Полезное для бухгалтера в ноябре:
Фойда солиғи бўйича ҳисобот шаклларига қўшимчалар киритилди
My.soliq.uzда фойда солиғи бўйича ҳисобот шаклларининг янги пакети жойлаштирилди 10205_43. Фойда солиғи ҳисоб-китобига 2.1 (a) ва 2.1 (б)-иловаларга ишлаб чиқарувчилар ва ишлаб чиқариш, ишлар бажариш ва хизмат кўрсатиш учун амалга оширилган харажатлар бўйича тузатишларга мўлжалланган янги 021, 031, 0903-сатрлар қўшилди. Ҳисоботни топшириб бўлганлар нима қилишлари керак?
Фойда солиғи ҳисоб-китобига 2.1 (a) ва 2.1 (б)-иловалардаги 021-сатр жорий даврда товарлар, ишлар ва хизматларни ишлаб чиқариш харажатларини акс эттириш учун мўлжалланган, айнан:
- хом ашё ва материаллар;
- меҳнатга ҳақ тўлаш харажатлари, шу жумладан ижтимоий солиқ бўйича харажатлар;
- асосий воситалар ва номоддий активларнинг амортизацияси;
- бошқа ишлаб чиқариш харажатлари.
Фойда солиғи ҳисоб-китобига 2.1 (a) ва 2.1 (б)-иловаларнинг 031-сатри қуйидагиларни акс эттириш учун мўлжалланган:
- ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўладиган чиқиндиларни ТМЗ таркибига қайтариш;
- ҳайвонларни ўстириш ва боқиш учун амалга оширилган жорий харажатларни ҳайвонларнинг таннархига (ўсиши ва вазн ортиши) киритиш;
- ўзида ишлаб чиқарилган ярим тайёр маҳсулотларни операциялараро омборларга кирим қилиш;
- асосий ишлаб чиқаришда аниқланган тузатиб бўлмайдиган яроқсиз маҳсулотлардан йўқотишларни ҳисобдан чиқариш;
- асосий ишлаб чиқаришда аниқланган моддий бойликларнинг камомади;
- табиий офатлар, ёнғинлар ва ҳоказо натижасида тугалланмаган ишлаб чиқаришдан йўқотишларни ҳисобдан чиқариш.
0903-сатри ўзида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни ярим тайёр маҳсулотлар ҳолатида ёки хом ашё ва материаллар ҳолатида реализация қилишни акс эттириш учун мўлжалланган.
Фойда солиғи ҳисоб-китобига 2.1 (а)-илованинг янги сатрлари.
Фойда солиғи ҳисоб-китобига 2.1 (б)-илованинг янги сатрлари.
Фойда солиғи ҳисоб-китобига 2.1 (а) ва 2.1 (б) иловалар фақат йил якунлари бўйича тўлдирилади.
2023 йил якунлари бўйича ушбу иловалар биринчи марта тўлдирилади. Иловалар шакллари кўп сонли солиқ тўловчиларнинг илтимосларига жавоб тарзида ҳисоботларни топшириш жараёнида такомиллаштирилади.
10 кун аввал иловаларга тайёр маҳсулотлар ва қайта сотиш учун сотиб олинган товарлар билан боғлиқ 07011, 07012, 07021 ва 07022-сатрлар қўшилганди. Ўша пайтда ушбу ўзгартиришлар муносабати билан пакетга янги код (10205_42) берилган.
2023 йил учун фойда солиғи бўйича ҳисоботни топшириб бўлганлар ва сатрлар мавжуд бўлмаганлиги боис рақамларни мослаштирганлар қандай йўл тутишлари лозим?
Солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА маслаҳат беради:
«Агар сизда янги сатрларда акс эттирадиган кўрсаткичлар мавжуд бўлса ва сиз ҳисоботни топшириб бўлган бўлсангиз, 2023 йил учун Фойда солиғи ҳисоб-китобини қайта топширган маъқул. Ушбу сатрларсиз сиз ҳисоботни мослаштиришингизга, демак, маълумотларни бузиб кўрсатишингизга тўғри келган. Солиқчилар сизга ушбу кўрсаткичлар бўйича ҳали саволлар беришлари эҳтимоли катта. Ахир бежиз шаклдаги камчиликларни ҳисоботлар мавсумида бартараф этишмаяпти – ушбу шакллар пухта ишланмаганлиги туфайли бюджет маблағларни тўлиқ олмаяпти. Ҳар қандай ҳолда маълумотларнинг бузиб кўрсатилишида сиз айбингиз йўқлигини исботлашингизга тўғри келади.
Сатрларнинг қўшилиши натижасида шакллар кўп сонли солиқ тўловчиларнинг корхонадаги воқеликни акс эттириш бўйича сўровларига жавоб беради. Шу билан бирга, фойда солиғи бўйича солиқ ҳисоботи шаклларига баъзилар учун бошқа ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши лозим. Бундай эҳтиёжлар ҳақида Солиқ қўмитасига ҳар қандай усуллар билан хабар беришни тавсия қиламан.
Шакллар 1 мартгача – 2023 йил учун Фойда солиғи ҳисоб-китобини топширишнинг сўнгги муддатига қадар яна бир бор қайта кўриб чиқилишининг эҳтимоли кам. Бизнес фойда солиғи бўйича ҳисоботни молиявий ҳисоботни топширгунга қадар, яъни 15 февралгача (молиявий ҳисоботни топширишнинг сўнгги куни) топширишга ҳаракат қилади. Шунга қарамай, Солиқ қўмитасида фойда солиғи бўйича солиқ ҳисоботи шаклларини янада такомиллаштириш учун база шаклланади.
Агар кейинчалик шакллардаги камчиликлар солиқчилар сизга саволлар билан мурожаат қилишига сабаб бўлса, ўз ҳаракатларингизни зарур сатрлар мавжуд эмаслиги билан асослашга тўлиқ ҳуқуқингиз бор».
Солиқ солиш мақсадлари учун харажатлар моддаларини тўғри аниқлаш ва ҳисоботни тўлдиришда сизга Buxgalter Proдан экспертларнинг тушунтиришлари ёрдам беради:
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади