Фойда солиғи ҳисоб-китобида 2.1 (а) ва 2.1 (б) иловаларни тўлдириш учун таннархни ҳисоблашнинг қайси усулини танлаш керак

preview

Солиқ тўловчилар 2025 йил 1 мартга қадар «Солиқ ҳисоби маълумотлари бўйича харажатлар (зарарлар)» 2.1-иловасини тўлдирган ҳолда 2024 йил учун Фойда солиғи ҳисоб-китобини топширишлари керак.

Бунда нималарга алоҳида эътибор қаратиш кераклигини buxgalter.uz илтимосига кўра солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА тушунтириб берди:

Янги материалларни биринчилардан бўлиб ўқишни истасангиз – бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

– 2.1-илова «Солиқ ҳисоби маълумотлари бўйича харажатлар (зарарлар)» таркибида иккита алоҳида илова мавжуд:

  • 2.1 (а) Тўғридан-тўғри харажатлар моддалари бўйича товарлар (хизматлар) таннархини ҳисоблаш (ўз маҳсулоти,шу жумладан хизматлар натижалари, сотиб олинган товарлар);
  • 2.1 (б) Товарлар (хизматлар) таннархини тўғридан-тўғри харажатлар (ўз маҳсулоти, шу жумладан хизматлар натижалари, сотиб олинган товарлар) суммаси бўйича ҳисоблаш.

Солиқ тўловчи улардан бирини тўлдириши керак бўлади - қўлланиладиган таннархни ҳисоблаш усулига қараб усулни аниқлаши керак эди.

2024 йил учун солиққа тортиш мақсадида ҳисоб сиёсатини тасдиқлаш пайтидаёқ усулни аниқлаш ва ҳисобот билан ишлашни осонлаштириш учун бутун йил давомида ушбу усулга амал қилиш керак эди. 2.1, 2.1 (а) ва 2.1 (б) -иловалар фақат йил якунлари бўйича тўлдирилади.

2.1 (а)-иловани бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисобот бўйича ҳисоб сиёсатида ишлаб чиқариш харажатлари моддалари асосида бухгалтерия ҳужжатларини расмийлаштирадиган солиқ тўловчилар тўлдирадилар. У кўпроқ тугалланмаган ишлаб чиқариш қолдиқларига эга бўлган, узоқ технологик циклга эга бўлган ишлаб чиқариш, қурилиш ва бошқа корхоналарга мос келади. Бухгалтерларга бухгалтерия ҳисоби бўйича маҳсулот (ишлар, хизматлар) нинг ишлаб чиқариш таннархига киритиладиган харажатлар таркибига (Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатлари таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомга қаранг) ва 4-сон БҲМС бўйича таннархни ҳисобга олиш усулига эътибор қаратишни тавсия қиламан.

2.1 (б) иловани бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисобот бўйича ҳисоб сиёсатида кўрсатилган ишлаб чиқариш харажатларининг умумий суммаси кўрсаткичлари асосида бухгалтерия ҳужжатларини расмийлаштирувчи солиқ тўловчилар тўлдирадилар. Ушбу шаклни тўлдириш осонроқ (унда катаклар сони камроқ) ва у тугалланмаган ишлаб чиқаришга эга бўлмаган корхоналар, шу жумладан савдо, хизмат кўрсатиш корхоналари учун кўпроқ мос келади.

Дастлаб 2.1 (а) ёки 2.1 (б) илова Фойда солиғи ҳисоб-китобининг «Бухгалтерия ҳисоби» 3-устунини тўлдиринг. Кейин ушбу маълумотлар асосида сизда солиқ ҳисоби ҳужжатлари ва регистрлари борлигини ва улар бухгалтерия ҳисоби маълумотларидан фарқ қилишини ҳисобга олган ҳолда 4 ёки 6-устунларга тегишли устунларни шакллантиринг.

Хусусан, фарқларга мисол тариқасида тафовутларни келтиришим мумкин:

  • амортизация бўйича - солиқ ҳисоби учун бухгалтерия ҳисобидан фарқ қиладиган усул танланган, шунингдек, амортизациянинг бошланиш ва тугаш саналарига таъсир қилиши мумкин;
  • импорт шартномалари бўйича харид қилинган ТМБни баҳолаш бўйича - импорт товари харид қилинган ва шартнома шартлари бўйича норезидент етказиб берувчига бўнак тўланган.

Эътибор беринг

Фойда солиғи бўйича ҳисоб-китобни тўлдираётганда, танланган усулни Ҳисоб-китобнинг биринчи саҳифасида кўрсатишни унутманг ва унинг ёнига «1» рақамини қўйинг. Агар шундай қилинмаса, ҳисобот юборилмайди, тизим «105-хато» ҳақида хабар беради.

 

Buxgalter.uz тавсия қилади:

2.1 (а) ва 2.1 (б) -иловаларни тўлдириш ва солиқ солиш мақсадлари учун харажатлар моддаларини тўғри аниқлашда Buxgalter Pro экспертларининг тушунтиришлари сизга ёрдам беради:

 

 


Фойда солиғи Фойда солиғи Фойда солиғи /uz/publish/doc/text196061_foyda_soligi_hisobotini_topshirishda_tannarh_hisob-kitobining_qaysi_usulini_tanlash_kerak