МҲХС асосида бухгалтерия ҳисоби: солиқ оқибатлари

preview

ElectEx компанияси ДСҚдан МҲХС бўйича бухгалтерия ҳисоби маълумотларини МҲХСга ўтаётган корхоналарга солиқ солиш мақсадлари учун қўллаш тўғрисидаги сўров юзасидан жавоб олди. Buxgalter.uz илтимосига биноан компаниянинг экспертлари ДСҚнинг жавобини шарҳлаб беришди.


- Нима учун МҲХС бўйича савол билан ДСҚга мурожаат қилиш зарур бўлди ва қандай жавоб олинди?

-   Бизларда, МҲХС ва солиқ ҳисоби бўйича экспертлар сифатида солиқ мақсадлари учун МҲХСни қўллаш бўйича концептуал саволлар туғилмади. Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солиш соҳасидаги амалдаги қонунчиликда ПҚ-4611-сон қарорга мувофиқ халқаро стандартларга ўтадиган корхоналар ва ташкилотлар томонидан солиқ ҳисоби мақсадлари учун МҲХС қўлланилиши етарлича аниқ кўрсатилган. Биз 2020 йил мартдан бошлаб бир неча маротаба мазкур масала юзасидан ТГ-каналимизда ёздик. Бироқ, афсуски, сўнгги пайтларда бухгалтерия ҳамжамиятида солиқ ҳисоби БҲМС бўйича маълумотлар асосида қолаётганлиги ҳақида фикрлар пайдо бўлмоқда ва муҳокама қилинмоқда. Кўрқинч ва уйдирмаларни тамомила йўқ қилиш учун биз ДСҚга бундай савол билан мурожаат қилдик:


“Бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисоботни тартибга солувчи қандай стандартлар ПҚ-4611-сон қарорнинг 1-бандида кўрсатилган корхоналар учун солиқ солиш мақсадларида ҳисоб учун асос ҳисобланади: МҲХСми ёки БҲМС?”.

Биз унга жавоб олдик:

“... МҲХСга ўтган солиқ тўловчилар учун солиқ солиш мақсадларида ҳисоб фақат СК қоидаларига мувофиқ келувчи қисмида кўрсатилган стандартларга асосланади. Бунда солиқ солиш солиқ қонунчилигига нормаларига асосан амалга оширилади”.

Келинг ДСҚ жавобининг моҳиятини кўриб чиқамиз.

Дастлаб жавобнинг ушбу қисмини кўриб чиқамиз: “... МҲХСга ўтган солиқ тўловчилар учун солиқ солиш мақсадларида ҳисоб ... кўрсатилган стандартларга асосланади...”. Нима учун?

СКнинг 76-моддаси 3-қисмига асосан солиқ солиш мақсадларида ҳисобга олиш бухгалтерия ҳисоби маълумотларига асосланади. Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоб ҳужжатларини юритиш тартиби бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

Кейин, “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги Қонуннинг 10-моддасига асосан бухгалтерия ҳисоби субъектлари МҲХСни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қўллаши мумкин.

Кейин, ПҚ-4611-сон қарорнинг 1-бандига асосан акциядорлик жамиятлари, тижорат банклари, суғурта ташкилотлари ва йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилган юридик шахслар 2021 йил 1 январдан бошлаб, МҲХС асосида бухгалтерия ҳисоби юритилишини ташкил этади.

Шу тариқа, барча учта норматив-ҳуқуқий ҳужжатни изчил қўллаган ҳолда, ДСҚ МҲХС - солиқ ҳисоби учун асос, деган хулосага келмоқда.

Энди ДСҚ жавобининг кейинги қисмини кўриб чиқамиз: “...фақат СК қоидаларига мувофиқ келувчи қисмида кўрсатилган стандартларга асосланади. Бунда солиқ солиш солиқ қонунчилигига нормаларига асосан амалга оширилади”.

