнес амалга ошириши шарт бўлган ва воз кечиб бўлмайдиган энг зарур харажатларни танлаймиз. Етказиб берувчи билан харажатлар хусусида келишиб олмаганимизни, тегишли ҳужжатларни имзоламаганимизни ёдда тутамиз, харажат қилиш, унинг учун ҳақ тўлаш керак. «Хаёлан» рад этиб бўлмайди, фақат барча зарур ҳужжатларни расмийлаштириш керак бўлади.
  • Муҳим харажатлар рўйхатини туздингизми? Одатда улар ижара ва иш ҳақи, алоқа хизматлари ва йўл қўйиладиган даражада ишни давом эттиришга йўналтирилган бошқа харажатлардан ташкил топади. Ҳа-ҳа, майда харажатлар, тренинг ва корпоративлар бунга кирмайди.
  • Сотишга келсак: улар қисқариши, ҳатто умуман тўхтаб қолиши мумкин. Ҳа, шундай бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Ҳақиқатда қанча сота олишимизни сотиш бўлими раҳбари билан имкон қадар холисона баҳолаймиз. Очиқ-ойдин баҳолаб, бир ойлик сотувдан келиб тушадиган энг кам сумма – айни пайтда кам деганда олишингизга ишончингиз комил бўлган суммани оламиз. «Энг кам сумма» ва «ишончингиз комил бўлган» сўзларини алоҳида таъкидлаб ўтамиз. Маржа – фоизлар ва маблағларни ҳам ёддан чиқармаймиз.
  • Зарар кўрмаслик нуқтасини (ЗКН) аниқлаймиз – доимий харажатларни фоизлардаги  маржага бўламиз. Бу «ноль» даражали қийматга эга бўлиш учун сизда бўлиши керак бўлган энг кам сотиш ҳажмидир.
  • ЗКН учун сотиш ва сотиш бўлими раҳбари билан ҳисобланган энг кам суммани солиштирамиз. Энг кам сотиш ЗКНдан кўп чиқса – айни муддао! Бу ҳатто энг мураккаб шароитда ҳам зарар кўрмаслигингизни, ўша хавфсизлик маржаси доирасидан чиқмаслигингизни англатади. Кам чиқса-чи? Демак, бу даврда зарар кўрасиз. Асосий савол – ушбу зарарни қоплаш учун жамғарилган фойда қанча муддатга етади? Бу келажакда рўй берадиган вазиятдир. 

«Янги» молиявий натижа хусусида билиб олдик. Дарвоқе, буни энг ёмон вариант синовдан ўтказилганда моделли краш-тест деб ҳам атайдилар. Бундай тест учун сотиш ҳажми доим кам, харажатлар эса имкон қадар кўп бўлиши керак. Ҳа, харажатларни объектив равишда ҳисобга олишга ҳаракат қиламиз. Бироқ объективлигимизга 15-20% «кўзда тутилмаган харажатларни» қўшиб, ҳар куни уларни кузатишни тавсия этамиз.

2-иш. Пул оқими

  • Ким бизга тўлайди?  Бу – энг асосий савол! Сотишдан тушумлар доим 3 тоифага бўлинади: қарздорликни сўндириш, олганда ҳақини тўлаш ва олдиндан тўлов.
  • Қарздорликни сўндириш – ҳисобдаги маълумот, рўй берган ҳодиса. Ишончсиз мижозлар – тўлов муддати бўйича панд берганларни дарҳол чиқариб ташлаймиз. Ишончимиз комил бўлган тушумларнигина қолдирамиз.
  • Олганда ҳақини тўлаш – «сотиб олди–ҳақини тўлади» дегани. Бунда сотиш режаси – тузилган ва сотиш бўлими раҳбари билан қайта текшириб кўрилган режага мурожаат қиламиз. Бунда ҳам кутилмаган ҳолатлар рўй беришига тайёр туринг: ё ҳақини тўламай, харид қилмасликлари, ёхуд ҳақини тўламай, сотиб олган бўлишлари мумкин...
  • Олдиндан тўлов – ваҳимага тушган пайтда уни энг зарур товарлар ва хизматлар: дори-дармон, биринчи навбатдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, гигиена буюмлари учунгина ўтказадилар. «Доим олдиндан ҳақини тўловчи» харидор ҳам ҳозир тўлов муддатини кечиктиришни сўрайди. Мижозларга бундай шароит ярата олиш-олмаслигингизни очиқ айтишга тайёр туринг. 
  • Кимга тўлаймиз? Бу савол ҳам «ким бизга тўлайди» деган савол сингари муҳим аҳамиятга эга. Бунда биз қарздорликни сўндирамиз, олганда ҳақини тўлаймиз ва олдиндан тўлов тўлаймиз.
  • Асосий қоида – аввал келишиб олиб, кейин тўламаймиз. Тўлай олмаслигимизни энди билдикми?  2 ҳафта ўтгач муҳлат тугайдими? Бу ҳақда ҳозироқ келишиб оламиз!
  • Дастлаб энг қиммат қарздорлик – кредитлар, етказиб беришда энг қатъий шартлар (жарималар ва неустойкалар) белгиланган маҳсулотлар ҳақи тўланади. 
  • Яна бир қоида: истеъмол қилиб бўлган бўлсангиз, ҳақини тўлаш зарур. Шу сабабли тўловларни эмас, харажатлар ва истеъмолни тасдиқлаш зарур! Ёдингиздами, харажатларни режалаштирганимизда энг муҳимларини танлаганмизми? Тўловларни тасдиқлаётганда буни унутманг. Тўловлар ўша харажатларга қўшилмайди, балки тўланади. 
  • Жорий харажатлар хусусида ҳам билиб олдик, товарларни қандай сотиб олиш керак? Сотиш қисқарса, харид ҳам қисқариши керак. Олдиндан тўлов – энг охирги чора. Бунда харидорлар билан бўлган барча қоидалар, фақат аксинча, етказиб берувчиларингиз имкон берадиган даражада қўлланилади. Мижозларингизга ниманидир ваъда қилаётганда буни инобатга олинг.

