Резидентлик сертификати QR-кодсиз бўлганда

preview

“Қирғизистон фуқароси (жисмоний шахс) QR-кодсиз резидентлик сертификати ва сайтга ҳаволани тақдим этди. Сертификат солиқ органининг муҳри ва масъул ходимнинг имзоси билан тасдиқланган.

Бундай сертификатга апостиль қўйиш керакми ёки муҳр ва имзо етарли бўладими?”

Buxgalter.uz илтимосига биноан саволга “Assistance In Tax” солиқ маслаҳатчилари ташкилоти директори Радмила КАРИМОВА жавоб берди:

 

Солиқ маслаҳатчиларининг тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун бизнинг телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

– Норезидент бўлган юридик шахс учун солиқ резидентлигини тасдиқловчи ҳужжатга қўйиладиган талаблар СКнинг 50-бобида белгиланган.

Ўйлаймизки, ушбу талаблар норезидент бўлган жисмоний шахснинг солиқ резидентлигини тасдиқловчи ҳужжатга ҳам қўлланиши мумкин.

Ҳужжат қуйидаги турлардан бирида тақдим қилиниши мумкин :

1) норезидент резиденти бўлган чет давлатнинг ваколатли органи томонидан тасдиқланган асл нусха. Шундай ҳужжатни бериш консуллик легаллаштириши амалга оширилган ва қонунчиликда белгиланган тартибда апостиль қўйилган ҳолда бажарилади;

2) 1-банд талабларига мувофиқ бўлган ҳужжат асл нусхасининг нотариал тартибда тасдиқланган кўчирма нусхаси;

3) чет давлат ваколатли органининг интернет-ресурсида жойлаштирилган, солиқ резидентлигини тасдиқловчи электрон ҳужжатнинг қоғоздаги нусхаси.

Сизнинг вазиятингизда Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисидаги конвенцияга мурожаат қилиш лозим. Ўзбекистон унга 26.08.2019 йилдаги ЎРҚ-554-сон Қонунга мувофиқ қўшилган.

Конвенциянинг 12-моддасида аҳдлашувчи томонлардан бирининг ҳудудида берилган ёки ваколатли муассаса ёхуд унинг ваколати доирасида бунга махсус ваколат берилган шахс томонидан белгиланган шакл бўйича тасдиқланган ва гербли муҳр қўйилган ҳужжатлар барча бошқа аҳдлашувчи томонлар ҳудудларида бирор бир махсус тасдиқлашсиз қабул қилиниши назарда тутилган.

Қирғизистон ва Ўзбекистон ушбу Конвенциянинг иштирокчилари эканлигини эътиборга олган ҳолда, Қирғизистоннинг резиденти бўлган жисмоний шахснинг резидентлигини тасдиқловчи ҳужжат апостилсиз ва консуллик легаллаштириши амалга оширилмаган ҳолда тақдим этилиши мумкин. Норезидент сизга ҳужжатнинг асл нусхасини муҳр ва бундай ҳужжатларнинг Қирғизистонда берилиши ва тасдиқланиши учун масъул бўлган шахснинг имзоси билан тақдим этиши керак.

 

 

 

 

Ходимлар билан ҳисоблашиш Ходимлар билан ҳисоблашиш Ходимлар билан ҳисоблашиш /en/publish/doc/text193937_rezidentlik_sertifikati_qr-kodsiz_bulganda