Мисол учун, СКнинг 296-моддаси 2-қисмига асосан солиқ базасини СКнинг XII бўлимида белгиланган тартибда ва шартларда аниқлашда солиқ тўловчи даромадларининг ва (ёки) харажатларининг (зарарларининг) айрим турлари махсус қоидалар бўйича инобатга олиниши ёки инобатга олинмаслиги мумкин.

Яъни СКда даромадлар ва харажатларнинг ҳамма турлари ҳам солиқ солиш мақсадларида мазкур бухгалтерия ҳисобига мувофиқ ҳисобга олинмаслигини аниқ баён этади. Даромадлар ва харажатларнинг айрим турлари СК қоидаларига мувофиқ ҳисобга олинади. Солиқ ҳисобининг ушбу концептуал тамойили кейинчалик СКнинг моддаларида ҳам тасдиқланади. Масалан:

  • СКнинг 297-моддаси 8-қисмига асосан, агар даромадни бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ эътироф этиш даромадни СКга мувофиқ аниқлаш ва эътироф этиш тартибидан фарқ қилса, мазкур даромад солиқ солиш мақсадларида СКда белгиланган тартибда ҳисобга олинади;
  • СКнинг 305-моддаси 9-қисмига асосан, агар бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ харажатни эътироф этиш СКга мувофиқ харажатни аниқлаш ва эътироф этиш тартибидан фарқ қилса, мазкур харажат солиқ солиш мақсадларида СКда белгиланган тартибда ҳисобга олинади.

Солиқ ҳисобини юритишнинг ушбу концептуал қоидаларининг қўлланилишини ДСҚ ўз жавобида тасдиқлади.


- ПҚ-4611-сон қарор талабларига мувофиқ келадиган корхоналар ҳисобни фақат МҲХС бўйича юритишлари шартми? Ёки улар параллел равишда БҲМС бўйича ҳам ҳисоб юритишга ҳақлими?

- ПҚ-4611-сон қарорнинг 1-банди унда кўрсатилган корхоналардан 2021 йил 1 январдан бошлаб бухгалтерия ҳисобини МҲХС бўйича юритишни аниқ талаб қилади. Эслатиб ўтамиз, ПҚ-4611-сон қарорнинг номи - “Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”. Шубҳасиз, ушбу корхоналарда бухгалтерия ҳисоби БҲМСдан МҲХСга ўтади.

Бунда ПҚ-4611-сон қарорнинг 1-бандида аниқ ифодаланган МҲХС бўйича ҳисобга қўшимча сифатида БҲМС бўйича бухгалтерия ҳисобини юритишдан озод этиш ёки тақиқлаш  мавжуд эмас. Бироқ БҲМС бўйича ҳисобни бундай параллел равишда юритиш ҳеч қандай маънога эга эмас, биз бу ҳақда яқинда ёзгандик. Нима учун?

“Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги Қонуннинг 4-моддасига асосан бухгалтерия ҳисоби барча хўжалик операцияларини яхлит, узлуксиз, ҳужжатлар асосида ҳисобга олиш йўли билан бухгалтерия ахборотини йиғиш, қайд этиш ва умумлаштиришнинг тартибга солинган тизимидан, шунингдек унинг асосида молиявий ва бошқа ҳисоботни тузишдан иборатдир. ПҚ-4611-сон қарорнинг 1-бандида кўрсатилган корхоналарда молиявий ҳисобот 2021 йил 1 январдан бошлаб МҲХС асосида тузилиши керак. Солиқ ҳисоботи ҳам уларда МҲХС бўйича ҳисоб маълумотларига асосланади. Статистика ҳисоботида молиявий ҳисоботдан маълумотлар фойдаланилади, яъни яна МҲХС асосида. БҲМС бўйича бухгалтерия ҳисоби учун шунчаки қўллаш соҳаси қолмайди. Унда нима учун уни юритиш зарур?

Агар корхона раҳбарияти қандайдир сабабларга биноан барибир МҲХС бўйича асосий ҳисоб ва солиқ ҳисобига қўшимча сифатида БҲМС бўйича ҳисобни юритиш тўғрисида қарор қабул қилса, у параллел равишда ҳисоб юритишнинг қандай мураккабликларига дуч келишини яхши тушуниши керак.

Биринчидан, БҲМС бўйича параллел равишда бухгалтерия ҳисобини юритиш - бу, моҳиятан, бухгалтерияни икки баравар ошириш - МҲХС бўйича ва БҲМС бўйича - бухгалтерия ҳисобининг иккита тизимини юритиш учун ходимлар (бухгалтерия ҳисоби хизмати таркибида бўлимлар) сонини ва бу билан боғлиқ сарфларни ошириш.

Иккинчидан, корхона солиқ ҳисобини МҲХС бўйича ҳисоб маълумотлари асосида ташкил этиши, яъни БҲМС бўйича ҳисобни эмас, балки айнан солиқ ҳисобини параллел равишда юритиши зарур. МҲХС бўйича ҳисоб ва МҲХС асосида солиқ ҳисобига қўшимча равишда БҲМС бўйича ҳисобнинг учинчи параллел тизимини юритиш бўйича қарор учта ҳисоб тури билан бухгалтерлик дастурини ишлаб чиқиш учун жиддий сарфлар ва вақтни талаб этади.

Учинчидан, учта ҳисоб тизимини юритиш бухгалтерлик дастурининг маълумотлар базасига хизмат кўрсатишни аҳамиятли қийинлаштиради, хатолар ва носозликлар эҳтимолини оширади, бу ҳали бухгалтерия  ушбу учта ҳисоб тизимини мунтазам равишда назорат қилишини гапирмаганда.


- МҲХС бўйича ҳисоб солиқларни ҳисоблаб чиқариш билан муаммоларга олиб келмайдими? Агар муаммолар бўлса, улар қандай бўлади? Солиқ тўловчилар бу вазиятда қандай йўл тутишлари лозим?

- МҲХС бўйича бухгалтерия ҳисобининг солиқ солишга таъсири ҳақида гапирганларида асосан бу солиқларнинг иккита тури: юридик шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи ва фойда солиғига дахл қилиши назарда тутилади.

Мол-мулк солиғи бўйича МҲХС асосида бухгалтерия ҳисобига ўтишда солиқ суммаси ҳисоб-китоби билан ҳеч қандай аҳамиятли муаммолар юзага келмайди. Солиқ ҳисоб-китоби услубиятини СК тартибга солади. Шунчаки БҲМС бўйича ҳисоб маълумотлари ўрнига МҲХС бўйича ҳисоб маълумотлари олинади. Солиқ суммаси эса ўзгариши мумкин, бунда, корхона МҲХСга қандай ва қачон ўтганлигига боғлиқ ҳолда - ҳам  катта, ҳам кичик томонга.

Фойда солиғи бўйича ҳам солиқ суммаси ҳисоб-китоби билан аҳамиятли муаммолар юзага келмаслиги керак. Юқорида айтиб ўтилганидек, СК фойда солиғи бўйича солиқ солиш мақсадларида тан олишнинг концептуал тамойилини ўз ичига олади: солиқ тўловчиларнинг даромадлари ва (ёки) харажатлари (зарарлари)нинг айрим турлари ҳисобга олинмаслиги ёки махсус қоидалар бўйича ҳисобга олиниши мумкин.

Бухгалтерия ҳамжамиятида МҲХС бўйича ҳисоб маълумотлари асосида солиқ солиш билан боғлиқ турли фикрлар тарқалган. Одатда учта нарсани кўрсатади: ҳақиқатда МҲХС бўйича ҳисоб билан боғлиқ  ва  гўёки солиқ солишда ноаниқликка эга қадрсизланиш, ҳаққоний қиймат ва мулоҳаза. Бироқ воқелик шундайки, СК фойда солиғи бўйича солиқ базасини МҲХСнинг ушбу “ноаниқликларидан” тўлиқ ҳимоя қиладиган моддаларни сақлайди.  Фақат иккита асосий мисолни келтириб ўтамиз.