Муддатларни кўчириш мумкинми, бунга ҳожат борми?

  1. Кредит мажбуриятларианаси ва фоизлар). Одатда банклар ҳақ эвазига муддатни кўчирадилар. Рози бўлишдан аввал чамалаб кўринг. Бу кредит бўйича сўнгги тўловлар бўлса, одатда уларни сўндириш осон бўлади.
  2. Холисона шартлар қўядиган етказиб берувчилар. Шартномада жарималар, нархлар ошиши ва бошқа молиявий кўнгилсизликлар назарда тутилмаган бўлса, олдиндан келишган ҳолда муддатни кўчириш мумкин.
  3. Иш ҳақи. Ставкаси, доимий қисми қонун муҳофазасида бўлиши тайин, ўзгартиришлар киритилгунига ёки қўшимча норматив ҳужжатлар қабул қилингунига қадар ҳеч нимага тузатиш киритманг. Бонус ва мукофотлар-чи? Ҳа, бунда вариантлар кўп, муҳими, аввал ходимлар билан келишиб, сўнг тўлов муддатини кўчирамиз.
  4. Дивидендлар. Мулкдорлар бизнес омон қолишидан энг манфаатдор шахслар бўлиб, ахборот тўғри тақдим этилганда муддатни ва ҳатто суммани кўчиришга одатда розилик берадилар. «Тўғри тақдим этиш» нима дегани? Бу – ҳиссиётга берилмай, эҳтимоллардан ташкил топган режа-жадвал ва суммалар.
  5. Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар. Алоҳида (норматив) кўрсатмаларсиз солиқ тўловлари бўйича муддат кечиктирилишига умид боғламаслик керак. Бунда ҳаммасини борича тўлашга тўғри келади.

3-иш. Маълумотлар хавфсизлиги

Муҳим саволлар чек-листи

  • Маълумотлар базангиз қаерда?
  • Хизмат провайдери билан шартнома тузганмисиз?
  • Тез-тез захира нусха олинадими, нусхалар қаерда сақланади?
  • Компаниянгизда ким нима учун жавоб беради? Мазкур ходим масъул деб ўйлайсизми ёки ходим жавобгарлик соҳасини ҳақиқатан биладими?

4-иш. Масофадан туриб ишлашга тайёрлик

Масофадан туриб ишлаш режимига тайёрмисиз? Ҳатто масофадаги серверингиз бўлиб, «барча дастурлар унда сақланаётган бўлса» ҳам, бу тайёр эканлигингизни англатмайди. Молия-бухгалтерия хизматлари иш столларини  зарур сервисларга «ўтказиб бўлганлар», бироқ ҳамма ҳам офисдан уйга тез кўчишга тайёр эмас.

Мана яна битта фойдали чек-лист:

  1. Ходимлар ўз мажбуриятларини биладиларми? Сиз шундай деб ўйлайсизми ёки буни текшириб кўрганмисиз? Буни «киши кўзи учун, яъни кадрлар бўлими учун йўриқномалар» билан чалкаштирманг.
  2. Ходим вазифани бажарганини қандай биласиз?
  3. Ходимлар «вазифа олди – ечимини тақдим этди» режимида мустақил ишлаб кўрганмилар?
  4. Ходимларнинг ўрнини алмаштириш имкони борми? Иш ҳақи бўйича бухгалтер солиқ идорасига хат ёзиб бера оладими? Иқтисодчи маош ҳисоблай оладими? Фақат ростини айтинг!
  5. Режалаштирилган йиғилишларни қандай ўтказасиз, вазифаларни қандай юклайсиз?

Тўғри жавоб берсангиз (буни ўзингиз учун қилаяпсиз), мижозларимиздан эшитган кўп учрайдиган жавоблар вариантлари учун амалий маслаҳатлар берамиз. Ўз ишининг устаси билан ҳаммасини ҳисоблаш ва режалаштириш мумкинлигига ишонинг.

Хуллас, бугун базавий ташкилий масалалар билан шуғулланамиз, тўғри саволлар бериб, ўринли жавоблар оламиз, хотиржам ва ишонч билан ишлаймиз. Молия-бухгалтерия хизматидан, яъни сиз билан биздан айни шуни кутишяпти!

Молия соҳасидаги мутахассислар ва бошқарувчилар учун Alterra таълим дастурлари билан бу ерда танишиш мумкин.