Чет эл компанияси сайтга бепул кириш имкониятини тақдим этса, солиқ оқибатлари қандай бўлади

preview

“Корхона – ҚҚС тўловчиси. Норезидент бўлган чет эл компанияси унга шартнома асосида сайтга кириш учун бепул лицензия тақдим этади.

Бу вазиятда корхонада фойда солиғи ва ҚҚС тўлаш бўйича мажбурият юзага келадими?”

Buxgalter.uz илтимосига биноан саволга “Assistance In Tax” солиқ маслаҳатчилари ташкилоти директори Радмила КАРИМОВА ва “Норма” эксперти Ирина АХМЕТОВА жавоб беришди:

 

Амалиётчи мутахассисларнинг тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун бизнинг телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

Фойда солиғи

Солиқ тўловчи томонидан текин олинган мол-мулк ва (ёки) хизматлар солиқ тўловчининг даромади деб эътироф этилади .

Мол-мулкни (хизматларни) текин асосда олиш чоғида олувчининг даромадлари ушбу мол-мулкнинг (хизматнинг) бозор қийматидан келиб чиққан ҳолда аниқланади .

 

ҚҚС

Мазкур вазиятда ҚҚС юзага келиш ёки келмаслигини аниқлаш учун қуйидаги саволларга жавоб бериш керак:

Ўзбекистон чет эл компаниясидан олинган хизматларнинг реализация қилиш жойи ҳисобланадими? Мазкур хизматлар электрон хизматлар жумласига кирадими? (электрон шаклда кўрсатиладиган).

Сайт материалларидан (ёки унинг ҳамма фойдалана олмайдиган, пуллик ресурсларидан) фойдаланиш ҳуқуқини тақдим этиш электрон шаклдаги хизматлар жумласига киради .

Умумий қоидага кўра, хизматларни реализация қилиш жойи уларнинг харидори фаолиятни амалга оширадиган жой ёки турган жойи бўйича аниқланади . Яъни у давлат рўйхатидан ўтказилган жой бўйича ёки у мавжуд бўлмаган тақдирда:

  • корхонанинг таъсис ҳужжатларида кўрсатилган жой;
  • бошқариш жойи;
  • доимий муассасаси жойлашган жой (агар хизматлар у орқали олинган бўлса);
  • жисмоний шахснинг яшаш жойи асосида.

Электрон шаклдаги хизматларни реализация қилиш жойи ҳам харидор фаолиятни амалга оширадиган жой бўйича аниқланади . Бу шуни англатадики, Ўзбекистонда турган ёки фаолиятни амалга ошираётган шахслар томонидан сотиб олинган (олинган) электрон хизматларга Ўзбекистонда ҚҚС солинади.

Бепул хизматлар кўрсатиш, шу жумладан мол-мулкни солиқ тўловчининг бепул фойдаланиши учун бериш, бундан шундай хизматларни кўрсатиш иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайдиган ҳоллар мустасно, ҚҚСни ҳисоблаб чиқариш мақсадларида реализация қилиш бўйича айланма ҳисобланади .

Агар сайтга бепул киришни тақдим этиш иқтисодий жиҳатдан ўзини оқласа, ҚҚС юзага келмайди.

Иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлашини сайтга бепул киришни тақдим этиш расмийлаштирилган ҳужжатлар асосида исботлаш мумкин. Сизнинг вазиятингизда бу - шартнома бўлиши мумкин.

Бепул хизматлар кўрсатиш қуйидаги шартлардан ҳеч бўлмаганда бирига риоя этилганда иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайди деб эътироф этилади :

а) даромад олишга қаратилган фаолиятни амалга ошириш мақсадида ишлаб чиқарилган бўлса;

б) тадбиркорлик фаолиятини сақлаш ёки ривожлантириш учун зарур бўлса ва харажатларнинг тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқлиги асослантирилган бўлса;

в) қонунчиликнинг қоидаларидан келиб чиқса.

Агар шартномадан келтириб ўтилган иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаш шартларидан ҳеч бўлмаганда бири келиб чиқса, бепул хизматлар кўрсатиш реализация қилиш бўйича айланма ҳисобланмайди.

Ўзгача ҳолда корхона солиқ агенти сифатида норезидентдан олинган хизматлар қийматига ҚҚС ҳисоблаши керак . ҚҚС бўйича солиқ базаси бозор қийматидан келиб чиққан ҳолда аниқланади .

Солиқнинг тўланганлигини тасдиқловчи тўлов ҳужжати ҳисобга олишнинг бошқа шартларига риоя қилинган тақдирда, тўланган солиқ суммасини ҳисобга киритиш ҳуқуқини беради .