Мисол. Қайта баҳолашдан олинган даромадларга фойда солиғи солинмайди

СКнинг 297-моддаси 9-қисмида белгиланишича, агар ушбу бўлимда бошқача қоида белгиланмаган бўлса, бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўллаш чоғида активлар ва (ёки) мажбуриятларнинг қиймати ўзгарганлиги муносабати билан бухгалтерия ҳисобида акс эттирилган даромадларга солиқ солиш мақсадидаги даромадлар сифатида қаралмайди, бундан ҳақиқатда олинган даромадлар мустасно. МҲХСга мувофиқ равишда бу асосий воситаларни, инвестициявий кўчмас мулк, биологик активлар, молиявий активлар (инвестициялар)ни ҳаққоний қийматига қадар қўшимча баҳолашдан олинган даромад бўлиши мумкин. Яъни - реализация қилиш ва пул маблағларининг тушиши билан эмас, балки баҳолаш билан боғлиқ даромад. СК асосан ушбу даромадларни ҳисобламайди: солиқ солиш мақсадлари учун улар мавжуд эмас.


Мисол. Қайта баҳолашдан сарфлар фойда солиғига таъсир кўрсатмайди

Шунга ўхшаш, СКнинг 305-моддаси 10-қисминиг белгилашича, агар ушбу бўлимда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ солиш мақсадларида, бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўллаш чоғида активлар ва (ёки) мажбуриятларнинг қиймати ўзгарганлиги муносабати билан бухгалтерия ҳисобида акс эттирилган чиқимларга харажатлар сифатида қаралмайди, бундан ҳақиқатда тўланган харажатлар мустасно. МҲХСга мувофиқ равишда бу мисол учун, асосий воситаларни, инвестициявий кўчмас мулк, биологик активлар, молиявий активлар (инвестициялар)ни ҳаққоний қийматига қадар қийматини камайтириш бўлиши мумкин. Яъни - пул маблағларини тўлаш билан эмас, балки баҳолаш билан боғлиқ харажатлар. СК асосан ушбу харажатларни ҳисобламайди: солиқ солиш мақсадлари учун улар мавжуд эмас.

Биз яқинда эълон қилинган мақоламизда бошқа мисолларни ҳам келтирганмиз.

Албатта, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи суммаси корхона МҲХСга қандай ва қачон ўтганлигига боғлиқ ҳолда - ҳам  катта, ҳам кичик томонга ўзгариши мумкин. Асосан бу солиқ солиш мақсадлари учун амортизация харажатларига таъсир кўрсатадиган ўтиш санасида асосий воситаларни баҳолаш билан боғлиқдир.

Амалиётда вақти билан МҲХС бўйича бухгалтерия ҳисобини юритиш билан боғлиқ тартибга солинмаган масалалар юзага келиши мумкин. Бироқ бу умуман олганда СК тартибга соладиган фойда солиғи ҳисоб-китоби услубиятига таъсир кўрсатмайди. Зарурат бўлганда бу одатда ҳар йили ўзгартиришлар ёки қўшимчалар тарзида амалга оширилганидек, СКнинг айрим моддаларига аниқ ўзгартиришлар киритилиши мумкин. Ҳозирги вақтда, бизнинг назаримизда, қўллашнинг зиддияти ва мослиги борасида СКнинг нормаларини мослаштириш жараёнида турибмиз. Шу боис бу - бундай аҳамият даражасига эга яқинда қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжат учун мутлақо нормал жараён.


- МҲХС бўйича ҳисобга ўтган солиқ тўловчиларда муаммолар камроқ бўлиши учун Молия вазирлиги ва ДСҚ нимани амалга оширишлари мумкин?

- Биринчидан, юзага келган масалаларга анча фаол муносабат билдириш. ПҚ-4611-сон қарор чиққанига бир йилдан ошди, бироқ фақат ҳозир МҲХСга ўтишнинг амалий жиҳатларини муҳокама қилишни бошлашмоқда.

