III чорак учун бўнак тўловлари тўғрисидаги маълумотномани кимлар тақдим этмайди

10.07.2020

Хўжалик фаолияти қисқартирилган шароитда фойда солиғини тўловчиларга бўнак тўловларини аввалги чорак якунлари асосида эмас, балки бўнак тўловлари тўғрисидаги маълумотномани тақдим этиш орқали кутилаётган солиқ солинадиган фойдадан келиб чиқиб тўлаш ҳуқуқи берилди . 

«Норма» эксперти Олег ЦОЙ III чорак учун бундай маълумотномани кимлар қандай ҳолларда тақдим этишлари керак эмаслиги, қандай қилиб бўнак тўловларини корхонага зарар келтирмайдиган қилиб тўлаш мумкинлиги ҳақида гапириб берди.

Бўнак тўловларини кимлар тўлайди

1. 2019 йилдаги жами даромади киритилган тузатишлар ҳисобга олинган ҳолда 5 млрд сўмдан ошадиган солиқ тўловчилар тўловларни ҳисобот чораги ҳар бир ойининг 23-кунидан кечиктирмай тўлайди . Солиқ тўловчиларнинг ушбу тоифаси 2020 йил мобайнида жами даромад ҳажмлари камайган тақдирда ҳам уларни тўлайди. 

2020 йил якунларига кўра бундай солиқ тўловчининг жами даромади 5 млрд сўмдан ошмаса, у 2021 йилдан бошлаб бўнак тўловларини тўламасликка ҳақли бўлади.

2. 2020 йил мобайнида жами даромади 5 млрд сўмдан ошган корхоналар уларни бундай ошиб кетиш содир бўлган тўлиқ чорак ўтганидан кейин тўлайди. Ушбу қоида янгидан ташкил этилган корхоналарга ҳам тааллуқли .

Бўнак тўловлари суммаси солиқ органлари томонидан аввалги чорак кўрсаткичларидан келиб чиқиб аниқланади.

Диққат

Қуйидагилар жами йиллик даромад миқдоридан қатъи назар, бўнак тўловларини тўламайдилар:

  • бюджет ташкилотлари;
  • ННТ, истеъмол кооперативлари бундан мустасно .

 

Вазият
2019 йилда ташкил этилган корхона учун бўнак тўловлари
Корхона 2019 йил 1 июлда ташкил этилган. 01.07.2019 йилдан 30.06.2020 йилгача бўлган даврдаги жами даромади 5 млрд сўмдан ошган. Фойда солиғи бўйича бўнак тўловларини тўлашга ўтиши керакми?
Бу саволга жавоб бериш учун қуйидаги даврлардаги жами даромад кўрсаткичларини алоҳида кетма-кетликда кўриб чиқиш лозим:
  • 01.07.2019 йилдан 31.12.2019 йилгача;
  • 01.01.2020 йилдан 31.03.2020 йилгача;
  • 01.01.2020 йилдан 30.06.2020 йилгача.
01.07.2019 йилдан 31.12.2019 йилгача бўлган даврда корхонанинг жами даромади киритилган тузатишлар ҳисобга олинган ҳолда 5 млрд сўмдан ошмаган бўлса, корхона 2020 йил I чорагида бўнак тўловларини тўламаслиги керак.
01.01.2020 йилдан 31.03.2020 йилгача бўлган даврда жами даромади киритилган тузатишлар ҳисобга олинган ҳолда 5 млрд сўмдан ошмаган бўлса, 2020 йил II чорагида ҳам бўнак тўловларини тўламаслиги керак. Ушбу даврдаги даромади 5 млрд сўмдан ошган бўлса, 2020 йил II чорагидан бўнак тўловларини тўлай бошлаши керак.
Ниҳоят, 01.01.2020 йилдан 30.06.2020 йилгача бўлган даврдаги корхонанинг жами даромади киритилган тузатишлар ҳисобга олинган ҳолда 5 млрд сўмдан ошмаган бўлса, 2020 йил III чорагида бўнак тўловларини тўламаслиги керак. Даромади ошган бўлса, 2020 йил III чорагидан тўлай бошлаши керак.

Маълумотномани кимлар тақдим этади

Қўллаб-қувватлаш чораси сифатида фойда солиғини тўловчилар уни аввалги чорак якунлари асосида ҳисоблаш бўйича ўрнатилган талабларни бекор қилган ҳолда, 2020 йилнинг II чорагидан бошлаб, кутилаётган ҳажмлардан келиб чиқиб фойда солиғи бўйича бўнак тўловлари суммаси тўғрисида маълумотнома тақдим этиш ҳуқуқига эга бўлдилар .

Диққат

Фойда солиғи бўйича бўнак тўловларини ҳисоблаш учун маълумотномаларни тақдим этиш сизнинг мажбуриятингиз эмас, балки ҳуқуқингиз ҳисобланади.

Сизга тақдим этилган бўнак тўловлари суммасини пасайтириш ҳуқуқини суиистеъмол қилманг. Солиқ органлари тақдим этиладиган фойда солиғи бўйича бўнак тўловлари тўғрисидаги маълумотномаларга тузатиш киритиш ваколатига эга .

Маълумотномани белгиланган муддатларда тақдим этмаган бўлсангиз, у ҳолда бўнак тўловларини СКда белгиланган тартибда, аввалги чорак кўрсаткичларидан келиб чиқиб тўлашингиз керак бўлади.

