2026 йилда мол-мулк солиғида нималар ўзгаради

preview

Солиқ кодексига 25.12.2025 йилдаги ЎРҚ-1108-сон Қонун билан киритилган ўзгартиришларни ўрганишда давом этамиз.

Мулк солиғи қисмидаги ўзгаришларни buxgalter.uz илтимосига биноан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Солиқ-божхона сиёсати бошқармаси бошлиғи Ашрафхон САЛОҲИДДИНОВ тушунтирди:

Қонунчиликдаги муҳим ўзгаришларни ўтказиб юбормаслик учун Телеграм каналимизга обуна бўлинг.

 

Юридик шахслар учун:

1. Бино ва иншоотлар бўйича энг кам қиймат оширилди.

Давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган бинолар ва иншоотлар бўйича солиқ базаси 1 квадрат метр учун мутлақ қийматда белгиланган энг кам қийматдан паст бўлиши мумкин эмас.

2026 йилдан бошлаб энг кам қиймат оширилди :

  • Тошкент шаҳрида – 3,3 млн сўмдан 3,53 млн сўмгача;
  • Нукус шаҳри ва вилоят марказларида – 2,2 млн сўмдан 2,35 млн сўмгача;
  • бошқа шаҳарлар ва қишлоқ жойларда – 1,3 млн сўмдан 1,39 млн сўмгача.

 

2. Камайтирилган солиқ ставкаси оширилди.

Қуйидагиларга нисбатан солиқ ставкаси 0,65%дан  0,7%гача оширилди :

  • умумий фойдаланишдаги темир йўллар, магистраль қувурлар, алоқа ва электр узатиш линиялари, шунингдек кўрсатиб ўтилган объектларнинг ажралмас технологик қисми бўлган иншоотлар;
  • Вазирлар Маҳкамасининг консервация қилиш тўғрисидаги қарори қабул қилинган кўчмас мулк ва қурилиши тугалланмаган объектлар.

 

3. Солиқ имтиёзларини қўллаш шартлари жорий этилди.

Солиқ имтиёзлари ўтган календарь йил якунлари бўйича қуйидаги шартлар бир вақтнинг ўзида бажарилганда қўлланилади :

  • товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган жами даромад мол-мулк солиғи ва (ёки) ер солиғи бўйича фойдаланилган имтиёз суммасидан ошса;
  • ходимларнинг ўртача йиллик сони 3 кишидан кам бўлмаганда ҳар бир ходимга ҳар ойда МҲТЭКМнинг 2 бараваридан кам бўлмаган миқдорда иш ҳақи ҳисобланади.

Ушбу шартларни белгилашда қуйидагилар ҳисобга олинади:

  • тақдим этилган аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи;
  • охирги 12 ой учун товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича айланма (агар календарь йил якунлари бўйича ҳисобот тақдим этиш муддати келмаган бўлса).

Эътибор беринг

Календарь йили давомида янгидан ташкил этилган ташкилотларга ва янги имтиёзларга нисбатан ушбу шартлар кейинги календарь йил якунлари бўйича қўлланилади (қайта ташкил этилган юридик шахслардан ташқари).

 

Бу шартлар қўлланилмайди:

  • тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестициялар иштирокидаги юридик шахсларга;
  • маҳсулот тақсимоти тўғрисидаги битим иштирокчиларига;
  • нотижорат ташкилотларга;
  • бюджет ташкилотларига;
  • ягона иштирокчилари ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари бўлган, ходимларининг умумий сонида ногиронлиги бўлган шахслар камида 50 фоизни, ногиронлиги бўлган шахслар меҳнатига ҳақ тўлаш фонди эса – умумий меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг камида 50 фоизини ташкил этадиган юридик шахсларга;
  • 2026 йил 1 январга қадар махсус иқтисодий зона иштирокчиси мақомини олган юридик шахсларга.

Қайд этилган қоидаларни қўллаш тартибини Вазирлар Маҳкамаси қўшимча равишда белгилайди. У 2027 йилдан бошлаб 2026 йил якунига қадар қўлланилади (25.12.2025 й. ЎРҚ-1108-сон 9-м. 3-қ.).

Эътибор беринг

Юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича ҳисоботлар солиқ органлари томонидан проактив тартибда – уларнинг ахборот тизимида мавжуд бўлган ва солиқ тўловчи (солиқ агенти) томонидан шахсий кабинетдаги интерактив хизматга киритилган маълумотлар асосида электрон шаклда шакллантирилади.

Агар солиқ органлари томонидан шакллантирилган ҳисобот маълумотлари солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) ҳисобга олиш ҳужжатларидан фарқ қилса, солиқ тўловчи (солиқ агенти) ҳисоботни 5 кун ичида, лекин уни топшириш муддатидан кечиктирмай тузатади ва тақдим этади.

Ушбу муддатда солиқ органлари томонидан шакллантирилган ҳисоботга тузатишлар киритилмаганлиги солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) унга розилигини билдиради. Ҳисобот солиқ органлари томонидан қандай шаклда тузилган бўлса, шундай тақдим этилган ҳисобланади.

Ҳисобот тақдим этиш тартибини ҳам Вазирлар Маҳкамаси қўшимча равишда белгилайди .

 

Жисмоний шахслар учун:

Солиқ ставкалари ўртача 7% га оширилди ва қуйидаги миқдорларда белгиланди :

Т/р

Солиқ солиш объектлари

Солиқ ставкалари, %

1.

Турар жойлар ва квартиралар, дала ҳовли иморатлари (умумий майдони 200 кв. м гача бўлганлари ҳам киради), кўп квартирали уй билан узвий боғлиқ бўлган машина-жой, шунингдек бошқа иморатлар, хоналар ва иншоотлар

0,36

2.

Шаҳарларда жойлашган умумий майдони қуйидагича бўлган уйлар ва квартиралар:



200 кв. м дан ортиқ 500 кв. м гача

0,48


500 кв.м дан ортиқ

0,64

3.

Бошқа аҳоли пунктларида жойлашган, майдони 200 кв. метрдан ортиқ бўлган уйлар ва квартиралар, дала ҳовли иморатлари

0,48

4.

Тадбиркорлик фаолияти учун фойдаланиладиган ёхуд юридик шахсга ёки якка тартибдаги тадбиркорга ижарага бериладиган солиқ солиш объектлари, шунингдек тадбиркорлик фаолияти ва (ёки) даромадлар олиш учун мўлжалланган, яшаш учун мўлжалланмаган кўчмас мулк объектлари

1,5;

(ставка ўзгармади)

 

 

Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /en/publish/doc/text212847_2026_yilda_mol-mulk_soligida_nimalar_uzgaradi