Иккинчидан, молиявий ва солиқ ҳисоботи тақдим этиш билан боғлиқ қатор масалаларни ҳал этиш лозим бўлади:

  1. Агар ПҚ-4611-сон қарорга асосан корхоналардан 2021 йил якунлари бўйича МҲХС бўйича ҳисобот тақдим этиш талаб этилса, 2021 йил давомида чораклик ҳисоботлар билан қандай йўл тутиш лозим бўлади? Эҳтимол, МҲХСга ўтиш даврида қўллаб-қувватлаш мақсадида  МҲХСга ўтган кохоналарни 2021 йилда чораклик ҳисоботдан озод этган маъқулдир?
  2. Солиқ ҳисобини юритиш жараёнида кўрсаткичларни шакллантириш ва ушбу маълумотларни МҲХСга ўтган корхоналар учун мол-мулк солиғи ва фойда солиғи бўйича солиқ ҳисоботи шаклларида тақдим этиш бўйича услубий тавсияларни чиқариш зарур. Биз юридик шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи бўйича бўнак тўловларини ҳисоблаб чиқариш учун маълумотномани тўлдириш тартиби тўғрисида тушунтиришлар тайёрлаганмиз. Уларнинг асосида услубий тавсияларни ишлаб чиқиш мумкин.
  3. 2021 йил давомида ПҚ-4611-сон қарорга мувофиқ МҲХС бўйича ҳисоб юритишга ўтган корхоналар ва ташкилотлар учун солиқлар бўйича қайта ҳисоб-китобларни тақдим этиш билан боғлиқ санкцияларнинг ҳар қандай турига мораторий жорий этиш зарур.

Хулоса қилиб шуни таъкидлашни истардимки, МҲХСга ўтиш билан боғлиқ муаммоларнинг ҳақиқий сабаблари  асло солиқ солишда ётмайди. У - бухгалтерия ҳисобини ташкил этишнинг ўзида, у Ўзбекистонда узоқ вақт деярли бутунлай ягона 21-сон БҲМС тарзида мавжуд бўлган. Қолган БҲМСлар эса қўлланилмаган ёки ниҳоятда чекланган ҳолда қўлланилган.

МҲХСга ўтиш ёрдамида бухгалтерия ҳисоби сифатини ошириш  ва шу билан - ҳам молиявий ва статистика ҳисоботлари, ҳам солиқ солиш мақсадлари учун маълумотлар сифатини ошириш вақти келди.


ElectEx компанияси ҳақида:

ElectEx консалтинг компанияси 5 йилдан ортиқ муддат давомида МҲХС асосида бухгалтерия ҳисоби тизимини йўлга қўйиш, МҲХС бўйича молиявий ҳисоботни, шу жумладан - консолидациялашган, тайёрлашни кузатиб бориш, шунингдек МҲХСни қўллаш, шу жумладан - солиқ ҳисоби учун қўллаш масалалари бўйича маслаҳатлар бериш билан шуғулланади. ElectEx дастурий таъминот ишлаб чиқувчилари, профессонал баҳоловчилар ва аудиторлар билан ҳамкорликда ишлайди. Ҳозирги вақтда ElectEx компанияси экспертлари йирик солиқ тўловчиларда бухгалтерия ва солиқ ҳисобини МҲХСга ўтказиш ва автоматлаштириш бўйича бир нечта лойиҳаларни амалга оширмоқда.

Telegram: https://t.me/electex_ifrs.

Сайт: www.electex.uz.


Татьяна НАЗАРОВА,

«ElectEx» компанияси директори, ACCA DipIFR,

Андрей БАЙРАШЕВ,

«ElectEx» компаниясининг МҲХС ва бошқарув ҳисоби бўйича эксперти,

АССА DipIFR, CIMA Adv Dip MA

МҲХС МҲХС МҲХС /en/publish/doc/text167944_mhhs_asosida_buhgalteriya_hisobi_soliq_oqibatlari