Полезное для бухгалтера в ноябре:
Инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш жамғармасига ажратмалар қандай ҳисобга олинади
50 фоиздан ортиқ давлат улушига эга бўлган корхоналар фойданинг бир қисмини инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш жамғармаларига – корхоналар томонидан хизмат кўрсатадиган банкларда очиладиган махсус ҳисобрақамларига ўтказади.
Бундай ажратмаларни қандай ҳисобга олишни “Норма” ва buxgalter.uz илтимосига биноан Молия вазирлиги Бухгалтерия ҳисоби ва аудит услубияти департаменти директори ўринбосари Асал ХАШИМОВА тушунтирди:
– Инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш жамғармалари (юридик шахс мақомига эга бўлмаган ҳолда) қуйидагиларда ташкил этилади:
- хўжалик бошқаруви органлари ва йирик давлат корхоналарида – 2018 йилнинг январь ойидан бошлаб ;
- УФ (УК) да 50 ва ундан ортиқ фоиз давлат улуши бўлган хўжалик жамиятларида – 2022 йилнинг 1 августидан бошлаб *.
Инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш жамғармаларига ажратмалар миқдори ва шакллантиришнинг асосий манбалари ташкилотнинг тоифасига боғлиқ ҳолда фарқланади:
- хўжалик бошқаруви органлари ва йирик давлат корхоналари унга соф фойданинг 10%ини (қатъий белгиланган %) ажратма қиладилар;
- 50 ва ундан ортиқ фоиз давлат улуши бўлган хўжалик жамиятлари – фойда солиғини тўлагунга қадар фойданинг 10%игача ажратма қиладилар;
- Айрим ташкилотлар учун жамғармага ажратмалар миқдори қатъий белгиланган суммада белгиланган. Мисол учун, “НКМК” АЖ ва “ОКМК” АЖ учун у 10 млрд сўмни ташкил этади .
* Очиқ маълумотлар партали ва Давлат активларини бошқариш агентлигининг веб-сайтида УФда 50 фоиздан ортиқ давлат улуши бўлган хўжалик юритувчи субъектларнинг рўйхати жойлаштирилган. Трансформация қилинадиган йирик давлат корхоналари ва хўжалик бирлашмалари рўйхати 27.10.2020 йилдаги ПФ-6096-сон Фармонга 1-илова билан тасдиқланган.
Яна бир бор қайд этишни хоҳлайман: инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш жамғармаси – бу юридик шахс эмас. Пул маблағлари ташкилот томонидан хизмат кўрсатувчи тижорат банкларидан бирида очиладиган махсус ҳисобрақамида жамланади**. Ушбу жамғарилган маблағлар қатъий белгиланган мақсадларга йўналтирилади. Жорий йилнинг фойдаланилмаган маблағлари кейинчалик мақсадли фойдаланиш учун махсус ҳисобрақамида қолдирилади.
** 24.06.2022 йилдаги 345-сон ВМҚга асосан таъсисчиси бюджет ташкилотлари бўлган унитар корхоналарга ғазначилик орқали хизмат кўрсатилади.
Жамғарма маблағларини фақат янги техника ва технологияларни ишлаб чиқиш, зарур тажриба-саноат синовларини ўтказиш, “бузувчи” инновацияларни яратиш ва ушбу соҳани ривожлантириш билан боғлиқ тадбирларни молиялаштиришга йўналтириш мумкин .
Жамғармаларни ташкил этувчи ташкилотлар раҳбарлари доим молиялаштириладиган инновация фаолиятини баҳолашлари, пул маблағларидан мақсадли фойдаланилишини назорат қилишлари, шунингдек Жамғармалар тўғрисидаги намунавий низомнинг 10-бандини ҳисобга олган ҳолда қуйидагиларни тасдиқлашлари зарур:
- Намунавий низом асосида Инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисидаги низом;
- Инновацион фаолиятни ҳар йили ривожлантириш дастури, ҳисобот йили учун жамғарманинг даромадлари ва харажатлари сметаси (ҳисобот ойи, чораги кесимида) ва ҳоказо.
Бухгалтерия ҳисобида жамғармани шакллантиришни қандай акс эттириш керак
Махсус жамғармаларни ташкил этиш шакллантириш манбалари ва бухгалтерия ҳисобида акс эттириш тартиби билан фарқланади.
Жамғармани ташкил этиш молиявий натижага таъсир кўрсатиши ва ташкилотнинг келгуси харажатлари билан боғлиқлигини ҳисобга олган ҳолда, ҳисобнинг ушбу объекти алоҳида эътиборни талаб қилади.
Жамғармани шакллантириш мақсадли молиялаштиришга киради, унинг маблағлари тасдиқланган сметаларга мувофиқ қатъий белгиланган мақсадларга – инновацион фаолиятни ривожлантиришга сарфланади. Бунда ташкилотлар ҳар бир лойиҳа бўйича жамғарма маблағларини сарфлаш ҳисобини алоҳида-алоҳида юритишлари лозим.
Мақсадли молиялаштириладиган жамғарма маблағлари ҳисобидан амалга оширилган харажатлар фойда солиғи бўйича солиқ базасини ҳисоб-китоб қилишда харажатлар таркибида ҳисобга олинмайди.
Агар соф фойда жамғармани шакллантириш манбаси бўлса, унга ажратмалар 8710 -“ Ҳисобот даврининг тақсимланмаган фойдаси” счётининг дебети бўйича ва 8890 -“ Бошқа мақсадли тушумлар” счётининг кредити бўйича акс эттирилади.
Агарда у фойда солиғини тўлагунга қадар фойдадан ажратмалар ҳисобидан шакллантирилса, улар бошқа операцион харажатлар таркибига киритилади ва ҳисобда 9430 -“Бошқа операцион харажатлар” счёти дебети ва 8890 -“ Бошқа мақсадли тушумлар” счётининг кредити бўйича акс эттирилади. Ҳисобот даври охирида 9430 -“Бошқа операцион харажатлар” счёти 9910-“Якуний молиявий натижа” счёти билан корреспонденцияда ёпилади. Ушбу харажатлар чегириб ташланадиган харажатлар ҳисобланади, сабаби жамғармани шакллантириш қонун ҳужжатларида назарда тутилган .
Шартли мисолда бухгалтерия ҳисобида жамғармани шакллантиришни қандай акс эттиришни кўриб чиқамиз:
Хўжалик операциясининг мазмуни |
Счётлар корреспонденцияси |
Сумма |
|
Дебет |
Кредит |
||
2022 йил якунлари бўйича соф фойданинг (1,5 млрд сўм) 10%и 150 млн сўм инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш жамғармасини шакллантиришга (ажратмага) йўналтирилди |
8890*** |
150 000 000 |
|
фойда солиғини тўлагунга қадар фойданинг 10%и инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш жамғармасини шакллантиришга йўналтирилди |
150 000 000 |
||
Маблағларнинг жамғарманинг махсус ҳисобрақамига ўтказилиши акс эттирилди |
150 000 000 |
||
Инновация лойиҳаси доирасида харажатлар сметасига (ва бошқа ҳужжатлар, корхонанинг буйруқлари, ҳисоб-китоб қайдномалари, инновация фаолияти бўйича иш вақтини ҳисобга олиш табели ва ҳоказога) асосан инновацион фаолият бўйича етказиб берувчиларга тўлов, инновация лойиҳасида банд бўлган шахсларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш акс эттирилди |
65 000 000 |
||
Етказиб берувчилар– инновация лойиҳаси иштирокчилари томонидан тақдим этилган ЭҲФ асосида ҚҚС ҳисобга олинди |
Етказиб берувчилар – инновация лойиҳаси иштирокчиларининг ЭҲФда кўрсатилган ҚҚС суммаси |
||
Жамғарманинг махсус ҳисобрақамидан инновация лойиҳаси бўйича харажатларни тўлаш амалга оширилди |
4310 (ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда, агар етказиб берувчилар – ҚҚС тўловчилари бўлса (6990), 6710, 6520 |
65 000 000 |
***Ишчи счётлар режасида 8890 -“Бошқа мақсадли тушумлар” счёти инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларини ҳисобга олиш учун фойдаланилишини кўрсатишни тавсия қиламиз.
Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ ҳисоби мақсадларида тегишли Ҳисоб сиёсатида қуйидаги тартибни тасдиқланг:
1) жамғармани шакллантириш бўйича ҳужжат айланиши ва операцияларни ҳисобга олиш тартибини молиялаштириш манбалари кесимида;
2) жамғарма маблағларининг мақсадли сарфланишини уларни амалга ошириш муддатларини инобатга олган ҳолда ҳисобга олиш.
Инновацияларни жорий этиш бўйича харажатларнинг иқтисодий жиҳатдан асосланганлиги инновацион фаолиятнинг тасдиқланган лойиҳалари, шунингдек уларнинг ташкилот фаолиятининг эҳтиёжлари ва соҳасига мувофиқлиги, режалаштирилган давр мобайнида илмий-тадқиқот ишлари, инновацияларни жорий этиш натижалари бўйича олинган даромадлар ва ҳоказо асосида аниқланади.
Юқорида баён этилганларни инобатга олган ҳолда, давлат улушига эга корхонанинг тасарруфида қоладиган фойдадан, шу жумладан – жамғармани ташкил этиш учун фойдаланиш тўғрисидаги қарор тегишли бошқарув органининг қарори билан, давлат корхоналарида эса*** – унинг таъсисчиси томонидан қабул қилинади. Бунда бундай фойдадан фойдаланиш мақсади мазкур давлат корхонасининг фаолияти ва мол-мулкидан фойдаланиш мақсадларига зид бўлмаслиги керак .
**** 08.11.2022 йилдаги ПҚ-415-сон қарорга асосан 2023 йил 1 мартдан бошлаб унитар корхона ташкилий-ҳуқуқий шаклида юридик шахс ташкил этишга йўл қўйилмайди. 2023 йил 1 мартга қадар амалда фаолият юритиб келаётган унитар корхона ёки қўшимча масъулиятли жамият ташкилий-ҳуқуқий шаклидаги юридик шахсларнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклини ўзгартириш жараёнларини 2025 йил 1 январга қадар якунлашни назарда тутувчи ташкилий чора-тадбирлар режаси тасдиқланган.
Шу билан бирга, “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 32-моддасига асосан жамият Уставида фондларни ташкил этиш назарда тутилади. Ва унинг маблағларидан фойдаланиш кузатув кенгашининг ваколат доирасига киради . “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги Қонуннинг 8-моддасига асосан эса жамият иштирокчилари фойдани тақсимлашда иштирок этишга ҳақли. Шу боис ташкилотнинг уставида жамғармани шакллантириш манбалари, ажратмаларнинг даврийлиги ва чекланган суммасини, шунингдек бошқа шартларни назарда тутган ҳолда, уни ташкил этиш шартларини аниқлаш муҳимдир.