Доимий муассасани солиқ органларида қандай ҳисобга қўйиш керак

preview

Чет эл компанияси, яъни норезидент Ўзбекистонда 183 кундан ортиқ муддат тижорат фаолиятини амалга оширса, у Ўзбекистонда доимий муассаса сифатида ҳисобга қўйилиши лозим . Қонунчиликнинг ушбу талабини қандай бажариш ҳақида Солиқ қўмитаси мутахассислари гапириб беришди.

 

Муҳим тушунтиришларни ўтказиб юбормаслик учун бизнинг телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

– Норезидентлар Ўзбекистоннинг солиқ органларида доимий муассаса сифатида масофадан туриб электрон шаклда ҳисобга қўйилиши мумкин. Бу қандай амалга оширилади:

1. Soliq.uz сайтини очинг ва «Норезидентларни рўйхатдан ўтказиш» хизматини танланг;

 

2. «Норезидентни доимий муассаса сифатида ҳисобга қўйиш»ни танланг;

3. «Ташкилот тўғрисида ахборот» қўшимча саҳифасини танланг ва шаклни тўлдиринг:

  • «Ташкилотнинг тўлиқ номи (лотин ёзувида)» сатрида «doimiy m» ва улардан кейин қўштирноқда ташкилот номини кўрсатинг;
  • «Ташкилотнинг қисқача номи (лотин ёзувида)» сатрида доимий муассасанинг қисқача номини кўрсатинг;
  • «Норезидент мамлакатининг номи» сатрида чиқиб келадиган тавсиядан ташкилотингиз рўйхатдан ўтказилган мамлакатни танланг;
  • «Рўйхатдан ўтказиш рақами» сатрида, агар мавжуд бўлса, резидентлик мамлакатида рўйхатдан ўтказиш рақами киритилади;
  • «Рўйхатдан ўтказиш мамлакатида СТИР» сатрида рўйхатдан ўтказиш мамлакатидаги ташкилотингиз СТИРни кўрсатинг;
  • «Фаолият амалга ошириладиган манзил» бўлимида тегишли сатрларда чиқиб келадиган тавсиялардан доимий муассаса Ўзбекистонда фаолиятни амалга ошираётган вилоят, туман ва маҳаллани танланг. Доимий муассасанинг почта адреси ва электрон почта манзилини бунинг учун мўлжалланган сатрларга ёзинг. Шунингдек, тегишли сатрда чиқиб келадиган тавсиядан танлаган ҳолда, доимий муассаса Ўзбекистонда амалга ошираётган асосий фаолият турини кўрсатинг.

 

Buxgalter.uz тавсия қилади
Электрон почтани кўрсатиш чоғида эътиборли бўлинг. Агар сиз хато қилган бўлсангиз, аризангизни кўриб чиқиш натижалари тўғрисида ахборотни олишингиз мумкин эмас.

 

  • «Юридик шахснинг вакили» бўлимида тегишли сатрларда доимий муассаса вакилининг ЖШШИР, Ф. И. Ш., телефон рақамини кўрсатинг. Ўзбекистон фуқароси ҳамда чет эл фуқароси вакил бўлиши мумкин. Агар вакил – чет давлат фуқароси бўлса ва ҳали Ўзбекистонда ЖШШИР олмаган бўлса, уни олиш учун Давлат хизматлари марказига мурожаат қилиш лозим. Фақатгина вакилнинг ЖШШИРни кўрсатган ҳолда доимий муассасани ҳисобга қўйиш мумкин;
  • «Контракт тўғрисида ахборот» бўлимида тегишли сатрда контракт бўйича ташкилот СТИРни кўрсатинг, «Контрактда ташкилот номи» сатри эса автоматик тарзда тўлдирилади. Шунингдек, тегишли сатрларда шартнома рақами, шартномани амал қилиш муддати ва контракт суммасини сўмда кўрсатинг.

Аризага қуйидаги ҳужжатларни бириктиринг:

1. Норезидент бўлган юридик шахснинг таъсис этилган жойда давлат рўйхатидан ўтказилганлигини тасдиқловчи ҳужжат скани (солиқ тўловчининг шахсий рақами кўрсатилган ҳолда). Ушбу ҳужжат ўзбек тилига таржима қилиниб, нотариал тасдиқланган бўлиши керак;

2. Доимий муассаса вакили ҳужжатининг (паспорт) скани;

3. Ўзбекистон Республикасида норезидент бўлган юридик шахснинг номидан ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқини тасдиқловчи ваколатли шахснинг ишончномаси ёки бошқа ҳужжатларнинг (улар мавжуд бўлган тақдирда) скани. Бу ҳам  ўзбек тилига таржима қилиниб, нотариал тасдиқланган бўлиши керак.

Шаклни тўлдиргандан сўнг «Аризани юбориш» тугмасига икки марта босинг. Агар сиз хатога йўл қўйган бўлсангиз, тизим бу ҳақда хабар беради.

Ариза бир сутка ичида кўриб чиқилади. Кўриб чиқиш натижалари аризада кўрсатилган электрон почтага юборилади. Ҳисобга қўйиш рад этилган тақдирда бунинг сабаби кўрсатилади, уни бартараф этган ҳолда аризани такроран бериш мумкин.

 

Манба

 

 

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади

 

 

 

Доимий муассасаларни солиққа тортиш Доимий муассасаларни солиққа тортиш Доимий муассасаларни солиққа тортиш /en/publish/doc/text196667_doimiy_muassasani_soliq_organlarida_qanday_hisobga_quyish_kerak