Келгусида даромад олишга кўзингиз етмаётган бўлса…

Келгуси чоракда аввалги чорак билан солиштирганда солиқ солинадиган фойда камайишини кутаётган бўлсангиз, у ҳолда бўнак тўловлари тўғрисидаги маълумотномани III чорак учун тахмин қилинаётган солиқ солинадиган фойдадан келиб чиқиб тақдим этишингиз мақсадга мувофиқ. Бу ҳолда бўнак тўловларини аввалги чорак якунлари асосида ҳисоблаш бўйича ўрнатилган талаблар бекор қилинади.

Бўнак тўловлари тўғрисидаги маълумотнома жорий ҳисобот даври биринчи ойининг 20-санасидан кечиктирмай тақдим этилади :

  • III чорак учун – 2020 йилнинг 20 июлидан кечиктирмай;
  • IV чорак учун – 2020 йилнинг 20 октябридан кечиктирмай.
Мисол
Янгидан ташкил этилган корхонанинг бўнак тўловларини тўлаши
Корхона 2020 йил январда рўйхатдан ўтказилган. I чоракдаги жами даромади 4,8 млрд сўмни, 4 ойда (январь–апрель) эса 5,1 млрд сўмни ташкил этган.
II чоракда даромади 5 млрд сўмдан ошгани сабабли корхона III чоракдан бўнак тўловларини тўлай бошлайди. Яъни дастлабки бўнак тўлови 23 июлдан кечиктирмай амалга оширилади.
Кейинги чоракда аввалги чорак билан солиштирганда солиқ солинадиган фойданинг камайиши тахмин қилинаётган бўлса, корхона III ва (ёки) IV чораклар учун бўнак тўловлари тўғрисидаги маълумотномани тақдим этиш ҳуқуқига эга.

Солиқ солинадиган фойданинг ошиши кутилаётган бўлса

III чоракда кутилаётган солиқ солинадиган фойда II чоракдаги ҳақиқий фойдадан ортиқ бўлса, III чорак учун бўнак тўловлари тўғрисидаги маълумотномани тақдим этмаслигингиз мумкин. Ушбу қоида 2020 йил IV чорагига ҳам татбиқ этилади.

Бу ҳолда бўнак тўловларини II чоракдаги ҳақиқий фойдадан келиб чиқиб тўлайсиз. III чорак якунларига кўра ҳисобланган солиқ суммаси билан тўланган бўнак тўловлари ўртасидаги фарқни 2020 йилнинг 20 октябридан кечиктирмай бюджетга тўлаш лозим.

2020 йил II чорагида умуман фойда олинмаган бўлса, III чорак учун бўнак тўловлари тўғрисидаги маълумотномани тақдим этмаган бўлсангиз, II чорак кўрсаткичларидан келиб чиққан ҳолда III чоракдаги бўнак тўловларингиз нолга тенг бўлади.

Мисол
Корхона бўнак тўловлари тўғрисидаги аълумотномани тақдим этмасликка қарор қилди
Ишлаб чиқариш корхонасининг 2019 йилдаги жами даромади киритилган тузатишлар ҳисобга олинган ҳолда 5 млрд сўмдан ошган, 2020 йилда корхона фойда солиғи бўйича бўнак тўловларини тўлайди.
2020 йил II чораги учун тақдим этилган солиқ ҳисоботига кўра фойда солиғи суммаси 135 млн сўмни ташкил этган.
Бўнак тўловларини СК бўйича тўлаш тартибига мувофиқ корхона III чоракда ҳар ой 45 млн сўм (135 : 3) миқдорида бўнак тўловларини тўлаши керак.
Корхона 2020 йил III чорагида даромадлари ошишини кутмоқда. 2020 йил III чорагида солиқ солинадиган фойда 1 200 млн сўмни, фойда солиғи 180 млн сўмни (1 200 х 15 %) ташкил этиши тахмин қилинмоқда.
Корхона III чорак учун тахмин қилинаётган фойдадан келиб чиқиб бўнак тўловлари тўғрисидаги маълумотномани тақдим этса, у ҳолда ҳар ой 60 млн сўм (180 : 3) миқдорида бўнак тўловларини тўлайди.
Давр

II чорак учун ҳисобланган

солиқ суммасидан келиб

чиқилганда бўнак тўловлари,

млн сўмда

Маълумотнома бўйича бўнак

тўловлари, млн сўмда

Июль 45 60
Август 45 60
Сентябрь 45 60
Чорак учун жами 135 180
Жадвалдан кўринганидек, корхона III чоракда II чоракдаги солиқ суммасидан келиб чиқиб бўнак тўловларини тўлагани фойдалироқ, бу 45 млн сўм (180 – 135) миқдоридаги маблағларни вақтинча бошқа мақсадларга йўналтириш имконини беради.

Корхона солиқ ҳисоботини 2020 йилнинг 20 октябридан кечиктирмай тақдим этиб, фойда солиғининг узил-кесил суммасини январь–сентябрь ойларининг якунига қараб аниқлайди.

Ҳисобот бўйича солиқ суммаси тўланган бўнак тўловларидан ортиқ бўлса, корхона шу муддат ичида фарқни қўшимча равишда тўлайди.

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал