Фойда солиғи ҳисоб-китоби илк бор қандай топширилади

preview

Фойда солиғи ҳисоб-китобини тузишни нимадан бошлаш керак? Қандай кўрсаткичларни акс эттириш талаб этилади? Кўп сонли сатрлар ва иловаларни қандай қилиб тўғри тўлдириш мумкин? Солиқ маслаҳатчиси Гулнора Эргашеванинг материалидан шу саволларга жавоб топасиз.

Аввалига 2-сон шакл «Молиявий натижалар тўғрисида ҳисобот»ни (бундан кейин – МНҲ) шакллантиринг.

Бунинг учун:

  • барча бухгалтерия операцияларини қайд этинг;
  • реализация қилинган маҳсулотлар (товарлар, ишлар, хизматлар)нинг ишлаб чиқариш таннархини шакллантиринг;
  • даврнинг барча даромадлар ва харажатлар счётларини якуний молиявий натижага ёпинг.

Буни Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатлари таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомга (ВМнинг 5.02.1999 йилдаги 54-сон қарори) риоя этган ҳолда амалга оширинг.

МНҲда барча даромад ва харажатларни жамлагач, 240-сатр «Фойда солиғини тўлагунга қадар фойда (зарар) (сатр 220+/–230)» «+» (фойда) ёки «–» (зарар) билан чиқиши мумкин. Тегишинча, Ҳисоб-китобнинг 010-сатрида фойда ёки зарар суммаси («–» белгиси билан) акс эттирилади.  

Бироқ зарар кўрган бўлсангиз, бу фойда солиғини тўламаслигингизни англатмайди.

Масалан, 2-сон шаклда акс эттирилмайдиган, бироқ Ҳисоб-китобда акс эттириш зарур бўлган даромадларингиз бўлиши мумкин:

  • текин олинган мол-мулк ва мулкий ҳуқуқлар – Ҳисоб-китобнинг 030-сатри, у айнан шундай номланади – «Солиқ тўловчи томонидан бошқа шахслардан текин олинган мол-мулк, мулкий ҳуқуқлар, ишлар ва хизматлар»;
  • маҳсулотлар (товарлар, ишлар ва хизматлар) таннархидан паст баҳода реализация қилиниши – Ҳисоб-китобнинг 020-сатри «Товарларни (ишларни, хизматларни) таннархидан паст баҳоларда реализация қилишдан ва текин беришдан кўрилган зарарлар». Бу ерда бухгалтер маҳсулотлар (товарлар, ишлар ва хизматлар)нинг ишлаб чиқариш таннархини тўғри ҳисоблаши ва уни ҳисобварақ-фактуранинг ҳар бир позициясидаги реализация қилиш қиймати билан солиштириши муҳим аҳамиятга эга. Ушбу кўрсаткичлар тўғри, Ҳисоб-китобда ҳам, ҚҚС ҳисоб-китобида ҳам бир хил акс эттирилган бўлиши шарт;
  • ижарага берувчида – ижара ҳақининг энг кам ставкаларидан келиб чиқиб ҳисобланган ижара ҳақи миқдорининг ижара шартномасида белгиланган ижара ҳақи миқдоридан ошган суммаси. Бу сумма Ҳисоб-китобнинг 040-сатрида акс эттирилиши керак.

Бундан ташқари, фойда солиғи учун «чегирилмайдиган харажатлар» – Ҳисоб-китобнинг 050-сатри муҳим аҳамиятга эга. Ушбу позиция Ҳисоб-китобга 2-илованинг 010-сатри асосида автоматик равишда тўлдирилади. Чегирилмайдиган харажатларни жамлаш учун корхонанинг барча харажатларини бир гуруҳга йиғиб, уларни таҳлил қилинг ва Солиқ кодексининг 147-моддасини қўлланг. 

Корхонангизда дивидендлар ва фоизлар тарзидаги даромадлар мавжуд бўлса, бухгалтерия ҳисобида, тегишинча, МНҲда ушбу даромадлар қуйидагича акс эттирилишига эътибор беринг:

  • дивидендлар (фоизлар) ҳисобланди – Дт 4840 (4830) Кт 9520 (9530) – 100 млн сўм;
  • дивидендлар (фоизлар) олинди – Дт 5110 (5530) Кт 4840 (4830) – 95 млн сўм (тўлов манбаида ушлаб қолинган солиқ суммасини чегирган ҳолда, 2019 йилда резидентлар учун – 5%);
  • дивидендлар (фоизлар) тарзидаги даромадларга солиқ ҳисобланди – Дт 9820 Кт 6410 – 5 млн сўм;
  • тўлов манбаида тўланган дивидендлар (фоизлар) бўйича солиқ ҳисобга олинди – Дт 6410 Кт 4830 – 5 млн сўм.

Ҳисоб-китобда бундай даромадларни 070-сатр «Олиниши лозим бўлган (олинган) дивидендлар ва фоизлар – жами (071-сатр + 072-сатр)»да дивидендлар ва фоизлар бўйича солиқни чегирмасдан ҳисобланган (олиниши лозим бўлган) даромад суммасида акс эттиринг. Бизнинг мисолда – 100 млн сўм. Ушбу даромадларга тўлов манбаида солиқ солиниши лозим эканлиги боис уларнинг суммаси солиқ солинадиган фойдадан чегирилади (Ҳисоб-китобнинг 080-сатри формуласи: (010-сатр – 011-сатр + 020-сатр + 030-сатр + 040-сатр + 050-сатр + 060-сатр – 070-сатр)).

Корхона фойда солиғи бўйича имтиёзларга эга бўлса, уларни Ҳисоб-китобга 4-иловада (030-сатр 3-устун) акс эттиринг, улар автоматик равишда Ҳисоб-китобнинг 090-сатрида қайд этилади.

Ҳисоб-китобнинг 010–090–сатрлари тўлдирилгандан кейин солиқ солинадиган база кўрсаткичи – Ҳисоб-китобнинг 100-сатри автоматик равишда ҳисобланади. Фойда солиғи ставкасини (12%, Ҳисоб-китобнинг 110-сатри) кўрсатганингиздан сўнг солиқ суммаси автоматик равишда ҳисобланади (Ҳисоб-китобнинг 120-сатри).

Корхона ногиронлар меҳнатидан фойдаланса, Ҳисоб-китобга 4-иловада илгари акс эттирилган имтиёз кўрсаткичидан келиб чиқиб, Ҳисоб-китобнинг 130-сатрида солиқ суммасига автоматик равишда тузатиш киритилади.

Алоҳида бўлинмалар мавжуд бўлганда Ҳисоб-китобнинг 141-сатри «Алоҳида бўлинмалар жойлашган жой бўйича (Алоҳида бўлинмага тўғри келадиган фойда солиғи суммаси ҳисоб-китобидан келиб чиққан ҳолда)»ни қўлда тўлдиринг.

Ҳисоб-китобни тўлдираётганда унга берилган изоҳларга албатта эътибор беринг. Эҳтимол, уларнинг айримлари корхонангизга тааллуқлидир.

Ҳисоб-китоб йил бошидан ортиб борувчи якун билан тўлдирилади. Кейинчалик тузатилган ҳисоб-китобларни топширмаслик ва шу сабабли таваккалчиликларни таҳлил қилиш тизимига тушиб қолмаслик учун барча кўрсаткичларни дарҳол ҳисобга олинг ва тўғри қайд этинг.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг I чораги учун фойда солиғи 2019 йил 25 апрелдан кечиктирмай тўланиши керак.