Мусодара қилинган мол-мулк реализациясида ким ЭҲФ расмийлаштириши ва ҚҚСни тўлаши керак

preview

“Мажбурий ижро бюроси ускунани хатлади ва уни электрон дўкон орқали аукционга қўйди. Корхонага ускуна реализация қилинганлиги тўғрисида қандай ҳужжатлар тақдим этилган бўлиши керак?”. 

Вазиятни buxgalter.uz илтимосига биноан “Balance Calculate” ХК директори, “Profi Training” НТМнинг бухгалтерия ҳисоби бўйича сертификатланган  тренери Венера МАЛИКОВА тушунтириб берди:

Эътибор беринг
Сизга керакли бўлган тушунтиришларни ўтказиб юбормаслик учун бизнинг ТГ-каналимизга обуна бўлинг!

 

– Хатланган мол-мулкни реализация қилиш тартибини Президентнинг 27.07.2017 йилдаги ПҚ-3149-сон қарори тартибга солади. Унга асосан мол-мулк электрон онлайн-аукционга давлат ижрочиси қабул қиладиган қарорга асосан қўйилади.

Қарздор ва ундирувчи ўтказилган баҳолаш ҳақида лозим даражада хабардор қилинмаган тақдирда мол-мулк аукционга қўйилмайди. Улар унинг натижалари юзасидан 10 календарь кун давомида шикоят қилиш ҳуқуқига эгадирлар. Давлат даромадига ўтказиш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари бўйича реализация қилинаётган мол-мулк бундан мустасно .

Ғолибдан тўлов тўлиқ олинганидан сўнг онлайн-аукцион оператори кейинги иш кунидан кечиктирмасдан махсус бланкада аукцион натижалари ҳақидаги баённомани расмийлаштиради, уни асосий муҳр билан тасдиқлайди ва аукцион ғолибига топширади (ёки унинг розилигига кўра почта жўнатмаси билан юборади). Баённоманинг бир нусхаси электрон онлайн-аукцион натижалари ҳақида хабардор қилган ҳолда, белгиланган тартибда давлат ижрочисига юборилади, иккинчи нусхаси операторда қолади.

Аукцион натижалари ҳақидаги баённомада унинг санаси, шунингдек қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

  • мол-мулкни аукционга қўйишга асос бўлган ижро ҳужжати ва давлат ижрочисининг қарори тўғрисида;
  • аукцион ғолиби ва аукционнинг бошқа иштирокчилари тўғрисида;
  • аукцион объекти тўғрисида, шу жумладан, уни тавсифловчи маълумотлар (кўчмас мол-мулкнинг умумий ва фойдали майдони, мулкий ҳуқуқ муддати ва у бўйича мажбуриятлар, автомототранспорт воситасининг давлат рўйхат рақами, ишлаб чиқарилган йили, двигатель, шасси ва кузов рақамлари ва бошқа тавсифлар);
  • мулк ҳуқуқи ва бошқа мулкий ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун зарур бўлган бошқа шартлар тўғрисида.

Аукцион натижалари ҳақидаги баённома олди-сотди шартномаси кучига эга бўлиб:

1) мол-мулкни тақиқдан ечиш ва уни аукцион ғолибига топшириш;

2) ғолиб номига мулкни, мулк ҳуқуқини ёки бошқа мулкий ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказиш (ҳисобга қўйиш) учун асос ҳисобланади.

Баённома фақатгина икки нусхада расмийлаштирилиши боис, собиқ мол-мулкка эгалик қилувчи унинг асосида мол-мулкни ҳисобдан чиқариш учун ҳужжатнинг нусхасини давлат ижрочисидан сўраб олиши лозим.

Мол-мулкни реализация қилишни амалга оширишга ваколатли бўлган орган ҚҚС бўйича солиқ агенти бўлади . Мазкур нормадан келиб чиқиб, собиқ мол-мулкка эгалик қилувчи – ҚҚС тўловчиси ҳисобварақ-фактура тақдим этиши керак эмас.

Харидор бу ҳолда ҚҚС тўланганлигини тасдиқловчи тўлов ҳужжати мавжуд бўлган тақдирда ҚҚСни ҳисобга олиш ҳуқуқига эга бўлади . Кўриб чиқилаётган вазиятда ушбу тўлов Мажбурий ижро бюроси (МИБ) томонидан амалга оширилиши керак. Ахир корхона аксарият ҳолларда ундан мусодара қилинган мол-мулк сотилганлигини ва – айнан кимга сотилганлигини билмайди. Бунда қонунчилик ҳужжатларида ушбу механизм – мусодара қилинган мол-мулкни реализация қилишдан ҚҚС қай тарзда бюджетга тўланиши аниқ ёзилмаган.

Эътибор беринг

Давлат органлари эътиборини амалиётда мавжуд бўлган, мусодара қилинган мол-мулкни реализация қилишда ҚҚСни бюджетга тўлаш қисмида қонунчилик ҳужжатларидаги ноаниқлиқларга қаратишни сўраймиз. Айнан:

1) мусодара қилинган мол-мулкни реализация қилишнинг амалдаги тартибида бундай операцияларда ҚҚСни бюджетга тўлаш механизми ва унинг тўланиши учун жавобгар шахсларни аниқлаш;

2) эҳтимол, мусодара қилинган мол-мулкни реализация қилиш бўйича агентлар учун – қарздор ва харидорни кўрсатган ҳолда операцияларнинг ушбу тури учун ЭҲФни яратиш. Бундай ЭҲФ реализация қилишнинг мазкур турини анча шаффоф қилган ва солиқ органлари томонидан бюджетга ҚҚСнинг келиб тушишини назорат қилинишини соддалаштирган бўларди.