2024 йилда жисмоний шахслар мол-мулк ва ер солиғини қандай тўлайдилар

preview

2024 йил 15 апрелга қадар жисмоний шахслар 2024 йил учун уларга ҳисобланган мол-мулк ва ер солиғининг камида 50 фоизини тўлашлари керак (СК 423-м.). Бу ҳақда ходимларингизга эслатиб қўйинг. Ўз вақтида амалга оширилган тўлов пеня ва жарималардан қочишга ёрдам беради.

 

Бизнинг мақолаларимизни ўтказиб юборманг – телеграм-каналга обуна бўлинг.

 

Ҳисобланган солиқ суммалари билан билдиришномалар 2024 йил 1 мартга қадар :

  • солиқ тўловчиларнинг шахсий кабинетига (мавжуд бўлган тақдирда);
  • СМС-хабарнома шаклида;
  • SoliqUz мобил иловасининг шахсий аккаунтига юборилган.

SoliqUz мобил иловаси ёрдамида ўзингиз ва ота-онангиз учун ер ҳамда мол-мулк солиғини битта клик билан тўлашингиз мумкин. Бунинг учун:

1. SoliqUz мобил иловасида рўйхатдан ўтинг (агар ҳали ўз аккаунтингиз бўлмаса);

2. Банк картасини мобил иловага уланг. Солиқ тўлашдан олдин, унда зарур суммадаги пул борлигига ишонч ҳосил қилинг;

3. Аккаунтингизга киринг;

4. «Солиқларни тўлаш» ёки «Ота-она учун солиқларни тўлаш»ни танланг.

Ҳар бир танланган шахс бўйича (аккаунт эгаси, унинг онаси ёки отаси) ўтган йиллар учун қарзлар ва 2024 йил учун ҳисобланган солиқлар, шу жумладан мол-мулк ва ер солиғи бўйича маълумот тақдим қилинган. Солиқ суммасининг ярмини ёки бутун йил учун ҳаммасини тўлаш мумкин.

Ҳисобланган барча тўловлар тўлангандан кейин ушбу саҳифада «Сизда солиқ қарздорлиги мавжуд эмас» ёзуви акс этади.

Шуниси эътиборга лойиқки, танланган солиқнинг ҳар бирини алоҳида ёки ҳаммасини дарҳол битта тугмани босиш орқали тўлаш мумкин. Бу қулай ва ҳисоб-китоб қатъий ҳисоблаб чиқарилган суммалардан келиб чиқиб амалга оширилади. Солиқларни тўлаш учун бошқа муҳим маълумотларни (ЖШШИР,  ҳисобрақамлар ва бошқалар) кўрсатишда хатолар эҳтимоли нолга тенг. Яъни, сизда эътиборсизлик натижасида юзага келган ортиқча тўловлар ёки қарзлар, тегишинча келгусида муаммолар ҳам бўлмайди.

Солиқлар кадастр органларининг маълумотлари ва 2024 йил учун белгиланган ставкалар бўйича ҳисобланади. Кадастр маълумотларида хато топсангиз, уни тузатиш учун кадастр органларига мурожаат қилинг.

 

Ўзбекистонда кимлар мол-мулк солиғини тўлашдан озод қилинган

Қуйидагилар жисмоний шахсларнинг мол-мулк солиғидан тўлиқ озод қилинган :

  • «Ўзбекистон Қаҳрамони», Совет Иттифоқи Қаҳрамони, Меҳнат Қаҳрамони унвонларига сазовор бўлган, учала даражадаги Шуҳрат ордени билан тақдирланган фуқаролар;
  • уруш ногиронлари ва қатнашчилари;
  • ҳарбий хизмат ёки хизматни ички ишлар органлари ва Миллий гвардияда ўтаётганда жароҳат олиш, контузия ёки жароҳат олиш натижасида вафот етган ҳарбий хизматчилар ва Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари ва миллий гвардия ходимларининг ота-оналари ва бева хотинлари (бева эрлари). Бева хотинга (бева эрга) фақат улар бошқа турмуш қурмаган тақдирдагина имтиёзлар берилади;
  • энергия ресурсларининг амалдаги тармоқларидан тўлиқ узиб қўйилган турар жойларда қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланувчи шахслар қайта тикланадиган энергия манбалари ўрнатилган ойдан эътиборан уч йил муддатга;
  • етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар. Мазкур имтиёз етим болаларга ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга давлат томонидан ажратиладиган уй-жой учун улар йигирма уч ёшга тўлгунига қадар амал қилади.

Қисман:

Қуйидаги жисмоний шахсларнинг мулкида бўлган  мол-мулк олтмиш квадрат метр доирасида солиқ солишдан озод қилинади:

  • ўн нафар ва ундан ортиқ болалари бор ота-оналаридан бири;
  • пенсионерлар;
  • I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар.

Ушбу шахслар солиқ имтиёзини олишга бўлган ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни солиқ солиш объекти жойлашган ердаги солиқ органларига мустақил равишда тақдим этади.

Солиқ имтиёзлари солиқ имтиёзлари мулкдорнинг танловига кўра фақат битта яшаш учун мўлжалланган кўчмас мулк объектига татбиқ этилади, бундан қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланувчилар мустасно.

 

Ўзбекистонда ер солиғини тўлашдан кимлар озод қилинган

Қуйидагилар жисмоний шахсларнинг ер солиғидан озод қилинган :

  • «Ўзбекистон Қаҳрамони», Совет Иттифоқи Қаҳрамони, Меҳнат Қаҳрамони унвонларига сазовор бўлган, учала даражадаги Шуҳрат ордени билан тақдирланган фуқаролар;
  • уруш ногиронлари ва қатнашчилари
  • ногиронлар ва уруш фахрийлари;
  • I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар;
  • ёлғиз пенсионерлар;
  • боқувчисини йўқотган кўп болали оилалар;
  • Чернобиль АЭСдаги авария оқибатларини тугатишда иштирок этганлик учун имтиёзлар оладиган фуқаролар;
  • энергия ресурсларининг амалдаги тармоқларидан тўлиқ узиб қўйилган турар жойларда қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланувчи шахслар — қайта тикланадиган энергия манбалари ўрнатилган ойдан эътиборан уч йил муддатга.

Солиқ имтиёзлари якка тартибдаги уй-жой қурилиши, деҳқон хўжалигини юритиш учун берилган ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органда рўйхатдан ўтказган жисмоний шахсларга берилади.

Солиқ имтиёзлари солиқ тўловчининг танлови бўйича фақат битта ер участкасига берилиши мумкин.  

Шунингдек, солиқ имтиёзларига эга бўлган шахслар тасдиқловчи ҳужжатларни ер участкаси жойлашган ердаги солиқ органларига мустақил равишда тақдим этишлари керак.

 

 

 

 

Мол-мулк солиғи Мол-мулк солиғи Мол-мулк солиғи /en/publish/doc/text173400_2024_yilda_jismoniy_shahslar_mol-mulk_va_er_soligini_qanday_tulaydilar